Семинарда маҳаллий Кенгашлар фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича доимий комиссияларининг фаолиятини самарали ташкил этиш, уларнинг Қўмита ва маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорлигини кучайтириш, маҳаллий Кенгашлар томонидан маҳаллий ижро ҳокимияти устидан депутатлик назоратини амалга ошириш ҳамда қонун муҳокамаларини қуйи бўғинлар депутатлари билан муҳокамадан ўтказишга эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Тадбир давомида қонун ижодкорлиги жараёнида маҳаллий Кенгашларни яна-да фаол жалб этиш, ҳар бир қонун бўйича уларнинг фикрини, ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, ҳудудларда таълим ва соғлиқни сақлаш бошқарув органларига Кенгаш сўрови ва текшируви каби янги механизмларни жорий этиш орқали ҳудудий ижро органлари фаолияти устидан назоратни яна-да кучайтириш, бунда мактабгача, мактаб, олий таълим ҳамда соғлиқни сақлаш муассасалари фаолиятини ташкил этишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мумкинлиги маълум қилинди.
Семинарда Сенат томонидан ишлаб чиқилган услубий қўлланма тақдимоти ўтказилди.
Таъкидланганидек, ушбу қўлланма доимий комиссияларнинг фаолиятини самарали ташкил этишга, уларнинг асосий йўналишлари бўйича режаларни белгилаш, муҳокамаларни тўғри ташкил этиш ва аниқ натижаларга эришишда амалий ёрдам беради.
Шунингдек, семинар давомида Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим, фан ва инновациялар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари масъулларининг маърузалари тингланди.
Улар томонидан маҳаллий ҳокимият органлари ва доимий комиссиялар ўртасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш ва ҳудудий муаммоларни жойида ҳал этиш бўйича тавсиялар берилди.
Доимий комиссия аъзолари маҳаллий ҳокимият органлари билан келгусида ўзаро ҳамкорлик қилиш юзасидан таклифларини билдирди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.