Кўркам қиёфа касб этаётган муқаддас қадамжолар Тошкент вилоятида зиёрат туризми ривожига асос бўлмоқда

    Тошкент вилояти нафақат қулай географик жойлашуви, сўлим табиати, пурвиқор тоғлари, шунингдек, маданий ёдгорликлари, муқаддас қадамжолари билан ҳам алоҳида ажралиб туради.

    Бу ерда “Шоабдумалик ота”, “Шайх Умар Вали Боғистоний”, “Занги ота”, “Ийк ота” зиёратгоҳлари, “Гумбаз бобо” мақбараси, “Қайнаргумбаз” сардобаси, “Шоҳрухия” шаҳристони каби тарихий қадамжолар борки, улар вилоятнинг буюк ўтмиши, кўҳна ва бой маданиятидан сўзлайди. Бу эса ҳудудда зиёрат туризмини ривожлантириш учун кенг имконият яратади.

    Замонавий инфратузилма — янгича ёндашув

    Пойтахт вилояти инсоният илмий-маданий тамаддунига ҳисса қўшган Ўзбекистоннинг йирик маданий минтақаларидан бири. Қадимдан у Чоч давлати сифатида дунёга маълуму машҳур бўлган, илм-фан ва маданият, давлатчилик ривожланган.

    Вилоятдаги айрим қоятош суратлар Марказий Осиёдаги петроглифлар орасида сюжети ва композицияси жиҳатидан бетакрор ҳисобланади. Хўжакент, Қорақиясой, Бошқизилсой, Чотқол, Оҳангарон ва бошқа жойлардан топилган петроголифлар ўзига хослиги билан тадқиқотчилардан ташқари ташриф буюрувчиларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.

    Тошкент вилояти ҳудудида 828 та моддий маданий мерос объекти бўлиб, шундан 588 таси археология, 7 таси архитектура, 74 таси монументал ёдгорлик, 159 таси диққатга сазовор жойлардир. Шунингдек, 223 таси маҳаллий ва 605 таси республика аҳамиятидаги объект сирасига киради.

    Айтиш жоизки, 2016 — 2021 йиллар давомида 18 та маданий мерос объектида таъмирлаш тиклаш ишлари олиб борилди. Ушбу мақсадлар учун жами 18 миллиард 582 миллион сўм маблағ ажратилди.

    Юқори Чирчиқ туманидаги “Ийк ота” зиёратгоҳи яқин вақтларгача жуда хароб ҳолатда эди. Зиёратгоҳ 2020 йилда туман ҳокимлиги ташаббуси билан тўлиқ таъмирланиб, обод масканга айлантирилди. Жумладан, мажмуада намозхона, кутубхона қурилди, зиёратчилар учун барча шароитлар яратилди.

    Мақбара ўтмиш ва бугунги кун бунёдкорлигини ўзида уйғунлаштиргани билан эътиборни тортади. Ҳовлилар кенг ва шинам. Намозхонаси эса ёруғ ва чароғон. Бир сўз билан айтганда, ушбу маскан зиёратга келувчилар ва хорижий меҳмонлар учун замонавий сайёҳлик масканига айланган.

    Президентимизнинг 2021 йил 2 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 февралдаги “Ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакатимизнинг барча ҳудудида бўлгани каби Тошкент вилоятидаги тарихий обидаларнинг янада обод бўлиши ҳамда маҳаллий ва хорижий сайёҳларга қулай шарт-шароитлар яратишда муҳим аҳамият касб этди.

    Таъкидлаш жоизки, 2021 йилда Оққўрғон туманида жойлашган “Шомирқори авлиё” зиёратгоҳи, Бекобод туманидаги “Бузрук бува” мақбараси ва “Темиртаки ота” мажмуасида кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилди. Мақбаралар ва айвонлар барпо этилди. Зиёратгоҳлар ҳудуди ободонлаштирилди.

    Бўстонлиқ туманидаги “Шайх Умар Вали Боғистоний” ва Паркент туманидаги “Заркент ота” зиёратгоҳларида айни пайтда таъмирлаш ва тиклаш ишлари, мақбаралар қурилиши давом этмоқда.

    Шу билан бирга, 20 та моддий-маданий мерос объектига олиб борувчи йўл кўрсаткич белгилари ва 1 та электрон ҳисобга оладиган турникет, “Шоабдумалик ота”, “Зангиота” зиёратгоҳларида WI-FI нуқталари ҳамда 20 дан ортиқ объектда муҳофаза белгилари ўрнатилди.

    Шунингдек, 200 та моддиймаданий мерос объектини қайта тарихий маданий экспертизадан ўтказиш, рақамлаштирилган паспорти ва каталогини ишлаб чиқиш, уларнинг 200 тасининг қўриқланадиган теграларини белгилаш ва рақамлаштириш ишлари бажарилди.

    Вилоятда нафақат мавжуд тарихий обидаларни тиклаш ва таъмирлаш ишларига, балки янги археологик ёдгорликларни излаб топишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир. Ўтган йили олиб борилган тадқиқотлар, изланишлар натижасида Паркент туманида “Патир тепа” ҳамда Оҳангарон туманида “Маржонтепа” маданий мерос объектлари аниқланди.

    Музейлар тарихдан сўзлайди

    Музейлар — тарихдан гувоҳлик берувчи, аждодларимизнинг маънавий меросини намоён этувчи маскан. Улар ёшларнинг билим ва дунёқарашини бойитиб, қалбида Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат туйғусини кўчайтиришга хизмат қилади. Қолаверса, музейлар муайян ҳудуд тарихи бўйича одамларда яхлит тасаввур уйғотади.

    Шу нуқтаи назардан Тошкент вилоятида жойлашган бундай масканларни замон талаблари асосида таъмирлаш ва фаолиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоятда Олмалиқ шаҳар ўлкашунослик музейи, Чирчиқ шаҳар тарихи музейи, Оққўрғон тумани тарих-ўлкашунослик музей-мемориали, Ангрен шаҳар тарихи музейи, Янгийўл шаҳар Усмон Юсупов мемориал уй-музейи фаолият юритади. Улардаги жами экспонатлар сони 85156 дона бўлиб, экспозицияга қўйилганлари 1743 донани ташкил этади. Музейларни замон талабларига мослаштириш, шу орқали ташриф буюрувчилар сонини ошириш мақсадида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, ҳукуматнинг тегишли қарорига мувофиқ, 2018-2019 йиллар давомида 1 миллиард 200 миллион сўмлик давлат бюджети маблағи ҳисобидан Чирчиқ шаҳар тарихи музейи мукаммал таъмирланди.

    Ҳозирги кунда Оққўрғон тумани тарих-ўлкашунослик музей-мемориалида реконструкция ишлари давом этмоқда. Тошкент тумани тарихи музейи янгидан ташкил этилиб, унинг биноси тўлиқ таъмирланди.

    Ангрен шаҳар тарихи музейи учун 2021 — 2023 йиллар давомида 9 миллиард 270 миллион сўмлик инвестиция дастури доирасида янги бино қурилиши белгиланган. Усмон Юсупов мемориал уй-музейида ҳам мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиши, бунинг учун давлат бюджетидан 800 миллион сўмлик маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.

    Илк зиёрат туризми кластери

    Тошкент вилоятидаги “Шоҳрухия”, “Қанқа”, “Сардоба”, “Оҳангарон”, “Қорихона” каби археология маданий мерос объектлари ҳамда “Зангиота” мажмуаси ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси марказининг Сирдарё-Фарғона коридори номзодномасига киритилиш ишларини якунлаш режалаштирилган.

    Келгуси йилларда маданий мерос объектларини рақамлаштириш, емирилиш ва ёнғиннинг олдини олувчи мосламалар, хусусан, 7 объектда турникетлар, 47 та объектда табиий таъсирларнинг олдини олувчи 157 та маркер, датчик, 47 та объектда эса 418 та хавфсизлик мосламалари ўрнатилади.

    2022 йилда бюджет ва ҳомийлик маблағлари асосида 16 та маданий мерос объектини асраб-авайлашга доир ишларни амалга ошириш режалаштирилган. Хусусан, музей ва унинг филиалларида мавзуга оид экспозициялар яратилади, уларга ташриф буюрувчилар сонини ошириш мақсадида кўчма кўргазмалар сони оширилади.

    Тошкент вилояти маданий мерос бошқармаси мамлакатимиздаги илк зиёрат туризми кластерини ташкил этиш ғоясини илгари сурган эди. Ушбу туризм кластери 2022 — 2023 йилларда Оҳангарон туманида жойлашган “Шоабдумалик ота” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ташкил этилади. Мазкур маҳаллада “Шоабдумалик ота” зиёратгоҳи жойлашган. Кластерни ташкил этиш учун Тошкент вилояти Маданий мерос бошқармасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда ҳомийлар ҳисобидан 6,5 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

    — Мазкур зиёрат туризми кластерини 2023 йилгача қуриб, ишга тушириш кўзда тутилган, — дейди Тошкент вилояти Маданий мерос бошқармаси бошлиғи Мансур Исроилов. — Лойиҳа доирасида “очиқ осмон остидаги” музей, ёпиқ музей, вилоятдаги маданий мерос объектлари тўғрисида сайёҳларга уч тилда маълумот берадиган ҳамда сурдо таржимага эга ахборот маслаҳат маркази, ҳунармандлар шохобчаси, рассомлар ҳамда ҳунармандлар галереяси, суратхона, китоб расталари каби қатор туристик хизмат кўрсатиш объектлари бунёд этилади. Зиёрат туризми кластери ташкил этилиши билан вилоятда мавжуд барча археологик ёдгорликлар бўйича яхлит маълумотлар базаси шаклланади. Бу ерга келган маҳаллий ва хорижий сайёҳларга Тошкент вилоятида жойлашган тарихий обидалар ҳақида маълумот берилиши, уларнинг умумий тасаввур ҳосил қилишига хизмат қилади.

    Ўрни келганда айтиш жоизки, ўтган йили вилоятдаги маданий мерос объектларига 116 минг 650 нафардан ортиқ маҳаллий ва хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Зиёрат туризми кластерининг қурилиши билан ҳудуднинг туристик жозибадорлиги янада ортади.

    — Тошкентга борсам, шаҳарга яқин ҳудудда жойлашган “Зангиота” мақбарасини, албатта зиёрат қиламан, деб ният қилгандим, — дейди туркиялик турист, журналист-блогер Сердар Тунжер. — Шукрки, орзум ушалди. Бу зиёратгоҳ нафақат Ўзбекистон, Марказий Осиё, балки бутун ислом олами учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга табаррук маскан ҳисобланади. Зангиота ҳақида тарихий китобларда ўқиганмиз. Буюк бобокалонингиз жуда кўплаб алломаларга диний-маънавий устозлик қилган. Вафотидан сўнг у зотнинг мозори нафақат маҳаллий, балки олис минтақалардан келадиган кишилар учун ҳам зиёратгоҳга айланган. Бугунги кунда мажмуа том маънода гўзал ва обод масканга айланганига гувоҳ бўлдик. Бу ердаги иншоотлар ўзаро уйғунлашиб, яхлит манзара касб этган. Мажмуада маҳаллий ва хорижий сайёҳларга барча шароитлар яратилган. Орасталик, яшиллик, анвойи гуллар ифори одамга ўзгача кайфият бағишлайди. Буларнинг барчаси мамлакатингизда буюк аждодлар хотирасига кўрсатилаётган эҳтиром, қадимий қадамжоларни обод этиш, зиёрат туризми ривожига қаратилаётган юксак эътибор намунасидир.

    Мухтасар айтганда, бугунги кунда вилоятда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, таъмирлаш, улар жойлашган ҳудудда замонавий инфратузилма яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса тарихий обидаларни асраб-авайлаш, келажак авлодга асл ҳолида етказиш ҳамда Тошкент вилоятининг туристик салоҳиятини ошириш имконини бермоқда.

    Шаҳзод Ғаффоров,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    9 октябр 2024,

    Янги Ўзбекистоннинг маънавий қиёфаси ёхуд ёруғ келажак пойдевори қандай қўйилмоқда?

    Мамлакатлар тараққиётида маънавият, маданият бирламчи масалалардан бири ҳисобланади. Айниқса, ҳозиргидек глобал дунёда ўзликни сақлаб қолиш, ягона халқ бўлиб олға интилишда санъат ва маданиятнинг аҳамияти катта. Юртимизда эзгулик, инсонпарварлик тамойилига асосланган “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” ғояси кенг тарғиб этилмоқда. Бу жамиятимизда соғлом дунёқарашни ривожлантириб, бунёдкорлик ташаббусини умуммиллий ҳаракатга айлантиришга хизмат қиляпти. Халқимиз қалбида бугунги ислоҳотларга ишонч, тинч ва осойишта кунларга шукроналик, эртанги ёруғ келажакка умидни тобора кучайтирмоқда. Мазкур ислоҳотлар жараёнида маданият ва санъатга, унинг тараққий топишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates