Мамлакатимиз тоғ-кон саноати оғир жудоликка учради

    Мамлакатимизда 21 октябр 2021 2845

    Ўзбекистон Қаҳрамони Анатолий Николаевич Панин

    Бутун меҳнат фаолияти давомида Навоий кон-металлургия комбинатида фидокорона хизмат қилган моҳир экскаваторчи-машинист, меҳнат фахрийси, Ўзбекистон Қаҳрамони Анатолий Николаевич Панин шу йил 21 октябрда 72 ёшида вафот этди.

    А.Панин 1949 йил 12 март куни Россия Федерациясининг Тула вилоятидаги Узлов туманида туғилди. Ўрта мактабни тугатиб, дастлаб Дон шаҳридаги касб-техника мактабида, кейинчалик Навоий касб-ҳунар техникумида таҳсил олди.

    Бутун ҳаёти ва меҳнат фаолиятини Ўзбекистон тоғ-кон саноати ривожига бағишлаган А.Панин Навоий кон-металлургия комбинатининг Шимолий кон бошқармасига қарашли “Шарқий” карьерида иш бошлаб, кўп йиллар давомида экскаватор машинисти, машинистлар бригадири, участка устаси вазифаларида самарали хизмат қилди.

    Ўз касбининг ҳақиқий жонкуяри бўлган А.Панин бой билим ва тажрибаси, барчага ибрат бўладиган меҳнатсеварлик, мардлик ва матонат, жонажон Ватанимизга муҳаббат сингари юксак инсоний фазилатлари билан нафақат кончилар жамоатчилиги, балки кўп миллатли халқимизнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлди.

    У Қизилқум саҳроси бағридаги ноёб қазилма бойликларини ўзлаштиришда жонбозлик кўрсатди.

    А.Панин айниқса мустақиллик йилларида шарафли меҳнати, шахсий ибрати, жамоатчилик ишларидаги фаол иштироки билан иқтисодиётимизнинг муҳим стратегик йўналиши бўлган тоғ-кон саноати ривожини янги босқичга олиб чиқиш, ушбу тармоқда янгича ишлаб чиқариш муносабатлари ва анъаналарини шакллантиришга муносиб ҳисса қўшди.

    Айни пайтда ёш кончилар авлодини тарбиялаш, ўзи истиқомат қилган Учқудуқ туманини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш, ишлаб чиқаришда юқори иқтисодий самарадорликка эришишда унинг хизматлари катта бўлди.

    Кейинги йилларда халқ депутатлари Учқудуқ тумани Кенгаши депутати сифатида ҳудудда ислоҳотларни амалга ошириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, турли миллат вакиллари ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, спорт ва соғлом турмуш тарзини оммалаштиришда алоҳида фаоллик кўрсатди.

    А.Паниннинг давлатимиз ва халқимиз олдидаги улкан хизматлари юксак даражада эътироф этилиб, 1995 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” олий унвони ҳамда “Олтин юлдуз” медали билан мукофотланган эди.

    Мамлакатимиз кон-металлургия соҳасининг чинакам фидойиси ва муҳтарам фахрийси, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Анатолий Николаевич Паниннинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

    Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов,

    А.Арипов, Қ.Турсунов, Қ.Санақулов

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates