Коррупция — иллат, унга қарши курашиш эса катта масъулият

    Фикр 9 август 2023 2432

    Бугунги кунда коррупция жаҳон миқиёсида долзарб муаммолардан бири сифатида тан олинган бўлиб, ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамият ривожига жиддий путур етказиши билан хавфлидир.

    Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 20 декабрдаги Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида “...Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз”, деб бежиз таъкидланмаганди.

    Шу сабабли янги Ўзбекистонда “инсон қадри учун” тамойили асосида халқимиз фаровонлигини янада ошириш ва фаол жамиятни шакллантиришга қаратилган ислоҳотлар доирасида барча соҳаларда коррупцияга қарши муросасиз курашиш муҳитини шакллантириш талаб этилади.

    Бевосита Марказий банк тизимида мазкур йўналишда қилинаётган ишларга тўхталишдан аввал Марказий банк аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига бевосита банк-молия хизматларини кўрсатиш билан шуғулланмаслиги сабабли унинг фаолиятида коррупциявий хавф-хатарлар, умуман олганда, паст даражада эканини таъкидлаш лозим.

    Шундан келиб чиқиб, Марказий банк тизимида коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишларни ташкил этишда асосий эътибор “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун, Президентнинг соҳага оид фармон ва қарорларида коррупциянинг олдини олиш, уни келтириб чиқариши мумкин бўлган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича белгиланган вазифалар ижросига қаратилмоқда.

    Жумладан, Марказий банк марказий аппарати, ҳудудий бош бошқармалар ва тасарруфдаги барча корхоналарда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилди.

    Марказий банк тизимида коррупцияга қарши курашишга оид меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан келишилган ҳолда коррупцияга қарши ҳалқаро стандарт (ISO 37001: 2016) талаблари асосида 13 та ички меъёрий ҳужжат ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

    Ушбу муҳим ҳужжатлар қаторида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг коррупцияга қарши курашиш сиёсати, Марказий банк ходимлари одоб-ахлоқининг қоидалари, Марказий банк тизимида манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва бошқариш тўғрисидаги низом, Марказий банк тизимида алоқа каналлари орқали коррупциявий хатти-ҳаракатлар ҳамда манфаатлар тўқнашуви тўғрисида келиб тушган хабарларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш регламенти кабиларни келтириб ўтиш мумкин.

    Марказий банк тизимида коррупциянинг олдини олишга қаратилган профилактик чора-тадбирларнинг яна бир муҳим йўналиши сифатида ходимларнинг ҳуқуқий онги ва билимини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Шу мақсадда коррупцияга қарши курашишга оид қонунчилик ҳужжатлари, Президент фармон ва қарорлари ҳамда ички меъёрий ҳужжатлар талаблари ва мазмун-моҳияти юзасидан жорий йилнинг ўтган даврида Марказий банк тизимида жами 67 та ўқув семинари ва давра суҳбати ташкил этилди.

    Шунингдек, Президентнинг 2021 йил 22 октябрдаги “Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2022 йилда 149 та амалдаги ва 110 та янги ишлаб чиқилган ҳамда жорий йилнинг ўтган даврида эса 31 та янги ишлаб чиқилган меъёрий-хуқуқий ҳужжат лойиҳалари коррупцион ҳолатларга олиб келувчи эҳтимоллардан сақлаш мақсадларида тегишли экспертизадан ўтказилди.

    Марказий банкка ишга қабул қилиш жараёнида коррупциявий хавф-хатарлар олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан ишга қабул қилишнинг очиқ танлов тизими жорий қилинди.

    Мазкур тизим доирасида инсон омили таъсирини камайтириш мақсадида бўш иш ўринлари бўйича эълонларнинг банк расмий веб сайтида жойлаштирилиши, номзодлар ҳужжатларини махсус телеграм бот орқали қабул қилиниши ва тегишли тест синовларининг онлайн шаклда ўтказилиши йўлга қўйилган.

    Ўз навбатида, харидлар жараёни шаффофлиги ва холислигини таъминлаш юзасидан Марказий банк тизимидаги ички назорат тузилмалари томонидан харидларни тендер, танлов ва тўғридан-тўғри амалга оширишда иштирокчиларда аффилланганлик, манфаатлар тўқнашуви ва бошқа коррупциявий хатарлар олдини олишга қаратилган ўрганишлар ўтказиш амалиёти жорий қилинган. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида 91 та харид шартномаси бўйича шундай ўрганишлар ўтказилди.

    Халқаро тажриба кўрсатмоқдаки, коррупциянинг олдини олишнинг энг самарали механизмларидан бири давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини рақамлаштиришдир. Мазкур механизм юклатилган вазифа ва функциялар бажарилишида коррупциявий хавф-хатарларни юзага келтирувчи энг асосий — инсон омилининг салбий таъсирини бартараф этиш (камайтириш) имконини беради.

    Бу борада ҳам Марказий банк томонидан қатор ишлар қилинган. Жумладан, лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш тўғрисидаги аризаларни, фаолиятни бошлаганлик ва тугатганлик ҳақидаги хабарномаларни қабул қилиш ҳамда уларни кўриб чиқиш натижаси бўйича тегишли ҳужжатларни бериш жараёни тўлиқ рақамлаштирилиб, мазкур амалиётларни махсус электрон платформа (https://cbu.uz/oz/services/support) орқали амалга ошириш йўлга қўйилди.

    Шунингдек, банк-молия соҳасида тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш, лицензиялаш, рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш мақсадида ломбард ва микромолия ташкилотлари фаолияти лицензиялаш тартибидан хабардор қилиш ва ҳисоб рўйхатдан ўтказиш тартибига, банк филиаллари ва микромолия ташкилотлари филиалларини ташкил этиш ҳам рухсат бериш тартибидан хабардор қилиш тартибига ўтказилди.

    Ўз навбатида, Марказий банк тавсиялари асосида банк тизимида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган банк хизматларини рақамлаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада тижорат банкларининг мобил иловалари орқали омонат, кредит ва бошқа банк хизматларидан фойдаланиш кўлами йилдан-йилга ошиб бормоқда.

    Жумладан, банк тизимида мижозларга банк ҳисобварақларини масофадан идентификация қилиш орқали очиш, банк ва тўлов хизматларидан онлайн режимда банкка бормасдан масофавий тарзда фойдаланиш имконини берувчи рақамли биометрик идентификация қилиш тизими (Face ID) жорий қилинди.

    Бугунги кунда мобил банк ва тўлов хизматларини кўрсатишда мазкур технологиядан фойдаланадиган тижорат банклари 26 тани, тўлов ташкилотлари 13 тани, маркетплейслар сони эса 4 тани ташкил этмоқда. Бунда банклар ва тўлов ташкилотларининг мобил иловалари орқали рақамли идентификациядан ўтган мижозлар сони 3,5 миллионтага етди.

    Шунингдек, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари шаффофлигини таъминлаш ва коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ягона электрон платформа (oilakredit.uz) орқали онлайн имтиёзли кредитлар ажратиш тартиби жорий қилинди.

    Марказий банк тизимида коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олишда унинг коллегиал органлари аҳамиятини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

    Бугунги кунда қонунчиликда Марказий банкка юклатилган вазифалар ижроси бўйича, шу жумладан, банклар, тўлов ташкилотлари ва тўлов тизимлари операторлари фаолиятини лицензиялаш ҳамда уларнинг фаолиятини тартибга солиш ва назорат, шунингдек, ишга қабул қилиш ҳамда харидларни амалга оширишга доир барча қарорлар фақат коллегиал тартибда Марказий банк бошқаруви, махсус ташкил этилган қўмита, комиссия ва бошқа коллегиал органлар йиғилишларида муҳокама қилиш йўли билан қабул қилинади.

    Бошқача айтганда, қарорлар қабул қилиниши бирор якка шахснинг эмас, балки коллегиал органлар аъзолари овозига боғлиқ. Бу эса, ўз навбатида, Марказий банк фаолиятини ташкил этишда манфаатлар тўқнашуви, фаворитизм ва бошқа коррупциявий ҳолатларнинг олди олинишига хизмат қилади.

    Яна бир муҳим йўналиш сифатида Марказий банк томонидан коррупцияга қарши комплаенс назорат масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жорий йил июль ойида Марказий банк ички назорат тузилмаси мутахассисларининг коррупция даражаси бўйича халқаро рейтингда юқори ўринларда (2023 йилда 41 ўрин) бораётган Грузия Миллий банкига тажриба алмашиш ташрифи ташкил этилди.

    Грузия Миллий банки фаолиятининг муҳим жиҳати шундаки, у ерда банк томонидан бажариладиган 800 дан ортиқ вазифа, функция ва амал (процедура)ни қамраб олувчи хатарларни бошқариш тизими жорий қилинган.

    Айнан мана шу тизим доирасида Грузия Миллий банки фаолиятидаги барча, жумладан, коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, юзага келиш эҳтимоли ва салбий таъсири даражасини баҳолаш ҳамда уларни бартараф этиш (таъсирини камайтириш) чоралари кўрилади.

    Грузия Миллий банки ижобий тажрибасини эътиборга олиб, бугунги кунда Марказий банкда Халқаро валюта жамғармаси техник кўмагини жалб қилган ҳолда хатарларни бошқариш тизимини жорий қилиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

    Марказий банк тизимида коррупциянинг олдини олиш чораларини кўриш, уни келтириб чиқариши мумкин бўлган сабаб ва шарт-шароитларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш ҳамда коррупцияга қарши муросасиз муҳитни шакллантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар келгусида ҳам изчил давом эттирилади.

    Мамаризо НУРМУРАТОВ,

    Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси