Давлатимиз раҳбари раислигида шу йил 4 март куни олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш ҳамда уларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, соҳада қилиниши зарур бўлган вазифалар белгилаб берилди.
— Президентимизнинг талабалар бандлигини таъминлаш борасида берган топшириғи ижроси бўйич а олийгоҳимизда мавжуд бўш иш ўринлари ҳамда илмий ва стартап лойиҳаларга 60 дан ортиқ магистрантни ишга қабул қилдик, — дейди Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали директори Шавкат Ҳасанов. — Филиалнинг 9 магистранти Германиянинг қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирувчи ҳамда қайта ишловчи етакчи кластерларига иш ҳақи тўланадиган 3 ва 6 ойлик стажировкага юборилган. Стажировкалар юртимизда нисбатан янги тармоқ бўлган ва кадрлар танқислиги мавжуд доривор экинларни етиштириш, қайта ишлаш ҳамда гулчилик соҳалари бўйича амалга оширилмоқда.
— Давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилиши ўтказганидан сўнг олийгоҳимизда ҳам катта ўзгаришлар кузатилди, — дейди филиалнинг 2-курс магистранти, фарғоналик Мирмуҳсин Нуралиев. — Олий ўқув юртида ёшларнинг илм билан шуғулланиши ва хорижий тилларни ўрганиши учун яратилган шароитлар туфайли кўплаб тенгдошларимиз дунёнинг ривожланган мамлакатларида ҳақ тўланадиган илмий стажировкалар ўтамоқда. Жумладан, мен ҳам айни пайтда Германия давлатида JD East дастури орқали ташкил этилган 6 ойлик қишлоқ хўжалиги амалиёти билан бандман.
Амалиётни Германиянинг яшил юраги номи билан дунёга машҳур Тюринген федерал ҳудудида жойлашган “Fuß Hopfenbau” агрокластерида курсдошларим Ҳаётжон Абдуллаев, Достон Бердимуродов ва Соҳибжон Ниёзов билан бирга олиб боряпмиз. Hopfen ёки қулмоқ (хмель) ўсимлиги дунёда кам тарқалган, кўп йиллик доривор ва техник ўсимликдир. Биз стажировка ўтаётган фермер хўжалигида ушбу ўсимлик 200 гектардан зиёд майдонда етиштирилмоқда. Уни етиштириш агротехникаси, яъни экинни парваришлаш, сув тежовчи технологиялар ёрдамида суғориш, касаллик ҳамда зараркунандалардан ҳимоя қилиш, ҳосилни йиғиш, қадоқлаш каби жараёнларни ўрганиб, малака оширяпмиз. Амалиётдан қайтгандан сўнг бу ерда олган билимимизни юртимиз қишлоқ хўжалиги ривожи учун қўллаймиз.
— Биз айни дамда Германияга ҳақ тўланувчи ёзги 3 ойлик амалиёт ўташ учун келганмиз, — дейди филиалнинг 1-курс магистранти Сайёд Сайфиев. — Дюссельдорф шаҳрида жойлашган, гулчилик ва боғдорчиликка ихтисослашган “Becker Gartenbau” хўжалигида курсдошим Элёр Нортошев билан бирга тажриба ва билимимизни оширяпмиз. Ушбу хўжаликда ҳозир гулнинг 100 дан ортиқ тури етиштирилиб, парваришланмоқда. Улар бутун Европа бўйлаб экспорт қилинади.
Айниқса, лавандани етиштириш ва парваришлаш бизда катта қизиқиш уйғотди. Бу экинни етиштиришга европаликлар жуда катта эътибор қаратади. У кўпчиликни ўзига жалб қилади, шунинг учун табиий санъат асари даражасида қадрланади. Хўжаликда бу каби гулли ўсимликларни етиштириш билан бир қаторда уларнинг маркетинги билан ҳам қизиқиб, гул бозорини ўрганмоқдамиз. Албатта, ушбу ўрганганларимиз келгусида халқаро тажрибага эга, етук мутахассис бўлишимизда ўз самарасини беради, деган умиддамиз.
Президентимизнинг 2021 йил 4 августдаги “ Республика ҳудудларида гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини янада ривожлантириш тўғрисида”ги қарори билан 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб қишлоқ хўжалиги йўналишидаги олий таълим муассасаларида гулчилик магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилиши белгиланган бўлиб, янги ўқув йилидан филиалда ҳам гулчилик бўйича магистрлар тайёрланиши режалаштирилган. Халқаро даражадаги илм-фан ютуқларини мукаммал ўзлаштирган ва уни соҳага қўллай оладиган рақобатбардош кадрлар барча соҳада бўлгани каби қишлоқ хўжалиги тараққиётида ҳам ўз самарасини беради.









