Маданият соҳасидаги тўгаракларга ёшларни жалб этиш масалалари муҳокама этилди

    Маданият 24 феврал 2024 490

    Жорий йил 23 февралда Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти ташаббуси билан Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамкорлигида “Маданият соҳасидаги тўгаракларга ёшларни жалб этишнинг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

    Унда сенаторлар, Ёшлар парламенти аъзолари, Маданият вазирлигининг республика ва ҳудудий тузилмалар масъуллари, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

    Давра суҳбати маданият соҳасида фаолият юритаётган тўгараклар ҳолатини таҳлил қилиш, мазкур йўналишдаги муаммо ва камчиликларни аниқлаш, уларга ёшларни кенг жалб этиш мақсадида ташкил этилди.

    Давра суҳбати давомида бундан бир неча ой олдин Ёшлар парламенти аъзолари ҳудудларда маданият соҳасидаги тўгараклар фаолиятини ўрганганига тўхталди ва ўрганиш натижалари ҳақида қисқача ахборот бериб ўтди.

    Таъкидланганидек, Маданият вазирлиги тизимида 837 та маданият маркази фаолият олиб боради. Уларда 4 мингга яқин тўгарак ва 270 та курс ташкил этилган бўлиб, қарийб 44 минг ёшларни қамраб олган. Уларда 2 977 нафар тўгарак раҳбарлари фаолият олиб боради.

    Шунингдек, “Мактабда маданият маркази” лойиҳаси доирасида умумий ўрта таълим мактабларида (маданият марказларининг ижодий ходимлари билан ҳамкорликда) 1 377 та тўгарак фаолияти йўлга қўйилган.

    Тадбирда Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, бугунги кунда республикада 325 та болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолият олиб боради. Уларда таълим 14 та йўналишда йўлга қўйилган бўлиб, 90 минг бола қамраб олинган. Мусиқа мактабларида 13 мингдан зиёд педагоглар фаолият олиб боради.

    Давра суҳбатидаги муҳокама ва савол-жавоблар натижасида маданият соҳасидаги тўгараклар фаолиятида эътибор қаратилиши лозим бўлган долзарб масалалар сақланиб қолаётгани қайд этилди.

    Хусусан, республикадаги 444 та маданият маркази биноси, яъни 53 фоизи таъмирталаб, 165 тасига эса янги бино қуриш зарурлиги айтиб ўтилди.

    Маданият марказлари биноларида етарли шароит йўқлиги ҳамда моддий техник базанинг эскирганлиги оқибатида уларга болалар ва ёшларни жалб этиш кўрсаткичи пастлигича қоляпти. Хусусан, марказларда ташкил этилган тўгарак ва курсларга 6-17 ёшгача бўлган болаларнинг бор йўғи 0,7 фоизи қамраб олинган. Мусиқа мактабларида бу борадаги қамров 1,2 фоизини ташкил этади.

    “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги Қонунда “Нутқ маданияти” курсларини ташкил этиш Маданият марказларининг асосий вазифаси сифатида қайд этилган. Бироқ Навоий, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида бу каби курслар фаолияти йўлга қўйилмаган.

    Маданият марказларидаги 2 977 нафар тўгарак раҳбарларидан 593 нафари, яъни 20 фоизигина олий маълумотли, 1 756 нафари эса, яъни 59 фоизи ўрта махсус маълумотга эга ходимлар ҳисобланади.

    Мусиқа мактабларида эса 13 минг ўқитувчидан 5,6 минги, яъни 42,5 фоизи олий маълумотли, қолганлари эса ўрта махсус маълумотга эга.

    Ҳудудларда ёшлар ўртасида уларнинг тўгараклар борасидаги хоҳиш-истакларини аниқлаш ва таҳлил этишга доир ижтимоий сўровномалар тизимли тарзда ўтказилмагани танқид қилинди.

    Шунингдек, 13 та мусиқа мактабида мусиқа чолғулари етишмовчилиги мавжудлиги, хусусан мактабларга доира, ғижжак ва най каби чолғуларни етказиб беришда муаммолар борлиги таъкидланди.

    Бундан ташқари, муҳокамаларда маданият марказларини давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этишга ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, Ҳукуматнинг тегишли қарори билан маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шериклик асосида бериладиган давлат мулки объектларининг рўйхати тасдиқланган бўлиб, унда шерикликка бериладиган 139 та маданият марказининг рўйхати келтирилган. Бироқ 2022–2023 йилларда марказларнинг бор йўғи 23 таси (16,5 фоизи) хусусий шерикликка берилган.

    Сенаторлар томонидан бу йўналишда хусусий шериклик асосида ишни ташкил этиш сифатли тўгараклар фаолиятининг йўлга қўйилишига хизмат қилиши таъкидланди.

    Давра суҳбати сўнгида юқорида қайд этилган муаммо ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган таклиф ва тавсиялар илгари сурилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates