Умумтаълим мактаби ўқувчилари учун I чоракнинг сўнгги куни 3 ноябрга тўғри келиб, 4 ноябрь куни кузги таътилнинг илк куни саналади. Таътил 6 календар кун, яъни 9-ноябргача давом этади. II чорак эса 10 ноябрдан бошланади.
Кузги таътил даврида ўқувчилар нималар билан шуғулланиши мумкин?
Ўқувчиларни турли касб тўгаракларига жалб этиш, спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун шароит яратиш, ички туризмни ривожлантириш мақсадида республикамиз бўйлаб саёҳатлар уюштириш — буларнинг барчасини ўз ичида жамлаган комплекс маскан ҳисобланган “Баркамол авлод” болалар мактаблари эса энг яхши ечим ҳисобланади.
Ҳозирги кунда ўқувчиларда касб-ҳунарга қизиқиш уйғотиш, муайян кўникма ва малака пайдо қилиш, улар қобилиятини тўғри йўналтириш ва кашф этиш, бўш вақтини мазмунли ва фойдали ўтказишда мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги “Баркамол авлод” мактабларининг ҳам ўрни беқиёс.
Бугунги кунда жойларда 219 та “Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолият кўрсатмоқда. Ушбу мактабларнинг асосий вазифаси ўқувчиларни мактабдан бўш вақтларини 79 турдаги тўгаракларга жалб қилган ҳолда мустақил, креатив фикрловчи, ўзининг қатъи позициясига эга бўлган, касб-ҳунарнинг бошланғич сирларини эгаллаган, меҳнат бозорида ўз ўрнини топишларига кўмаклашишдан иборат. Энг асосийси ушбу мактабларда болалар ҳунармандчиликдан тортиб робототехникагача, маданиятдан тортиб спортгача, олий таълимга тайёрловдан тортиб хорижий тилларни ўрганишгача мустаҳкам билим ва кўникмаларни эгаллаяпди.
Хусусан, ўқувчиларнинг бўш вақтларини янада мазмунли ташкил этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ватанпарварлик ҳиссини уйғотиш, уларнинг мактабдан ташқари таълим соҳасидаги билимларини мустаҳкамлаш мақсадида “Баркамол авлод” болалар мактабларида жорий йилнинг майидан-ноябрига қадар долзарб 7 ойлик давомида танловлар кетма-кетлиги эълон қилинди.
Мазкур ойлик доирасида 7 ой давомида 7 йўналиш бўйича семинар-тренинглар, мастер-класлар ҳудудий ва республика фестивал ҳамда кўрик-танловлари ташкил этилади.
Бинобарин, кузги таътил давомида Республика “Баркамол авлод” болалар мактаби томонидан “Active sport” республика мусобақаси ҳамда “Болаларга беринг дунёни” республика онлайн кўрик-танлови ўтказилади.
“Active sport” република мусобақаси “Стол теннис” ва “Шахмат шашка” спорт турлари бўйича ўтказилади.
“Болаларга беринг дунёни” республика онлайн кўрик-танлови “Тасвирий санъат” йўналишида ташкил этилади.
Бундан ташқари, Республика “Баркамол авлод” болалар мактаби томонидан иқтидорли тўгарак аъзолари учун Наманганда янги барпо этилган сайёҳлик баъзасига саёҳат уюштириш режалаштирилган.
Маълумот учун, бугунги кунда, “Баркамол авлод” болалар мактабларида 10 472 та тўгаракка 306 310 нафар ўқувчи-ёшлар жалб этилган. Жумладан йўналишлар кесимида:
- Маданият ва санъат – 1 516 та тўгаракларга 42 636 нафар;
- Техника, конструкторлик ва моделлаштириш - 1 211 та тўгаракларга 34 202 нафар;
- Жисмоний тарбия ва спорт – 887 та тўгаракларга 25 049 нафар;
- Ҳунармандчилик ва қўл меҳнати – 2 807 та тўгаракларга 87 596 нафар;
- Туризм ва экология – 1 160 та тўгаракларга 35 128 нафар;
- Олий таълим муассасалари ва мактабга тайёрлов курслари – 2 147 та тўгаракларга 59 653 нафар;
- Хорижий тиллар – 744 та тўгаракларга 22 046 нафар.
Шундан, тармоқ тўгараклари умумтаълим мактабларида 6 291 та тўгаракка 185 097 нафар ўқувчи-ёшлар жалб этилган бўлса, маҳаллаларда 318 та тўгаракка 8 614 нафар ўқувчилар жалб этилган.
Имконияти чекланган (ногиронлиги бўлган) болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус мактаб интернатларда 361 та тўгарак ташкил этилиб уларга 9 926 нафар ўқувчи-ёшлар жалб этилган.
Бундан ташқари, мактабгача таълим муассасаларда 208 та тўгаракка 5 546 нафар ўқувчи-ёшлар жалб этилган бўлса, Меҳрибонлик уйлари ва болалар шаҳарчаларида 58 та тўгаракка 1 100 нафар ўқувчи-ёшлар жалб этилган.
Ҳозирда тўгарак аъзолари жаҳон ареналарида доимий равишда юртимиз байроғини юқорига кўтариб келишмоқда. Жумладан, 2020-2023-йиллар давомида 678 нафар ўқувчи-ёшлар турли хил халқаро кўрик-танлов ва фестивалларда совринли ўринларни қўлга киритишди.