Халқимиз асрлар давомида дунё тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўшган комил фарзандлари, уларнинг илмий-маънавий мероси билан ҳам бошқа халқлар орасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлиб келган. Шарқона таълим-тарбияда ор-номус, одоб-ахлоқ, сабр-қаноат, бағрикенглик, илм-маърифатга интилиш, ўзидан яхши ном, яхши амаллар қолдириш каби фазилатлар бундан минг йиллар аввал ҳам бугунгидек муҳим аҳамият касб этган.
Қалблари илм-маърифат нуридан мунаввар бўлган кишилар ғайриахлоқий хатти-ҳаракатлардан тийилиб, кибрга, ҳою ҳавасга берилмай, белларига камтаринлик белбоғини боғлаб яшаган. Улуғ алломаларимизнинг бизларга қолдирган маънавий меросида бу борада кўп ҳикматли ҳикоятлар бор. Саховатпешалик, бағрикенглик, савобли хайрия ишлари, ҳар қандай ҳолатда ҳам маънавий комилликка интилиш, фарзандларни имон-эътиқодли қилиб тарбиялаш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган.
Шу боис, эл-юртимиз не-не босқину истилоларга, оғир йўқотишларга қарамай, ўзлигини, дину диёнатини сақлаб қолган.
Маърифатли, зиёли кишиларнинг ибратли ҳаёти, илмий хазинаси дунё тамаддуни саҳифаларини ҳамон машъала янглиғ ёритиб келади. Халқимизнинг табиати ва тарихий тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, маънавий тарбия ва маънавий комиллик миллий истиқлол ғоясининг муҳим талабига айланди.
Бу ғоя янги озод ва эркин жамиятимиз ҳаётида қадим-қадимдан жамоа бўлиб яшаш руҳининг бугун ҳам устуворлиги, оила, маҳалла, эл-юрт тушунчаларининг муқаддаслиги, ота-онага, миллатнинг ўлмас руҳи бўлган она тилига муҳаббат, ҳаёт адабийлигининг рамзи бўлмиш аёл зотига эҳтиром, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, меҳр-оқибат каби фазилатларни ўзида тўла акс эттиради. Айни чоғда, бу ғоя қонун устуворлиги, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва ҳурфикрлилик, турли миллат ва элат вакилларига, уларнинг миллий туйғулари ва диний эътиқодига ҳурмат каби умуминсоний қадриятларни ҳам юксак даражада эътироф этади.
Бугун дунёнинг у ёки бу мамлакати, у ёки бу қитъаси эмас, бутун ер юзи турли талатўплар гирдобида қолаётган, қонли можаролар, босқинчилик ҳаракатлари ва, ниҳоят, жумлаи жаҳонни титраган коронавирус пандемияси пайтида умумтирикликни, тинч-тотув ҳаётни, иқтисодий барқарорликни, эртанги кунимизни сақлаб қолишнинг ягона нажот йўли — маънавиятни асрашдир. Фақат шу фазилат билангина омон қолиш мумкин. Ортимиздан келаётган ёш авлод тарбиясига бир кунлик эътиборсизлик, талабчанликнинг бир зум сусайиши ҳам жиддий муаммоларга олиб келади. Бу сабоқ, айниқса, бугун — ёшлар онги ва қалбини эгаллаш учун кураш дунё миқёсида кучаяётган бир пайтда янада муҳим аҳамият касб этади. Бундай тарбия наинки ота-онанинг, устоз-мураббийнинг, жамият тақдирига, тинчлик-тотувликка бефарқ бўлмаган ҳар бир кишининг, давлат ва жамоат ташкилотлари, ижодий уюшмалар, фаол зиёлилар, маҳалла оқсоқоллари, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг ҳам муштарак вазифаси ҳисобланади. Тарбия қаерда суст бўлса, шу ерда турли нохуш иллатлар урчий бошлайди, ёш, ҳаётий тажрибаси кам ёшлар турли ғаразли оқимларнинг таъсирига тушиб қолади.
Социолог олимлар узоқ кузатув ва таҳлиллардан сўнг, жиноий хатти-ҳаракатлар миллий-маънавий тафаккур заифлашган, миллий анъаналарга риоя қилиш сустлашган, тарихий хотира унутила бошлаган ҳамда она тилининг қўлланилиши камайган ҳудудларда кўпроқ содир бўлади, деган хулосага аллақачон келган.
Буюк файласуф олим Абу Наср Форобий ўз асарларида тарбия таълимдан устун турадиган ва таълимга нисбатан эрта бошланадиган жараён эканини исботлаб берган.
Инсоннинг покиза туйғулари, дастлабки ҳаётий тасаввурлари оила бағрида, она алласи ва миллий-маънавий муҳит шароитида шаклланади. Жамият таълим ва тарбияга эътибор берар экан, бу билан у, аввало, ўзининг маънавий-ахлоқий пойдеворини мустаҳкамлайди, ўсиб-улғаяётган ёш авлод дунёқарашининг тўғри шаклланишини, илм-маърифатга ҳавас қўйишларини таъминлайди. Буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий: “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур, замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур”, деганида қанчалик ҳақ эканини бугунги ёш авлоднинг халқаро майдонда эришаётган ютуқларидан ҳам билиб турибмиз.
Мустабид тузум улуғ аждодлардан мерос бўлиб қолган кўплаб қадриятларни феодал ўтмиш сарқити, дея ҳаётимиздан ажратиб қўйди, онг-шууримизга, турмуш тарзимизга ўзининг ғайриахлоқий, маънан пуч ғоя ва “қадрият”ларини сингдирди, шу йўл билан миллий туйғу ва ғурурни заифлаштиришга, тарихимизни сохталаштиришга, хотирамизни сустлаштиришга эришди. Бу йўқотишларни жой-жойига қўйиш осон кечаётгани йўқ.
Бош Қомусимизда инсон шаъни, ғурури, қадр-қиммати, бошқа дахлсиз ҳақ-ҳуқуқлари ҳаётимиздаги олий қадрият даражасига кўтарилди. Ўқиш, меҳнат қилиш, илм-фан, маданият ва санъат ютуқларидан баҳраманд бўлиш, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандларнинг ўз ота-оналарига ғамхўрлик қилиши, ота-оналар фарзандларини вояга етгунга қадар тарбиялашлари каби талаблар миллий қадрият сифатида конституциявий бурчимизга айланди.
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг турли касб эгалари, нуронийлар, ёшлар, ижодкор зиёлилар билан мулоқотларида, Олий Мажлисга Мурожаатномаларида янги авлод тарбиясининг миллий тараққиёт билан бевосита боғлиқлиги олдимизда турган энг муҳим вазифа эканлиги алоҳида уқтирилади. Биз бугун тарихнинг янги уйғониш фаслига пойдевор қўяётган эканмиз, бу улуғ вазифани маънавият асосларини, замонавий билимларни, илғор халқаро тажрибаларни талаб даражасида эгалламай туриб, амалга ошириб бўлмайди. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси, Ўзбекистон ёшларининг биринчи форуми ҳамда Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида маънавият йўналишида белгилаб берган вазифалари бу ишга янада жиддий киришишни тақозо этади. “Чунки бу борада ечимини кутиб турган, ўзгаришлар шамоли кириб бормаган масалалар кўп. Миллий ғоянинг моҳиятини тўлиқ англаб етмаган, эски мафкурани тасаввур қилиб, бунга юзаки қарайдиганлар ҳам йўқ эмас. Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган”.
Оила-маҳалла жуфтлиги ёш авлод тарбияси учун биргаликда масъул десак, муболаға бўлмайди. Кейинги йилларда дунё жамоатчилигининг ўзбек маҳалласига эътибори анча кучайди, оила, никоҳ, болалар тарбияси, ота-она ва фарзандлар муносабатлари каби тушунчаларни жиддий ўрганиш бошланди. Бу қувонарли, албатта. Аммо таассуф билан айтиш керакки, мамлакатимизда оила ва маҳаллага бўлган эътиборни бошқача талқин этаётганлар ҳам йўқ эмас. Улар оила аъзоларининг, масалан, эр ва хотиннинг, ота-она ва фарзандларнинг, турли миллат ва элатларга мансуб маҳалладошларнинг аҳил-иноқлигини, бир-бирларига ҳурмат-эътиборни, фарзандларнинг ота-оналари билан бирга яшашларини, улардан доимо хабар олиб туришларини ортиқча ташвиш, инсон ҳуқуқларининг чекланиши, деб баҳолайди. Уларга қолса, фарзандлар кўпроқ ўзларини, шахсий роҳат-фароғатларини ўйлашлари, вақтларини ота-оналарига сарфлаб ўтирмасликлари керак. Кексалар болаларига “юк” бўлгандан кўра, қариялар уйида истиқомат қилганлари маъқул, дейишади. Биз бугун эркин ва очиқ мамлакатмиз. Аммо бундай қарашларни қабул қила олмаймиз.
Бугун Ўзбекистонда ёшлар маънавиятига оид давлат сиёсатини белгилашда Президентимиз тамомила янги ёндашув зарурлигини уқтирмоқда. Очиқ айтиш керакки, йиллар давомида жамият ёшларнинг ғайрат-шижоатларидан фойдаланиб келди, уларни турли вазифаларга, ҳаракатларга сафарбар этди, аммо зарур ҳаётий муаммоларини ҳал этмади, орзу-ниятлари ёшликка хос жўшқин талқинлари эътиборсиз қолди.
Натижада кўпгина ёшларда ижтимоий фаоллик сусайди, бефарқлик, умидсизлик кайфияти юзага келди. Маънавият бу нохушликларга барҳам беради. Чунки келажакка ишонч, сабр-қаноат, ҳар қандай шароитда ҳам олға интилиш, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик бизнинг қонимизда бор. Мусулмон ота-боболаримиз Андалузияда эришган илмий-маънавий ютуқлар уларни “Оврупо муаллимлари” мақомига кўтарган. Фитрат бобомизнинг “Шарқ сиёсати” асарида қуйидагиларни ўқиймиз: “Африқоға кирган мусулмонлар Амриқо ва Африқони босқон (босиб олган) маданий овруполилардек, ерли халқни битирмак учун тиришмадилар. Уларға маданият бердилар. Амриқоға қўноқ бўлуб кирган Оврупа маданийлари Амриқо ерли халқини битираёздилар, буни билмаған йўқдир. Африқони босиб олған Оврупа жаҳонгирлари у ердаги қора халқни ўлат каби ўлдириб туралар. Ҳолбуки, мусулмонлар Африқонинг Жазоир, Тунис, Фас (Марказий Африка) каби ўринларини олғач, у ерларни тараққий этдурдилар, халқини тинчлантурдилар, улардан буюк одамлар етушдирдилар. Шарқ ўзининг тарихи, сиёсати, ҳунари, инсофи, адолати, ахлоқи ва ҳидмату эътиборлари билан унча юксалмиш, у қадар тараққий этмиш эдиким, тасаввури ҳам бизнинг мияларимизга сиғмайдур. Шарқ маданий йиртғучи эмас эди. Шарқ бошқаларнинг ҳақларини олмас эди. Шарқ башариятнинг юксалиши учун тиришар эди. Шарқ маданият ўчоғи, инсоф бешиги, ахлоқ мактаби, билим мадрасаси эди. Биз, шарқликлар, башариятга қилған хидматларимиз учун бу кунги қонли Оврупаға қарши яхшиғина махтана олурмиз... Негаким, Шарқ билим, ҳунар йўлинда Оврупа жаҳонгирлари қонин ичмак, орқадош уйин таламоқ учун эмас, инсонлик дунёсини юксалтирмоқ учун тиришар эди”.
Бу сатрлар халқимизнинг маънавий илдизлари бориб тақаладиган соф ва покиза чашмаларга элтади. Шу боис, бугун Ўзбекистонда маънавий тарбия бирламчи, эртанги кунимизнинг асосини яратувчи вазифа мақомига эга бўлиб турибди. Бу ишда матбуот, радио-телевидение, хусусан, “Тафаккур”, “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи”, “Маънавий ҳаёт”, “Саодат” журналларида эълон қилинаётган асарлар, таҳлилий мақолалар маънавият тарғиботчиларига жиддий кўмакчи бўла олади.
Олий ўқув юртлари, лицей, коллеж ва умумий ўрта мактабларнинг тарих, она тили ва адабиёт, маънавият асослари ўқитувчилари “Жаҳон адабиёти”да чоп этилаётган Алишер Навоий ғазалларига ёзилган ўзбекча, русча ва инглизча шарҳларни, Азизиддин Насафийнинг “Комил инсон китоби”, Фёдор Достоевскийнинг “Ака-ука Карамазовлар”, Рустам Умматовнинг “Бобур ва Наполеон”, Шарлотта Бронтенинг “Жейн Эйр” асарлари, Исажон Султоннинг “Биби Робия қиссаси”, Марҳабат Бойғутнинг “Ҳокимнинг аёли” ҳикоялари, Фаррухбек Олимнинг “Паҳлавон Муҳаммад — комиллик тимсоли”, Шерхон Қораевнинг “Самоъ йиғинлари ва Алишер Навоий”, Қозоқбой Йўлдошнинг “Поэтик ёлқин ёғдуси”, “Тафаккур”да босилган академик Абдулла Аъзамнинг “Буюк армон”, Элдор Асановнинг “Бизни қандай келажак кутмоқда?”, Нодира Офоқнинг “Навоий ва жадидлар”, “Маънавий ҳаёт”да эълон қилинган Ҳалим Саидовнинг “Беҳбудий феномени”, Эшқобил Шукурнинг “Яшил оламнинг қизил китоби”, Абдулла Улуғовнинг “Қадриятлар ҳам қарийдими?”, “Шарқ юлдузи”да босилган Назар Эшонқулнинг “Тақиқ меваси”, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Ўйин” романлари, Хайриддин Султоновнинг “Халқимиз ҳаётининг бадиий қомуси”, Ҳамидулла Болтабоевнинг “Ҳазрат Навоий ижодидан руҳ олиб” мақолалари муҳтарам ўқитувчиларимиз олдида турган энг катта муаммо — бугунги кун талабларига жавоб бера оладиган мукаммал дарсликларнинг камлиги ўрнини тўлдириши аниқ-ку. Кутубхоналарда бу нашрларнинг, ҳеч бўлмаганда, бир нусхадан бўлиши илмга ихлосманд жуда кўп ёшларнинг олийгоҳлар сари йўлини ёритиши, тарбиячиларнинг адабий-маънавий оламини бойитиши оддий ҳақиқат. Таассуфки, шу оддий арифметикани тушунмаётганлар, тўғрироғи, тушунишни истамаётганлар орасида масъул лавозимли мансабдорлар ҳам бор. Давлатимиз раҳбарининг маънавиятчилар билан мулоқоти бу борадаги сунъий тўсиқларни бартараф этишига шубҳа йўқ.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
“Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири