Ҳаёт суръатининг тезлашуви деб аталаётган бугунги глобаллашув шароитида маънавий тарбия иқтисодий ўсиш, илмий тафаккур, маърифий етуклик каби тушунчалар қаторида етакчи ўринга эга бўлиб турибди. Чунки айни шу соҳада юзага келаётган муаммолар бошқа соҳалардаги муаммолар ечимига бориб тақалади.
Маънавий тарбияни тўғри йўлга қўймай туриб, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, жуғрофий ва экологик муаммоларни ҳал қилиб бўлмайди. Чунки бу муаммоларнинг келиб чиқиши умуммаънавий тарбияда юзага келган бўшлиқ, бепарволик билан боғлиқ.
Маънавият оқсаса илмий тараққиёт тўғри йўлдан чалғиши мумкин – бугун дунёнинг фавқулодда истеъдодли олимлари, туғма қобилият эгалари соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитга зарар етказмаслик, инсон маиший турмушини яхшилаш муаммолари билан эмас, замонавий қурол-яроғлар яратиш билан шуғулланмоқдалар.
Таассуфки, инсон ақл-заковатининг юксак самараси бўлган интернет омборлари беҳаёлик, зўравонлик, босқинчи ва талончилик, зино ва бошқа иллатлар билан тўлиб-тошган. Матбуот хабарларига қараганда, бу тизимда ёшларни ўз-ўзини, бошқа гуноҳсиз одамларни ўлдиришга ўргатувчи сон-саноқсиз сайтлар бор экан.
Маънавият бир четга суриб қўйилса, янги бойлар хайр-саҳоват, мурувват йўлини қўйиб, ҳою ҳавасга, тутуриқсиз харажатларга бериладилар, бемаъни урф-одатларни ўйлаб топадилар ва шу ишлари билан ном қозонадилар.
Дунё дунё бўлиб, пул, бойлик юзага келганидан бери ҳеч бир бойвачча “Бўлди, мол-мулким ошиб-тошиб кетди, бошқаларга ҳам қолсин”, деган эмас. Маънавиятли киши, агар унинг атиги бир кунлик ризқидан бошқа ҳеч вақоси бўлмаса ҳам, шукр қилади, шу ризқни оғзига солаётиб, бошқалар тўғрисида ҳам ўйлайди.
Бундан англашиладиган хулоса шуки, эндиликда дунёни куч, бойлик, қурол-яроғ, дўқ-пўписа эмас, имон-эътиқод, фаҳм-фаросат, ақл-идрок, таълим-тарбия билан мужассамлашган маънавият қутқаради. Коронавирус пандемияси инсон ҳаётида кутилмаганда ғаройиб ҳолатлар ҳам юз бериши мумкинлигини ошкор қилди.
Улардан бири – тождор вирус ҳамласи пайти ҳисобсиз бойликка эга кишилар ҳам бу офатдан четда қолмадилар. Халқона айтганда, “Бир кафт буғдой ош бўлди, тилла, кумуш – тош бўлди”.
Шу сабабдан ҳам бугун дунёда кечаётган мураккаб жараёнларни таҳлил қилишда уларга, энг аввало, маънавият кўзи билан қараш, ҳаётимизга кириб келаётган, турмуш тарзимизга сингдирилаётган “қоида”лар кимга ва нимага қаратилганини аниқлаш, аҳоли турли қатламларига таъсирини ўрганиш, миллий манфаатларимизга, ҳаёт тарзимизга зид жиҳатларини очиб бериш, ва, табиийки, зарур чоралар кўриш муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги дунёнинг ўзига хос хусусияти шундаки, ривожланган, иқтисоди бақувват давлатлар ҳам, бу йўлга энди-энди кириб келаётган мамлакатлар ҳам ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда, ўзининг шахсий манфаатидан келиб чиқади.
Йирик давлатлар иқтисоди энди-энди оёққа тураётган мамлакатларга маълум маънода иқтисодий, сиёсий ва бошқа босим ҳам ўтказади. Иқтисодий тазйиқни сезиш осон, аммо мафкуравий тазйиқ кўринмас бир офат янглиғ халқ, миллат ҳаётига пистириб кириб келади ва илдиз отади. Иқтисодий тангликни енгиш мумкин, аммо маънавий таназзул оқибатларини тугатиш ғоят мураккаб вазифа.
Демак, миллий тикланишдан миллий юксалиш йўлига ўтаётган Ўзбекистон учун маънавий тарбия бугун ҳар қачонгидан кўра ҳам аҳамиятлидир. Давлатимиз раҳбарининг қарорида бу борада амалга оширилиши лозим бўлган бирламчи муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Шу билан бирга, олиб борилаётган кенг кўламли тадбир-чораларга қарамасдан маънавий-маърифий ислоҳотларнинг самарасига тўсиқ бўлаётган тизимли муаммолар сақланиб қолаётгани сабаблари аниқ-равшан кўрсатиб берилган. Чунончи, маънавий-маърифий тарбия ишини ташкил этишда яхлит самарали, таъсирчан тизим мавжуд эмас, миллий тараққиёт билан бевосита боғлиқ бу жараёнга даҳлдор илмий-тадқиқот ишлари суст олиб борилмоқда, ҳокимликлар, фуқаролик жамияти ва маҳалла институтлари, хусусий сектор ҳамда оммавий ахборот воситаларининг ижтимоий ҳамкорлиги йўлга қўйилмаган.
Боз устига, ҳокимлик, вазирлик ва бошқа расмий идораларнинг айрим раҳбарларида маънавият масалалари билан шуғулланишга, ОАВ имкониятларидан унумли фойдаланишга, мавжуд муамоларни биргаликда ҳал этишга хоҳишнинг ўзи йўқ. Улар матбуотни ортиқча ташвиш келтирадиган, камчилик ва нуқсонларни ошкор қиладиган восита деб тушунадилар ва шу сабабли газета-журнал ўқимасликлари билан бошқалардан ажралиб турадилар.
Давлатимиз раҳабарининг қарорида маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари сифатида, биринчи навбатда, “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғоясини умуммиллий ҳаракатга айлантириш, оила, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш вазифаси қўйилган.
Бунда маъанвий тарбия билан боғлиқ ишлар маълум ҳудудларда эмас, бутун мамлакатда яхлит олиб борилиши ва ҳамма жойда талаб даражасидаги самарага эришилиши кўзда тутилади. Шундан келиб чиқиб, маънавий тарбия билан боғлиқ тарғибот-ташвиқот ишлари қандай самара бераётгани билан шуғулланувчи доимий мониторинг тизими жорий этилади.
Муҳим вазифалардан яна бири – эл-юрт тақдирига лоқайд, иш услубида маҳаллийчиликка, уруғ-аймоқчиликка, таниш-билишчиликка йўл қўядиган раҳбарлар билан муросасиз бўлиш. Бу иллатлар алоҳида бир мамлакатда бугун ёки кеча пайдо бўлган эмас.
Улар ҳамма жойда ва ҳамма вақт ижтимоий адолатнинг бузилишига, ҳалоллик ва виждонийлик илдизларининг сустлашишига, ошкоралик қолиб, ими-жимида иш битиришга сабаб бўлади. Шу боис, давлатимиз раҳбарининг янги халқчил сиёсатида бундай номақбул ҳолатларга барҳам бериш муҳим ўрин тутади.
Қарорда маданият, адабиёт, кино, театр, мусиқа ва санъатнинг барча турлари, ноширлик-матбаа маҳсулотлари, оммавий ахборот воситаларида маънавий-ахлоқий мезонлар, миллий ва умуминсоний қадриятларнинг устуворлигига эришиш, геосиёсий ва мафкуравий жараёнларни мунтазам равишда ўрганиш, терроризм, экстремизм, ақидапарастлик, одам савдоси, наркобизнес ва бошқа хатарли таҳдидларга қарши самарали ғоявий кураш олиб бориш вазифаси ҳам қўйилган.
Токи шундай экан, бу курашни ташкил этишдаги номутаносибликлар – босма нашрларнинг жойларга, айниқса, ўқув юртларига ўз вақтида ва изчил етиб боришини таъминлаш, бунинг учун почта хизматларининг асоссиз ошиб боришига йўл қўймаслик, ўрта таълим мактаблари кутубхоналарини маънавий-маърифий нашрлар билан доимий равишда тўлдириб бориш талаб этилади. Президент Шавкат Мирзиёев айтганидек, бундай журналларни ўқимаган ёшларни маънавий етук инсонлар этиб тарбиялаш қийин.
Қарорда Маънавият ва маърифат Кенгаши олдига миллий ғоя тарғиботида соҳалар ва ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олиш, аниқ мақсадга йўналтирилган тарғибот-ташвиқот дастурларини ишлаб чиқиш, аҳоли, айниқса, ёшларни ислом дини ва фалсафасига, бошқа диний конфессияларга ҳурмат-эҳтиром ва бағрикенглик руҳида тарбиялаш, миллатлараро тотувлик ва ўзаро меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашга қаратилган маънавий-маърифий тадбирларни амалга ошириш, матбуотда илмий-ижтимоий мавзуларда мақолалар эълон қилиш вазифаси қўйилган.
Бунда жамоатчиликнинг эътиборга молик таклиф ҳамда фикр-мулоҳазаларини инобатга олиш, мафкуравий жараёнлар таҳлили, соҳага оид янгиликларни тўплаш, тайёрлаш ва тарқатишга алоҳида эътибор бериш зарур бўлади. Ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари деганда маънавий тарғибот ишига жалб этилган воизлар маъруза матнини тайёрлашда ҳар бир туман, қишлоқ ёки чекка бир ҳудуднинг жуғрофий жойлашуви, этник таркиби, муаммолари ва бошқа жиҳатларни ҳисобга олиши, маърузани маҳаллий факт ва рақамлар, айни шу ҳудудда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, давлат дастурларида кўзда тутилган режалар билан бойитиши талаб этилади.
Бу йўналишда “Маънавият тарғиботчиси” таълим муассасаси негизида Марказ ҳузурида ташкил этиладиган Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташаббускор бўлиши талаб этилади.Шу ўринда ушбу вазифаларнинг бажарилишига даҳлдор мутасаддилар эътиборини бир ҳолатга қаратиб ўтмоқчиман. Бизда, юқорида келтириб ўтилган иллатларга қўшимча, яна бир ғаройиб иллат ҳам бор. Бошқача аташ мумкин эмас.
Бу – кўзбўямачилик. Яъни, “Фалон вазифани бажариш юзасидан фалон-фалон ишлар қилинди, фалонта тадбир ўтказилди, уларда фалон минг киши қатнашди” қабилида юқорига сохта, ярим ёлғон ҳисобот йўллаш. Бир мисол. Кейинги ўн йилда ўтказилган умумхалқ ҳашарларида экилган мевали ва манзарали дарахтларнинг умумий сонига назар ташласак, агар уларнинг ҳар ўнтадан биттаси кўкарганида ҳам, бугун мамлактимизда боғ бўлмаган бир қарич ер қолмасди. Таассуфки, бундай эмас.
Бугун кутубхоналарни маънавий-маърифий нашрлар билан тўлдириш масаласида ҳам шундай бўлмоқда. Баъзи вилоятлардан олинган маълумотларда акс этган рақамларни ўрганар эканмиз, маданий-маърифий журналларга расмийлаштирилган обунанинг аксарияти бир ойлик экани маълум бўлди. Бу билан ким кимни алдамоқда?
Мазкур қарорларга биноан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоат фонди негизида Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси ташкил этилади. Жамғармага “Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси” асосида мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, ўрта махсус ва олий таълим босқичлари учун методик қўлланма, услубий тавсиялар, маънавий-ахлоқий тарбия назарияси ва методикасини бойитишга қаратилган илмий-амалий адабиётлар яратиш, миллий меросимиз, буюк аждодларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссаларини дунё миқёсида тарғиб қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш, адабиёт ва китобхонликни ҳар томонлама ривожлантириш, фаол ижодкорларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш вазифаси юкланади.
Бугун дунёда иқтисодий соҳада – ўзга минтақалардаги табиий бойликлар устидан назоратни қўлга киритиш, мафкуравий соҳада — турли халқларнинг асрлар давомида шаклланган турмуш тарзини ўз манфаатлари йўлида “ислоҳ” қилиш, ёшлар онги ва қалбини эгаллаш, уларни тўғри йўллардан чалғитиш каби носоғлом хатти-ҳаракатлар тобора кучайиб бормоқда.
Бундай ҳаракатлар бир қарашда кўзга унча ташланмайдиган, деярли беозор бўлиб кўринадиган ва ҳатто қизиқарли, жозибали шаклларда олиб борилади. Моддий манфаатдорлик ваъда қилинади.
Ҳаётий тажрибаси етарли бўлмаган ёшлар бундай “жозиба”га тез маҳлиё бўладилар ва ўзлари билмаган ҳолда кимларнингдир тўрига илиниб қоладилар. Ёшларни бундай ҳалокатдан асрашда бадиий адабиёт, маънавият ва маърифат тарғиботи халоскор кучга айланади.
Аҳмаджон Мелибоев,
”Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси