2025 йил 13 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари биринчи ва иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Дастлаб, бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган — “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, амалдаги тартибга кўра фуқаролар йиғини раислари 3 йил муддатга сайланади. Аммо бу давр фуқаролар йиғини раисларига ўз билим ва бошқарув қобилиятларини тўлиқ намоён этишга етарлича имконият бермайди.
Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси билан янги сайланган фуқаролар йиғини раиси тўлиқ 5 йил муддатга сайланишини белгилаш таклиф этилмоқда. Шунингдек, лойиҳа билан фуқаролар йиғини раиси сайловига тайёргарлик тадбирларини ўтказиш муддатлари ва тартибини такомиллаштириш мақсад қилинган.
Хусусан, фуқаролар йиғини сайловига тайёргарлик тадбирларини ўтказиш муддатлари ва тартибини белгиловчи ваколатларни Республика кўмаклашувчи комиссияларидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кўмаклашувчи комиссияларига берилиши белгиланмоқда.
Бундан ташқари, фуқаролар йиғини раиси ваколатлари муддатидан илгари тугатилган тақдирда бўшаб қолган ўринларга янги сайлов ўтказиш орқали фуқаролар йиғини раисини беш йил муддатга сайлаш тартиби белгилаш назарда тутилмоқда. Олий Мажлис Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғини раиси сайловини ўтказиш билан боғлиқ ваколатларни эса Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ўтказиш таклиф қилинган.
Қонун лойиҳасини муҳокама қилар экан депутатлар амалдаги тартиб эскириб қолганини ва янгилик жорий этиш яхши самара бериши мумкинлигини таъкидлади. Уларнинг сўзларига кўра, фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссиясининг фуқаролар йиғини раиси сайловини ўтказиш билан боғлиқ ваколатлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссияларига ўтказилиши тизимдаги ўзгаришларга сабаб бўлади. Ўзгаришларнинг тадбиқ этилиши фуқаролар йиғини ваколатларини янада кенгайтиришга ҳам хизмат қилади.
Депутатлар ушбу жиҳатларни инобатга олган ҳолда ўз таклифларини, фикр-мулоҳазаларини билдирди. Келгуси ўқишгача қўшимчалар устида ишлашга келишилган ҳолда лойиҳа маъқулланди.
Йиғилишда кун тартибига киритилган масалалар атрофлича кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.