Маданият ва санъатсиз жамият ривожланмайди

    Яна бир катта муаммо — замонавий медиамаконда миллий маданиятимиз муносиб ўрин эгалламаганида. Ахборот-коммуникация технологиялари тўлиқ жорий этилмагани соҳани халқаро маданий жараёнларга интеграция қилишга йўл бермаяпти. Бундан ташқари, миллий ижодий маҳсулотларни экспорт қилишнинг тузукроқ тизими яратилмаган, хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик ҳам етарлича йўлга қўйилмаган...

    Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёв 2017 йил маданият ва санъат соҳаси раҳбарлари билан учрашувда шундай таъкидлаган эди: "Бир ҳақиқатни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз керак: мамлакатимизда маданият ва санъат тараққий этмаса, жамият ривожланмайди. Халқимизнинг ривожланиш даражаси аввало миллий маданиятимизга қараб баҳоланади. Шу маънода, маданият — бу халқимиз, жамиятимиз қиёфасидир. Биз Ўзбекистоннинг янги қиёфасини яратишга киришган эканмиз, буни аввало миллий маданиятимизни ривожлантиришимиздан бошлашимиз лозим".

    Дарҳақиқат инсоният маънавияти ва тафаккури ривожланиши маданият ва санъатсиз кечмайди. Мамлактимизда ҳам бу соҳа турли сабаблар билан юксалиш ва депсиниш даврини бошидан ўтказиб келди. Лекин сўнгги йилларда мазкур соҳаларни ривожланишнинг янги босқичига кўтариш юзасидан ҳукуматимиз томонидан туб ўзгаришлар, ислоҳотлар олиб борилмоқда. Энг қувонарлиси, бутун ер куррасига келган бало — пандемия шароитида ҳам юртимизда маданият ва санъатга бўлган эътибордан четда қолмади.

    Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 26 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур соҳа вакилларининг, кенг кўламдаги санъат ихлосмандларининг узоқ кутилган орзулари, истакларини рўёбга чиқаришга катта имконият, шароит яратди.

    Хўш, соҳадаги ислоҳотлар, фармон ва қарорларнинг аҳамияти, ижроси қандай режаларда, амалга оширилаётган ишларда намоён бўлмоқда? Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек НАЗАРБЕКОВ билан ана шу мавзуда суҳбатлашдик.

    — Кейинги йилларда маданият соҳасида ҳам шаклан, ҳам мазмунан ўзгаришларни кузатяпмиз. Ҳукмрон мафкура, мустабид тизим таъсирида Ғарб маданиятига тақлидан ривожланган мазкур соҳани тубдан янгилашга барча имкониятлар яратиб берилди. Энди ана шу тақлидлардан муҳофаза қилиш, миллий ва айни пайтда умуминсоний қадриятлар асосида ривожлантириш учун қандай ишларни амалга ошириш лозим, деб ҳисоблайсиз?

    — Ҳар бир инсонда тафаккур, фикрлаш эркин, мустақил бўлиши керак. Оммавий тарзда бир хил фикрлаш ҳалокатли. Бунда ижод ҳам, ривожланиш ҳам бўлмайди. Ана шу маънода ўйламасдан тақлид қилиш миллий қиёфани, ўзликни унутишга олиб келади. Айни пайтда дунё адабтиёти, маданият ва санъатидаги илғор, умуминсоний қадриятларга йўғрилган ғояларни ўрганиш, ўзлаштириш талаб этилади.

    Ҳар қандай соҳа бошқаларидан ажралшган ҳолда якка ўзи ривожлана олмайди. Бугун Ўзбекистонда миллий маданият ва санъатни ривожлантириш масаласига мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг узвий ва ажралмас қисми сифатида қараляпти. Негаки, маданият ва санъат миллат тараққиёти йўлидаги ниҳоятда аҳамиятли ва ўта нозик соҳа. Чунки бу соҳа жамиятнинг юрагига тўғридан-тўғри таъсир қиладиган, тилагига кўчадиган туйғуларни тарбиялайди.

    Айтганингиздек, соҳада тубдан янгиланиш учун имкониятлар кенгайгани баробарида миллий маданиятимизни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган камчиликлар ҳам талайгина. Масалан, маданият ва санъат муассасалари, ижодий уюшма ва бирлашмаларнинг ҳуқуқий мақоми, ижодкорларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган ягона ҳуқуқий база йўқ. Ёки ёш ижодкорларга таълим-тарбия бериш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасида тайинли тизим мавжуд эмас. Бусиз маданият соҳасида ягона давлат сиёсатини самарали олиб бориш, аҳолининг маданий эҳтиёжларини қондириш, маданий хизматлар сифатини ошириш қийин вазифа. Бундан ташқари, аксарият маданият ва санъат муассасаларининг моддий-техник базаси замон талабларига мос келмайди, бу эса уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатиши учун имкон бермайди.

    Яна бир катта муаммо — замонавий медиамаконда миллий маданиятимиз муносиб ўрин эгалламаганида. Ахборот-коммуникация технологиялари тўлиқ жорий этилмагани соҳани халқаро маданий жараёнларга интеграция қилишга йўл бермаяпти. Бундан ташқари, миллий ижодий маҳсулотларни экспорт қилишнинг тузукроқ тизими яратилмаган, хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик ҳам етарлича йўлга қўйилмаган...

    Хуллас, масалалар етарли ва уларни тизимли равишда ечиш учун ҳам миллий маданиятимизни ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Энди ҳаммамиз уюшиб, жон койитиб, миллий маданиятнинг барча йўналишлари — моддий ва номоддий маданий мерос ҳамда музейлар, театр, кино, цирк, миллий мусиқа, эстрада, рақс, тасвирий ва амалий санъатлар, маданият ва истироҳат боғлари ҳамда маданият марказлари, илм-фан, таълим, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш, маданият туризми соҳаларида натижа, ўзгаришлар қилиш, ривожланиш учун тинмай ишлашимиз керак.

    Яна бир нарсани айтиш жоизки, бугун соҳа ходимларининг тизимга доир фармон ва қарорларлар билан тўлиқ танишмаётгани, уларнинг ичига чуқур кириб бормаётгани, шунингдек, уларнинг мазмун-моҳияти, ижроси қуйи бўғинларгача ҳам етиб бормаётгани ҳам тизим ривожига тўсқинлик қиляпти.

    Бугун биз Учинчи Ренессансни олдимизга катта мақсад қилиб қўйдик. Бу борадаги ислоҳотларда маданият ва санъат соҳаси ходимлари энг олд сафда бўлиши керак. Тўғрироғи, биринчи галда бизнинг ўзимиз ана шу мақсад моҳиятини чуқур англаб олишимиз керак. Фуқароларимизда ҳам жамият ривожида, уйғониш даврида менинг ҳам ҳиссам бўлиши керак, деган фикрни шакллантира олсак, режаларимиз, интилишларимиз янада тез ва юқори самара бера бошлайди.

    — Маданий мерос ҳақида кўп гапиряпмиз. Вазирлик ҳузурида алоҳида департамент ҳам ташкил этилди. Бугун мамлакатда маданий мерос объектларини тиклаш, асраб-авайлаш, такомиллаштириш борасидаги ишлар кўлами қандай кечяпти? Биз қайси босқичдамиз?

    — Ўзбекистоннинг маданияти мангуликка дахлдор, деган асосли жумлада биз маданий қадриятлар ва маданий мерос объектларининг улуғворлигини, авлодларимиз тарихини эслатувчи асосий манба эканлигини тушунамиз. Ушбу қадриятларимиз ва маданий мерос объектларимиз ёшлар тарбиясини мукаммал ривожлантириш, улар дунёқарашини ўзгартириб, глобаллашув замонида тубанликка тушиб қолмасликларида асосий манба бўлиб хизмат қилади.

    Мамлакатимиз Президенти Ўзбекистонда кенг кўламли демократик ислоҳотлар асосида янги Уйғониш даври — учинчи Ренессанснинг пойдеворини шакллантириш учун барча шарт-шароитларни яратиш зарурияти, янги миллий мафкурага айланиши, хусусан, маданий меросимизнинг халқаро андозаларга мос равишда сақланишини таъминлаш учун соҳа мутахассислари нималар қилишимиз кераклиги ҳақида безовта бўлмоқда, қайғурмоқда.

    Бир қарашда, ҳамма шарт-шароитлар мавжуд, қонун бор, мутасаддилар бор, муаммо ҳам йўқдек туюлади. Диёримизда тахминан 8000 та моддий маданий меросимиз бор, уларни шу ҳолда сақлашда, авлоддан-авлодга ўтишини таъминлашда ёшларимиз катта куч ҳисобланади.

    Истиқлолимиз шарофати билан Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ), халқаро ЮНЕСКО ташкилоти аъзоси бўлди. 1996 йилда “Умумжаҳон табиий ва маданий меросини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги конвенциясини ратификация қилди. 1991 йилда Хивадаги “Ичан қалъа”, 1993 йилда Бухоро тарихий маркази, 2000 йилда Шаҳрисабз тарихий маркази, 2001 йилда Самарқанд “Самарқанд – маданиятлар чорраҳасида” номи билан Умумжаҳон маданий мерослари рўйхатига киритилган. Бу ўз-ўзидан, юқоридаги меросларимизни халқаро андозаларга мос равишда сақланишини таъминлашимизни тақазо қилади.

    Бу борада нималар қилишимиз лозим, деган саволга шундай жавоб бўладики, аввало, соҳани билимдон мутахассислар билан тўлдириш. Шу билан бирга, мавжуд соҳа мутахассисларини меросимизни халқаро андозаларга мос равишда сақланишини таъминлашга қайта тайёрлаш, замонавий илм-фан, техника ютуқлари ва халқаро андозаларга мос равишда ишлаш, шунингдек, халқаро тажрибаларни ўрганиб, соҳага тадбиқ этиш ҳозирги пайтдаги долзарб масалалардан ҳисобланади.

    Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, яқинда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, институт Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти биносига бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади. Бу билан маданий меросларимизни сақлаш ва келажак авлодга етказиш борасидаги ишларимиз янги босқичга кўтарилади, деб ўйлайман.

    — Халқ оғзаки ижодиётимиз ва миллий санъатимизни тарғиб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Турли халқаро фестиваллар ўтказяпмиз, санъат мактаблари очяпмиз. Бевосита устоз санъаткорларимиз ёшлар билан ишлаяпти. Бу қандай самара беряпти? Ёшларимиз миллийликка қайтаяпти, деб ҳисоблайсизми? Яна қандай ташаббуслар, янги лойиҳалар бор?

    — Республикамизда бугунги кунда 826 та маданият марказлари фаолият юритади, ва булар ҳаваскорлик санъатини ривожлантиришда асосий пойдевор бўлиб хизмат қилади. Ушбу маданият марказларида жами 4522 та тўгарак мавжуд бўлиб уларда 52 970 нафар ҳаваскорлар фаолият кўрсатиб келмоқда. Шундан 37 340 нафарини ёшлар ташкил этади.

    Шунингдек, маданият марказларида 482 та халқ ҳаваскорлик унвонига эга бўлган жамоалар мавжуд бўлиб, ушбу жамоаларга жами 5000 дан ортиқ ҳаваскор иштирок этиб келмоқда. Шу маънода маданият марказлари фаолиятини такомиллаштириш, уларга зарур шароитларни яратиб бериш муҳим ҳисобланади. Бугунги кунга қадар 367 та маданият марказлари таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

    Президентимизнинг 2020 йил 26 майдаги Фармони билан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурининг 25-бандида Маданият вазирлигига маданият марказлари учун янги бинолар қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш вазифаси юклатилган.

    Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида вазирлик томонидан “2021-2024 йилларда маданият марказларининг бинолари комплексини қуриш ва жиҳозлаш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳада 459 та маданият марказлари янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш режалаштирилган.

    Соҳага оид энг қувончли ҳолатлардан яна бири шуки, Президентимизнинг 2019 йил 14 майда қабул қилган “Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори асосида Термиз шаҳрида Республика бахшичилик санъати маркази ва унинг ҳузурида Бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди.

    Халқ оғзаки ижодининг дурдонаси бўлмиш бахшичилик санъатини кенг тарғиб этиш борасида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги мавжуд 233 та маданият муассасаларида бахшичилик йўналиши бўйича синф ва тўгараклар очилиб, 2042 нафар ёшлар жалб этилди. Гўрўғли туркумидан ўзбек халқ достонларидан сараланган “Олтин қобоқ”, “Чамбил қамали” ва “Оламон билан Қорамон” номли достонлар 1000 нусхадан чоп этилди.

    Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, I Халкаро бахшичилик санъати фестивали ғолиби Абдуназар Поёнов, Ўзбекистон халқ бахшилари Қаландар (Рўзимбой) Норматов, Қаҳҳор Рахимов, Маҳматмурод Ражабов, Тенел Қаллиев, бахши Гулсара Жолдасбаева билан ижодий учрашув ташкил этилиб, Ўзбекистон миллий телерадикомпаниясининг марказий ҳамда ҳудудий телеканаллари орқали намойиш этилди.

    Бахшичилик санъати, тарихи, бахшилар хақидаги маълумотлар, улар ижро этган асарларни ўз ичига олган реестр тузилиб, Маданият вазирлиги ҳузурида “bakhshi.uz” сайти фаолияти йўлга қўйилди. Бундай ишлар замирида албатта, ёшларда миллийлигимизга муҳаббат ҳиссини ошириш мақсади турибди.

    Термиз шаҳрида 3 нафар бахшичилик санъати ижрочиларига имтиёзли ипотека кредитлари асосида уйлар берилгани ҳам бахшичилик санъатини ривожлантириш истагидаги ёшларимизга янада куч бағишлаши, шубҳасиз.

    Албатта, бу борада ҳам муаммолар йўқ эмас. Хусусан, Маданият марказларида мусиқа чолғулари ва бошқа жиҳозлар билан таъминланганлик даражаси 60 фоизни ташкил этади. Чолғулар, овоз кучайтиргич ускуналари, саҳна либослари ҳамда моддий техника базаси (мебель жиҳозлари)ни мустаҳкамлаш зарур бўлади.

    Маданият марказларининг молиялаштириш ҳамда намунавий штатлари жадвали бугунги замон талабига жавоб бермаётгани яна бир камчилик бўлса, Маданият марказлари биноси ва ҳудудидаги ер майдонларини Маданият вазирлиги билан келишилмаган ҳолда маҳаллий ҳокимликлар томонидан захирага олиниб, хусусийлаштирилаётгани ҳам жиддий муаммолардан биридир.

    Бундан ташқари, ҳатто нуфузли унвонга эга бўлган жамоаларнинг саҳна кийимлари етарли эмас. Жамоалар томонидан вилоятнинг чекка ҳудудларида, маҳаллаларда концерт томошаларини ташкил этишда транспорт ажратиш масаласи ҳам ечимини кутаётган муаммолардан.

    Республика Бахшичилик санъати маркази ва унинг ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармасини Тошкент шаҳрига кўчириш ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари бўлимларини ташкил этиш бахшичилик санъатини дунё миқёсида кенг тарғиб этишда муҳим омил бўлади.

    — Сиз етакчилик қилаётган соҳа ғоят серқирра. Хусусан, тасвирий санъат, кино, театр, музейларсиз ҳеч бир халқ маданиятини тасаввур қилиб бўлмайди. Юртимизда мазкур санъат турларига қаратилаётган эътибор, эришилаётган ютуқларга қандай баҳо берасиз?

    – Аввало музейлар мавзусига тўхталсам. Кейинги йилларда, айниқса, сўнгги 3-4 йилда музейлар соҳасига берилаётган эътибор, амалга оширилаётган ишлар, ютуқлар ҳақида жуда кўп гапириш мумкин. Бундан ташқари, Президентимизнинг “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам музейлар соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, муҳим вазифалар ва топшириқлар белгилаб олинди.

    Жумладан, ўтган 3-4 йил давомида 10 дан ортиқ янги музейлар ташкил этилди. Хусусан, Мўйноқ Экология музейи, Шаҳрисабз шаҳридаги Мақом музейи, Фарғона вилоятидаги Эркин Воҳидов уй-музейи ҳамда мемориал музейи, Хазиний уй-музейи, Қўқон шаҳридаги Буюк алломалар музейи, Бухоро вилоятидаги Мутал Бурхонов уй музейи, Самарқанд вилоятидаги Эргаш Жуманбулбул ўғли ёдгорлиги музейи, Наманган вилоятидаги Исҳоқхон Ибрат, Жиззах вилоятидаги Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Шароф Рашидов ёдгорлик музейлари, Тошкент шаҳридаги Абдулла Қодирий уй-музейи ҳамда Абдулла Қодирий мемориал музейлари шулар жумласидан.

    Ушбу давр давомида яна 15 га яқин музей биноларида реконструкция қилиш, таъмирлаш-тиклаш ишлари изчил олиб борилди. Бунга яққол мисол сифатида, Сурхондарё вилоят тарихи ва маданияти давлат музейида олиб борилган реконструкция, Самарқанд шаҳридаги Садриддин Айний ёдгорлик уй-музейи, Чирчиқ шаҳар тарихи музейларида олиб борилган мукаммал таъмирлаш ишларини кўрсатиш мукин.

    Жумладан, 2020-2025 йиллар давомида босқичма-босқич ҳар бир туман ва шаҳарда тарих ва маданият давлат музейларининг филиаллари шаклида ўлкашунослик музейлари ташкил этиш белгиланди.

    Ўзбекистон давлат санъат музейи ва Ўзбекистон тарихи давлат музейида музейшунослик, санъатшунослик, маданиятшунослик йўналишларида ихтисослаштирилган илмий кенгашлар ва илмий-методик кенгашлар ташкил этиш белгиланган эди ва ҳозирги кунда Ўзбекистон давлат санъат музейи ҳамда Ўзбекистон тарихи давлат музейида ихтисослаштирилган илмий кенгашлар фаолияти йўлга қўйилди.

    2020 йил сентябрь ойидан бошлаб давлат музейларида ҳар ойнинг биринчи якшанбаси “очиқ эшиклар куни” деб эълон қилинди ва ушбу “очиқ эшиклар куни”да фуқаролар музей ашёлари ва музей коллекцияларини кириб кўриш учун давлат музейларига бепул киритилиши кўзда тутилди.

    Тошкент шаҳрида Ўзбекистон тарихи давлат музейи учун янги бинолар комплексини қуриш белгиланди. Шунингдек, театр санъати ўзининг жамият олдидаги вазифаси ва ривожланиш йўлини тўғри белгилаб олди, десак муболаға бўлмайди.

    Театр санъати асрлар давомида инсонларни тарбияловчи, маънавиятини шакллантирувчи қудратли восита ҳисобланиб келган. Шу сабабли бўлса керак, саҳна санъати мавқеини янада ошириш, моддий-техник базасини замон талаблари даражасида такомиллаштириш, замонавий биноларини қуриб фойдаланишга топшириш, энг муҳими янги театрлар ташкил этиш борасида давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан жуда катта ишлар амалга оширилмоқда.

    Сўнгги йилларда театр санъатига, ижодкорларга эътибор кучайди. Биргина мисол, 2020 йилда 39 театрнинг 15 тасига спектакль саҳналаштириш учун 2 миллиард 400 миллион сўм маблағ ҳисобида давлат буюртмаси ажратилди. Ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Республика қўғирчоқ театрлари, ёш режиссёрларнинг “Дебют” кўрик фестивали илмий-амалий конференция ва семинарлар ўтказилди. Пьесалар танловлари ўтказилиб, ғолиб муаллифлар тақдирланди. Драматургларнинг бир неча йиллик қалам ҳаққидан қарздорлик бартараф этилиб, 41 нафар муаллифга қалам ҳақи тўлаб берилди.

    Пандемия сабабли нисбатан оғир йил бўлишига қарамай, театрларимиз ҳам ўз вазифаларини сидқидилдан бажармоқда, маълум муддат масофадан ишлаш тизимига ўтди. Йил давомида репертуар режага киритилган спектаклларнинг деярли 95 фоизи саҳналаштирилди.

    Улуғ намояндаларнинг хотира кечалари, таниқли санъаткорларимизнинг ижодий кечалари ва бенефислари ўтказилди.

    Карантин бўлишига қарамасдан театрлар ҳамда Ўзбек давлат циркининг ижодий ходимлари ишдан узилмаган ҳолда 2020 йил учун режалаштирилган 22 та гастролларининг 2 тасини жонли, қолган 20 тасини республика бўйлаб онлайн амалга оширди.

    Ўзбекистон Республикаси бутун дунё болалар ва ёшлар театрлари ассоциациясига аъзо бўлди. Тасвирий санъат ва кино соҳасида ҳам туб бурилишларга гувоҳ бўляпмиз. Президентимизнинг 2020 йилнинг 21 апрелидаги “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар фикримиз далилидир.

    Давлатимиз раҳбари ўтган йилнинг 20 ноябрь куни киноижодкорлар билан учрашувида соҳа истиқболи учун белгилаб олинган қатор вазифалар ўзбек киносининг порлоқ келажагига хизмат қилади, деб ўйлайман.

    — Айни пайтда вазир ҳамда Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ректорисиз. Миллий мусиқа санъатига алоҳида олийгоҳ ташкил этиш даражасидаги жиддий эътиборга сабаб бўлган омиллар нималардан иборат, деб ўйлайсиз? Янги институтнинг соҳани ривожлантиришдаги ўрни сизнингча қандай бўлади?

    — Агар мақом санъатининг истеъмолчиси бўлмаса, 50 йилдан кейин бу санъат яшайдими йўқми, деган жиддий масала кўндаланг бўлади. Бизга уни асраб қолиш баробарида давом ҳам эттирадиган, менинг миллий бойлигим, ғурурим ота-боболаримдан қолган мерос, дея қадрлайдиган ёшлар керак. Бу даражага етиш, мақомни эшита олиш учун эса илм керак. Китобга, адабиётга, назмга ошно бўлмаган одам уни англай олмайди. Шу маънода, мазкур янги ташкил этилган институт аввало, ёшларда миллий руҳ, унга ҳурматни тарбиялаши кўзда тутилган.

    Қолаверса, ушбу институтнинг ташкил этилишига маданият соҳасининг муайян эҳтиёжлари сабаб бўлди. Хусусан, мақом ижрочилиги ва бахшичилик санъати бўйича юқори малакали мутахассислар ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш, миллий мусиқа санъати ва халқ ижодиёти йўналишларида хорижий таълим муассасалари ва марказлари билан халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, маданият муассасалари ва бадиий жамоалар билан талабалар амалиётини ташкил этиш каби кенг кўламдаги вазифалар ва режалар институт зиммасига қўйилган. Табиийки, янги ташкил этилган институтнинг асосий фаолият йўналишлари этиб белгиланган ушбу вазифаларни амалга ошириш борасида бутун жамоа билан жипслашиб иш бошладик. Ўйлаймизки, янги олийгоҳ маданият соҳасига, мақом санъатимизга энг профессионал, ҳар томонлама етук ва баркамол соҳа ходимларини муносиб тарбиялашга хизмат қилади. Бу эса тараққиётимизнинг бош мезони бўлган маданий-маънавий эврилишларни янада жадаллаштиришга хизмат қилади.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Муножат МЎМИНОВА суҳбатлашди.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates