Қишлоқдаги 58-умумтаълим мактаби ва «Лангар» маҳалласи биносида аҳоли ва ёшларга давлат хизматини онлайн равишда олиши учун мобил қурилма орқали id.egov.uz ва my.gov.uz ресурсларида рўйхатдан ўтказиш кифоя. Бу имконият давлат хизматлари маркази ходимлари учун айни муддао бўлди. Ҳам сайёр хизмат кўрсатилди, ҳам аҳоли мустақил ўзи онлайн давлат хизмати олишни ўрганди.
Лангар қишлоғи Хатирчи тумани марказидан 70 километр узоқда жойлашган, вилоят марказидан эса — 150 километр. Бу ерда 3 мингга яқин фуқаро 622 та хонадон истиқомат қилади. Халқнинг турмуши чорвачилик ва деҳқонлик билан ўтади. Аслида туризм учун айни муддао бўлган ҳудудда афсуски, ҳали бу йўналиш унча ривожланмаган. Маҳаллий аҳоли ҳафтада бир кун Дамас автоулови ёки мобил автобус келишини кутади. Шу боисдан бошқарма мутасаддилар сайёр қабулни айнан шу ҳудудда ўтказдилар.
Ташкил этган сайёр қабулда 40 дан ортиқ фуқаро мурожаатлари, жумладан, ер жой, мол-мулк, бандлик ва ижтимоий ҳимояга муҳтожлик масалаларига оид қатор муаммолар тингланди. Тиббий ёрдам, боқувчисини йўқотган оилага уй-жой, тадбиркорлик қилиш учун кредит ажратиш масалалари юзасидан олинган мурожаатлар эса тегишли давлат идораларига йўналтириладиган бўлди.
Лангар маҳалласи биноси олдида фуқаролар мобил автобус хизматидан фойдаландилар. Ким соликдан қарздорлик, ким судланмаганлик тўғрисидаги, яна бирови манзил маълумотнома олди. Болаларни мактабгача таълим муассасасига навбатга қўйган ким бўлди, электр энергияси ҳисоблагичини ўрнатиш учун мурожаат ташлаган фуқаронинг муаммоси ечилди. Аҳолини аксарият қатламида уй-жойига кадастр паспорти шаклланмаганлиги аниқланиб, аризалар олинди. Мобил автобус орқали жами 52 та давлат хизмати кўрсатилди.
Сайёр қабул жараёнида давлат хизматчилари ҳудуддаги 58-мактаб битирувчиларига онлайн хизмат олиш учун дарс ҳам ўтдилар. Олдиндан олинган сўровномага кўра, аҳоли қўлидаги мобил қурилмадан давлат хизматини олиш имконияти борлигини билдирган эди. Шу боисдан хизматчилар ҳам лангарлик ёшларга айнан қўл телефонидан қандай хизмат олиш имкониятини бирма-бир ўргатдилар.
Яна маҳалла одамларига ҳам худи шундай ўқув жараёни ўтказилди. «ДХМ-маҳалла-фуқаро» тамойили асосида ўтказилган тадбир аҳоли учун фойдали бўлди. Аслида ҳудудларда тоғ оралаб мобил автобуснинг уйма-уй фуқароларнинг давлат хизматига бўлган эҳтиёжини ўрганиши, аҳолига онлайн хизмат олишни ўқитишдан ягона мақсад ҳам одамлар рози-ризолигига эришишдир.
Дилфуза Гулямова,
Навоий вилояти.









