Бюронинг Яшнобод туман бўлими иш юритувида суднинг ижро варақасига асосан, қарздор "D.G." МЧЖдан ундирувчи АТ “Orient finans” банк фойдасига жами 9,1 млрд. сўм қарздорликни ундириш ва ундирувни гаровдаги мулки бўлган учинчи шахслар бўйича фуқаро М.С.га тегишли бўлган 536 кв.м. бўлган нотурар бино ҳамда фуқаро А.Д.га тегишли бўлган умумий ер майдони 1.091,50 кв.м.дан иборат бўлган уйга қаратиш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати бўйича Қонуннинг тегишли моддасига асосан ижро иши қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилинган ҳамда тарафларга юборилган. Қарздорга берилган ихтиёрий муддатда кредит қарздорлиги бартараф этилмаган.
Шундан сўнг, ижро ҳаракатларига киришилди ва учинчи шахс бўйича фуқаро М.С.га тегишли бўлган нотурар бино аукцион савдосига чиқарилиб, 3 млрд. 600 млн. сўмга сотилди.
Бундан ташқари, гаровдаги А.Д.га тегишли бўлган умумий ер майдони 1.091,50 кв.м. иборат бўлган уй гаров мулки холислар иштирокида хатланган ва тегишли тартибда далолатнома тузилган.
Бюронинг Яшнобод туман бўлими томонидан гаровдаги иккинчи кўчмас-мулк ҳам аукцион савдоларига чиқарилиб, 8,4 млрд. сўмга сотилди. Савдолардан тушган пул маблағлари қолдиқ кредит қарзи учун банк фойдасига йўналтирилиб, қолган пул маблағлари гаровга қўювчи шахсларга қайтариб берилди.
Мазкур ижро ҳужжати Қонуннинг 41-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан амалда ижроси таъминланди.