“Бу ҳафта Литвада, Беларусь билан чегара яқинида, 2027 йилга қадар тўрт мингга яқин бундесвер аскари жойлаштириладиган янги немис армияси казармаларини қурилиш ишлари бошланди”, дейилади хабарда.
Ўтган ҳафта немис оммавий ахборот воситалари Германия Киевга ҳарбий ёрдамни камайтиришга мажбур бўлганини хабар қилишди, чунки Германия ҳукуматининг жорий бюджет режасига кўра, ҳозирда бу мақсадлар учун янги маблағ ажратилмаган. Канцлер Олаф Шольцнинг айтишича, Берлин Украинага Европадаги энг катта ёрдамни беришда давом этади.
Аввалроқ немис ОАВлари Литвада жанговар бригадани жойлаштириш Германияга тахминан 11 миллиард еврога тушиши ҳақида хабар берган эди. Ушбу маблағнинг бир миллиарди йиллик операцион харажатларга, тўрт миллиарди зирҳли техникалар сотиб олишга ва олти миллиарди инфратузилмани қуриш ва ҳарбий кийим сотиб олиш каби харажатлар учун сарфланади. Бироқ, мазкур маблағ чет элда хизмат қилиш учун устама тўловларини ўз ичига олмайди.
2023 йил декабрь ойида Литва мудофаа вазирлари Арвидас Анушаускас ва Германия мудофаа вазири Борис Писториус Вильнюсда 2027 йилгача немис бригадасини Литвада жойлаштириш бўйича ҳаракат режасини имзолашди. Арвидас Анушаускаснинг таъкидлашича, асосий тузилмаларни топшириш 2025-2026 йилларда амалга оширилади ва “2027 йилда Литвада немис бригадаси тўлиқ операцияга тайёр бўлиши керак”. Германиядан беш минг ҳарбий хизматчи оилалари билан республикага келиши кутилмоқда.
Литва Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Германия мамлакатда учта манёвр баталонига эга оғир бригада ва зарурий жанговар ёрдам ва таъминот бўлинмаларини жойлаштирмоқчи, деб хабар беради ria.ru.