Йиғилиш замонавий автоматлаштирилган кушхоналарда янги жорий қилинаётган қорамол гўштларининг ягона электрон маълумотлар базаси – «VIS-BILLUR» электрон ахборот тизимини жорий этилиши юзасидан тарғибот ишларини олиб боришни мақсад қилган.
Семинарда таъкидланганидек, ушбу янги ахборот тизимининг мамлакатимизда тўлиқ жорий этилиши энг аввало озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ва аҳолига сифатли гўшт маҳсулотларини етказиб бериш бўйича электрон база яратилишига хизмат қилади. Бугунги кунда ушбу платформада 20 га яқин ахборот тизимлари ишлаб чиқилиб, 9таси амалиётга жорий қилинди.
Соҳа мутахассислари қайд этганидек, «VIS-BILLUR» ахборот порталига киритилган ҳар бир қорамол ветеринар шифокор назоратида бўлади. Рўйхатдаги ҳайвонни сўйишдан тортиб, гўштнинг санитар талабларга жавоб беришигача бўлган жараён тўлиқ назорат остида амалга оширилади. Бу эса ўз навбатида бозорларда ва савдо дўконларида сифатсиз гўшт маҳсулотларини сотилишини олдини олади.
Бугунги кунда «Ўзчармсаноат» уюшмаси таркибига кирувчи 87 та автоматлаштирилган кушхоналарда мазкур янги электрон дастурни самарали жорий қилиш ва тизимдан фойдаланиш бўйича ишлар бошлаб юборилган.
Семинарда «VIS-BILLUR» ахборот порталининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бунда, ахборот коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда аҳоли истеъмоли учун гўштларни етказиб беришни мувофиқлаштиришга янгича ёндашиб, инновацион ечимлар илгари сурилди.
Янги тизимга мувофиқ, тижорат мақсадларида сўйилган ҳайвонлар ихтисослашган сўйиш корхонасининг ўзида ягона электрон маълумотлар базасига киритилиб, гўштга штрих кодлар ёпиштириш орқали ветеринария назоратидан ўтганлиги ва истеъмолга яроқлилиги кафолатланади. Кейинчалик бу штрих кодлар истеъмолчиларга бевосита эркин тарзда мобил иловалар орқали гўштнинг келиб чиқиши, сўйилган ҳайвон тури, сўйилган санаси каби маълумотлар билан танишиш имкониятини беради.
Гўшт сотишга мўлжалланган савдо объектларида зарурий мосламалар ўрнатилиб, сотиш учун келтирилган гўшт маълумотлар базасидаги маълумотларга мувофиқ бўлган тақдирда сотишга рухсат этилади. Биринчи босқичда деҳқон бозорлари, кейинги босқичларда, савдо мажмуалари ва бошқа савдо объектлари ҳамда карантин масканларида жорий этилади.
Семинар давомида «Ўзчармсаноат» уюшмасига аъзо кушхоналар раҳбарлари Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган бошқа янги электрон тизимлар билан ҳам яқиндан таништирилди, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.