Бироз қўпол туйилсада, ҳаётимиз давомида баъзи бир ибораларни тез-тез қўллаймиз. Масалан, қўли юпқа. Одатда ушбу иборани атрофимиздаги моддий томондан қийналган, камбағал одамларга нисбатан ишлатамиз. Бирон касаллик ёки ҳаёт зарбалари туфайли ногирон бўлиб қолганларни эса бировлар қўлига қараб қолган, деймиз.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилганди. Эътиборлиси, ҳужжатдан ана шундай имконияти чекланган, кўмакка муҳтож фуқаролар бировнинг қўлига қарам бўлиб қараб қолмаслиги, ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида кўришлари учун шароит яратишга қаратилган вазифалар асосий ўрин олган. Буни камбағалликни қисқартиришга доир асосий иш, деб ҳам баралла айтиш мумкин.
Янги тизими афзалликлари
Хўш, орадан бир йилдан ортиқроқ вақт ўтди. “Инсон” марказлари ўтган шу давр мобайнида қандай иш олиб борди? Одамлар уларнинг фаолиятидан мамнунми? Бухоро вилояти Қоракўл туманида ташкил этилган янги тузилманинг фаолияти ва имконияти чекланганларга кўрсатаётган кўмаги билан танишиш жараёнида ушбу саволларга жавоб изладик.
— Мамлакатимизда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари очилиб, аҳолига ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатишнинг янги тизими жорий қилингани муҳим аҳамиятга молик иш бўлди, — дейди Қоракўл тумани ҳокими Хуршид Тоҳиров. — Туманимизда “Инсон” маркази ҳамкорлигида маҳаллаларда оғир ижтимоий ҳолатга тушган ва тушиш хавфи бўлган аҳоли билан манзилли ишлар олиб борилиб, иқтисодий аҳволи таҳлил қилинмоқда. Ижтимоий ходимлар гуруҳларининг аҳолига ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатишининг янги тизими жорий қилинди. Яъни оғир аҳволга тушиб қолган ёки оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган фуқаро ва оилаларга маҳалла даражасида комплекс ёндашув асосида профессионал ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатиш уларнинг биринчи галдаги вазифаси этиб белгиланди.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали эса кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий нафақалар тайинлаш, маълумотларни тақдим этиш ишлари самарали ташкил этилмоқда. Уйма-уй юриш чоғида улар ўртага ташлаётган масалаларни ҳал этиш йўллари изланаётир. Бу борада ижтимоий ходимлардан профессионал даражада иш олиб бориш талаб этилади. Чунки, айтайлик тўшакка михланиб қолганларга мотивация бериш, улар ҳеч кимдан кам эмаслигини ўзбекона лутф билан етказиш ҳам ижтимоий ходимнинг маҳоратига боғлиқ жараён.
59 ёшимда яна ишли бўлдим
Хўжакон маҳалласи Янги авлод қишлоғида яшовчи иккинчи гуруҳ ногирони Ҳикмат Бобомуротов 24 йил маданият соҳасида фаолият юритган. Фалокат оёқ остида деган гап бежиз айтилмаган, чакка ўтишини бартараф этиш учун томга чиққан Ҳикмат ака у ердан қулаб тушади ва анча вақт беҳуш ётади. Кўзини очганида эса ўзини касалхонада кўради.
Шу бўйи гоҳ шифохонада, дам ўз уйида 8 ой тўшакка михланиб ётиб қолади. Бу орада ишдан кетишга ҳам мажбур бўлади. Оёқ суяклари жароҳати оғир бўлгани боис деярли 10 йил ҳасса суяниб юради. Бу ёқда рўзғор, бола-чақа ташвишлари. Аммо қўлида тори, қалбида бир олам эзгу мақсади бўлган бу инсон ҳаётдан нолиб, масъуллардан мадад кутиб, аризабозлик қилиб юрмади. Ҳовлисидаги кафтдек ерида гоҳ тиззалаб, гоҳ ўтириб, гоҳ эмаклаб деҳқончилик қилди. Оиласига егулик сабзавотларни етиштиришга ҳаракат қилди. Хуллас, қора қозони бировдан кам бўлмай қайнаб турди.
Бу йилларда ҳолинг не, сенга бирон ёрдам керакми, деб эшик қоқиб келувчилар ниҳоятда кам бўлди. Лекин турмуш ўртоғи Муниранинг далдаси ва тўрт фарзандининг кўмаги билан яшашга ўзида куч топа олди. Яқинда, аниқроғи шу йилнинг июль ойи бошида тумандаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига ишга жойлаштириш тўғрисида мурожаат қилди. Буни қарангки, орадан ҳафта ўтмай унинг мурожаати ижобий ҳал қилиниб, ўзи ариза билан мурожаат қилган марказга мусиқий йўналишда тўгарак раҳбари қилиб ишга олинди.
— Гапнинг дангалини айтадиган бўлсам, юртимизда кечаётган ўзгаришларга, янгиланишларга мен негадир унчалик ишонмаганман. Шунинг учун ҳам туман ҳокими, унинг ёрдамчилари ва бошқа ташкилот ҳамда идораларга кўмак сўраб бормаганман. Қўлимдаги торнинг майин наволари туфайли йиллар давомида ўз кўнглимга ўзим малҳам бўлдим. Дардларимни куй ва қўшиқлар билан енгдим, тириклигимга шукр қилиб яшадим. Аммо, яқинда маҳалламиз раиси, фаоллари ва фарзандларим “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига ариза ёзишим кераклиги ва бунинг ижобий натижаси бўлишини айтиб қолишди. Бир ишониб, бир ишонмай ариза ёздим. Ҳеч кутилмаганда ҳафта ўтмай мени марказга чақиришди ва иш таклиф қилишди. Мана, 59 ёшимда яна ишли бўлдим, янги ҳасса ҳам беришди. Очиғи, ярим кўнглим бутун бўлди, — дейди Ҳикмат Бобомуродов.
Ҳикмат ака “Инсон” маркази қошида янги ансамбль тузишни ният қилган. Унинг таклифини марказ раҳбарияти қўллаб-қувватлаган. Хуллас, унинг бугун кайфияти чоғ. Қўлда тори билан баланд овозда қўшиқлар айтиб, янги режалар устида ишламоқда. Яъни, ўзига ўхшаган имконияти чекланган иқтидорлиларни марказга жалб қилишга астойдил киришган. Интилган имкон топади, дегани шу бўлса керакда.
— 2023 йил 14 ноябрь куни туманимизда “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази биноси фойдаланишга топширилди ва маҳаллада комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходимлар фаолияти йўлга қўйилди. Шундан сўнг 26 ижтимоий ходим 13 та ҳудудда ўз фаолиятини бошлади. Жорий йил 1 июлдан бошлаб вилоятимизнинг барча туманларида эҳтиёжманд шахслар учун протез-ортопедия маҳсулотлари ҳамда реабилитация қилишнинг техник воситаларини етказиб бериш бўйича ҳам янги тизим йўлга қўйилди, — дейди туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази бош ижтимоий ходими Раббонқул Мухторов.
Маълумотларга кўра, марказ томонидан айни пайтга қадар 368 фуқарога зарур тиббий воситаларни имтиёзли олиш учун ваучерлар шакллантирилган. Ҳозирги кунгача 126 нафари учун буюртма берилган маҳсулотнинг аксарияти тайёр бўлган, қолганлари тайёрланиш жараёнида. Шунингдек, 14 нафар имконияти чекланган шахсга сайр қилишга мўлжалланган ўриндиқли аравача, 49 нафарига қўл ҳассаси, қўлтиқтаёқ ва тирсакли ҳассалар буюртма қилиниб, етказиб берилишида ёрдам кўрсатилган. Бундан ташқари, 5 нафар кўзи ожиз шахсга овозли термометр ва кўзи ожизлар ҳассаси етказиб берилди. Ушбу йўналишларда ишлар давом этмоқда.
Эшикка термулган кўзлар...
— Авваллари тўй-маракаларга, меҳмондорчиликка боришга уялардим, очиғи, истиҳола қилардим. Чунки ногиронлигим сабаб ўзим мустақил юра олмасдим. Бирор жойга боришим учун бир неча киши овора бўлиши керак бўларди. Яқинда маҳалламизда хатлов асосида иш олиб бораётган ижтимоий ходим билан суҳбатлашиб, анчагина маънавий қувват олдим, ҳам кайфиятим кўтарилди. Сайр қилиш учун аравача буюртма қилгандик, тез кунда етиб келди. Мени қўллаб-қувватлаётганлардан жуда-жуда мамнунман, — дейди Дарғабот маҳалласида истиқомат қилувчи Гулчеҳра Тошева.
Ҳа, орамизда бир чимдим меҳрга муҳтож шундай инсонлар бор. Уззу кун эшикка кўз тикиб кимдир келармикан, дея интиқиб ўтирадиганлар қанча. Президентимизнинг фармони асосида ташкил этилган “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ва уларда фаолият олиб бораётган ижтимоий ходимлар ана шундай кўнгли кемтик инсонлар учун мадад ва мадор макони, мустаҳкам таянч қалқони ва орзуларига кенг қулоч берадиган ишончли маскан бўлди, деб бемалол айта оламиз.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири