Жумладан, «Art Stream», «Fifflondon», «Blackboard», «Lift-Off Season Awards» ва «IFFT» халқаро танловларида Лазги рақси тарихига бағишланган ҳужжатли фильм «Рақс ҳақидаги энг яхши ҳужжатли фильм» дея тан олинди.
«2020 йилги Ёшлар форуми доирасида ёш режиссёр укамиздан таклиф тушди, — дейди Бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов. — Лойиҳани яхшилаб ўрганиб, уни ҳар томонлама қўллаб қувватладик — вазирлик томонидан лойиҳани амалга ошириш учун зарур маблағ ажратилди ва керакли шароит яратилди. Қисқа фурсат ичида «Лазги» фильмининг бундай ютуқларга эришиши давлатимиз раҳбарининг юртимиз маданий меросини асрашга қаратаётган эътибори, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва, албатта, ёшларга яратилаётган шароит натижаси деб биламан. Фильм ижодкорларининг кейинги фаолиятига омад тилайман. Юртимиз ривожига ҳисса қўшувчи истеъдодли ёшларимиз кўпаяверсин, биз уларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз».
«Лазги» ҳужжатли фильми Москва шаҳрида ҳар ойда бўлиб ўтадиган «Art Stream» кинофестивалида «Рақс ҳақидаги энг яхши қисқа метражли ҳужжатли фильм» дея эътироф этилди. Art Stream кинофестивали турли мамлакатлардаги барча жанрларда фаолият юритувчи мустақил кинематографистларни қўллаб-қувватлайди.
Шу билан бирга, «Лазги» Лондонда ўтказиладиган «Fifflondon» фильмлар танловида «Томошабинлар танловига кўра энг яхши фильм» сифатида тан олинган. Ҳар ой мазкур танлов ҳакамлар ҳайъати ёпиқ намойишларда энг яхши бадиий, ҳужжатли ва аннимацион фильмлар муаллифларини тақдирлайди.
Бутун дунё кино ишлаб чиқарувчиларини эътироф этишга бағишланган «Blackboard» халқаро кинофестивали бўлиб, унда «Лазги» фильми «Рақс ҳақидаги энг яхши ҳужжатли фильм» дея тан олинди.
Ҳиндистоннинг энг яхши фильмларга бағишланган «Lift-Off Season Awards» тадбири истеъдодли ижодкорларнинг юзлаб фильмларини кашф қилади. Ушбу фестивалда Ўзбекистоннинг «Лазги» фильми «Рақс ҳақидаги энг яхши фильмлардан бири» сифатида тан олинди.
Бундан ташқари, «Orange Film Academy», Триссурдаги халқаро кинофестиваль, Медиатадқиқотлар маркази, Цент-Томас коллежи ва Ҳиндистон халқаро фольклор киноси томонидан ташкил этилган «IFFT» (International Film Festival of Thrissour) тақдимотида «Лазги» «Рақс ҳақидаги энг яхши ҳужжатли фильм» дея эътироф этилди, деб хабар беради Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.
«Бу фильмни ишлаш жараёнида Лазги рақсининг йўқолиб бораётган турларини сақлаб қолиш, уни дунёга намойиш этиш ва шу орқали маданий меросимизга хорижликларнинг эътиборини қаратишни мақсад қилгандим. Тошкентда ўтган Ёшлар форумида Туризм ва спорт вазирига мурожаат қилдим ва улар менинг ушбу ташаббусимни тўлиқ қўллаб қувватлади, ҳамда тезда фильмни тасвирга олишга киришиб кетдик. Биздек ёшларни қўллаб қувватлагани, мотивация бергани учун Туризм ва спорт вазирлиги вакилларига ўз миннатдорчилигимни билдираман», — дейди фильм режиссёри Ихтиёр Бахтиёров.
Ўзбекистон давлат консерваторияси, Юнус Ражабий номидаги миллий мусиқа санъати институти профессори, Санъатшунослик фанлари номзоди. Ардаҳан (Туркия) университети гўзал санъатлар факультети профессори Ботир Матёқубов фильм ҳақида шундай фикр билдирди:
«Дунёда шундай халқлар борки уларнинг қандайлигини ҳунармандчилиги, санъати ва рақслари орқали кашф қиласиз, ёдда сақлайсиз. Масалан, украинларнинг «Гопак»и, доғистонликларнинг «Лезгинка»си, Ўзбекларнинг «Лазги»си ёки «Андижон полькаси» ва бошқалар. «Лазги» рақси қадим замонларда юзага келган бўлсада, бизнинг асримизга келиб дунёга танилди ва ЮНEСКО шафелигига олинди. Бугунги кунга қадар 50дан ортиқ ижодкорлар унинг янги турларини яратишди. «Лазги» ҳақда қисқа ҳамда тўлиқ метражли фильмлар ишланиб, дунё кезмоқда ва сайёҳларни «Лазги» ватани бўлган Хоразмга чорламоқда. Йўқолиб бораётган чолғу асбобларнинг чалиниши ҳамда рақснинг тарихини ва унинг нақадар гўзаллигини очиб берган бу фильм менга жуда манзур бўлди. Парвозингга кўз тегмасин, оташин, шижоатли, жўшқин Лазгим!»