Лондон Сити ва Тошкент шаҳри ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилади

    Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Лондон Сити мери Майкл Майнелли билан учрашди.

    Британия томони Ўзбекистонда иқтисодиётни ислоҳ қилиш борасида ташқи савдо, солиқ ва молия сиёсатини либераллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда таълим тизимини модернизация қилиш соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларни юқори баҳолади.

    «Республиканинг Лондон фонд биржаси билан йўлга қўйилган яқин ҳамкорлигини қўллаб-қувватлаймиз. Шунингдек, 21 майда ушбу платформа орқали Ўзбекистоннинг умумий қиймати қарийб 1,5 миллиард долларга тенг навбатдаги суверен халқаро облигацияларининг жаҳон молия бозорларида жойлаштирилганини олқишлаймиз. Бундан ташқари, биз Британия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдормиз», — деди у.

    Учрашув якунида Тошкент шаҳри ва Лондон Сити ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва делегациялар алмашинувини фаоллаштириш, Лондон Ситида Ўзбекистоннинг инвестициявий, туризм ва маданий салоҳиятига бағишланган тадбирларни биргаликда ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.

    Лондон Сити Лондон шаҳри таркибига киради ва маҳаллий ҳудуддаги ҳукумат хизматлари учун масъул бўлган қолган 32 та туманлар билан биргаликда фаолият юритади. У ўзининг маҳаллий бошқарув ва қонунчилик органлари ҳамда полиция хизматига эга.

    У 1673 йилда биринчи банк бўлинмасининг ташкил этилиши ва 1694 йилда Англия банкига асос солиниши билан дунёнинг биринчи молиявий марказига айланган. Ҳозирда Лондон Сити еврооблигациялар савдоси, валюта айирбошлаш, фьючерс контрактлари ва жаҳон суғуртаси бўйича тан олинган етакчи ҳисобланади.

    2022 йилда жаҳон бозоридаги кунлик валюта операцияларининг (7,5 триллион доллар) 38 фоиздан ортиғи (2,85 триллион доллар) Лондонда амалга оширилган. Ҳозирги кунда ҳам глобал валюта операцияларини назорат қилади ва дунёда олтин нархларини белгилашда асосий роль ўйнайди.

    Лондон Ситида Лондон фонд биржаси, Англия банки ва «Ллойд» суғурта компанияси, шунингдек, 500 тага яқин хорижий банк ва молия институтлари жойлашган бўлиб, уларда 615 мингдан ортиқ одам ишлайди, деб хабар беради «Дунё» АА.

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates