Мангу эҳтиёж ёхуд квадробер авлодни рағбатлантирувчиларнинг асл мақсади нима?

    Бугун баъзи олимлар сунъий онг таъсирида инсон туйғуларини ўқиш мумкинлигини иддао қилмоқда. Бироқ қанча исбот келтирилмасин, бу иддаолар ўз тасдиғини топганича йўқ. Катта эҳтимол билан топмайди ҳам.

    Бугунги дунё аҳлининг аксари ҳам икки асрнинг, ҳам икки минг йилликнинг гувоҳи бўлган ноёб авлод. Дарҳақиқат, аввалги аср, аввалги минг йиллик ҳозиргисидан тубдан фарқ қилади. Назаримизда, дунё ҳеч бир асрда ХХ асрдагидек кўп фойда ҳам, кўп зарар ҳам кўрмаган. Бироқ унинг тафсилотларини санаб ўтириш фурсати эмас. Гап ҳозирги даврда муомалада турган инсон фалсафаси ҳақида.

    Бир донишманддан сўрашибди:

    Башарият тарихида энг кўп ўрганилган жумбоқ қайси?”. У “Инсон” дея жавоб берибди. Ростдан ҳам шундай. Энг қуюқ ўрмонларда яшовчи мавжудотларнинг турмуш тарзини кузатиш мумкин, энг чуқур сувликлардаги денгиз мавжудотлари ҳаракатларини ўрганиш мумкин, бироқ инсон қалбига кўзгу тутиб бўлмайди.

    Бугун баъзи олимлар сунъий онг таъсирида инсон туйғуларини ўқиш мумкинлигини иддао қилмоқда. Бироқ қанча исбот келтирилмасин, бу иддаолар ўз тасдиғини топганича йўқ. Катта эҳтимол билан топмайди ҳам. Сабаби, инсон қалби илоҳий яратиқ, унинг алгоритмлари фақатгина Яратганга аён. Гап исботи билан бўлиши учун сунъий онг асосида дастурлаштирилган платформага “Сунъий онг орқали инсон қалбини уқиш мумкинми?” дея савол юбордик. Унинг жавоби эса қуйидагича:

    Сунъий интеллект инсон қалбини тўғридан тўғри ўқий олмайди. Юз ифодалари, овоз тони ёки матн контекстини таҳлил этиб, ҳис-туйғуларни тахмин қилишга ёрдам беради. Бу технологиялар муайян ҳолатларда фойдали бўлиши мумкин, лекин уларнинг аниқлиги ҳар доим кафолатланмайди, чунки инсон ҳис-туйғулари мураккаб ва кўп қатламлидир”.

    Дунё инсон тафаккури эришиши мумкин бўлган энг юқори нуқтага етди, дейишга эртадир, сабаби, тафаккурнинг чегараси йўқ. Бироқ ана шу нуқтагача ҳам ақл кучи аллақачон кўплаб маънавий устунларимизга зарба бериб улгургандек. Четдан назар солиб, замонавий дунёга ақл ва руҳ жанги дея таъриф бергинг келади. Ўзимиз ҳам бу жанг иштирокчиси бўлганимиз сабаб мулоҳаза қилишга қийналамиз, келажакни башоратлашда иккиланамиз.

    Бир танишим савол берди: “Замондан ҳимояланишнинг иложи борми?”. Мен “Йўқ”, деб жавоб бердим. У эса “Иложи бор, керакли нарсаларни оласан-у, бирор ғорга кириб, узлатга чекинасан ҳамда ўша ерда яшайверасан”, деди. Менинг жавобим эса бундай бўлди: “Одамлар сенга яқин ерларда турли-туман заводлар қуришади ва улардан чиққан заҳарли газлар сенинг ҳам умрингни қисқартиради”. Танишим шундан кейингина янглиш фикрлаётганини тан олди. Дарҳақиқат, замон ҳаммага бирдек юқади, ундан қочиб қутулмоқнинг чораси йўқ — шароитни ўзгартириш мумкин, холос. Гапимизнинг ҳам қўри шу — бизнинг ҳозирги шароитимиз қандай? Шунчаки истеъмолчими ёки тарқатувчи?

    Илк компьютерлар яратилганда технология соҳасида инқилоб рўй берган. Унга айрим мамлакатлар кундалик ва тижорий юмушларни осонлаштирадиган восита сифатида қараган бўлса, бошқалари учун улар ҳақиқий илҳом манбаи эди. Демак, бундан ҳам зўрларини яратиш мумкин! Қайси тарафнинг ғолиб келганини эса бугуннинг ўзи исботлаб турибди. Таассуфки, биз истиқомат қилаётган минтақа халқлари ҳам биринчи тоифада қолиб кетди. Яъни биз аввалбошданоқ ахбо-

    рот оламида истеъмолчи бўлишни афзал кўрдик. Бунинг жабрини эса ҳали узоқ йиллар давомида чекишга мажбурмиз. Агар бугунги глобаллашувда фақатгина кашфиётлар билан яшаб қолиш мумкинлигини тушуниб етмасак, ахборотга қарши умумминтақавий иммунитетимизни шакллантирмасак, ахборот технологияларига шунчаки соҳа сифатида эмас, тармоқ сифатида қарашни ривожлантирмасак. Бунга тайёрмизми? Ҳамма гап шунда.

    Биз келажакни қандай тасаввур қиламиз? Агар бу савол билан ёшларга юзлансангиз, улар келажакни иқтисодий эркинликка эришганлик, оиласига енгил ҳаётни туҳфа қила олиш имкониятига эгалик кўринишида тасаввур қилади. Катталарда эса аҳвол бундан ҳам қизиқроқ — улар фарзандли бўлиши биланоқ келажакни фарзандлари камолотида деб ҳисоблай бошлайди. Дарвоқе, “Мен эришмаган мақсадларимга болаларим эришсин”, деган тасалли ҳам кўпроқ бизга хос бўлса керак.

    Ахир инсон ақлий қувватининг ўндан бирини ҳам сарфламай туриб, “таслим бўлиш” қанчалик адолатдан бўлади? Бу иродасизликми ёки миллий иммунитет? Энди ўйлаб кўрайлик.

    Қашшоқлик онгимиздан бошланиб турган бир паллада биз қандай қилиб бой мамлакатлар сафига кира оламиз? Наҳотки иқтисодий эркин бўлишнинг ўзигина бутун ҳаётингизни тикишга арзиса? Наҳотки бизда ота-она бўлиш барча орзу-мақсадлар ва инсоний қувватни шунчаки қурбон қилиб қўявериш бўлса?

    Кўриниб турибдики, дунёқарашларимизда камчиликлар йўқ эмас. Инсониятнинг энг ҳақли талаби тенгликдир. Дунёвий илмлар ҳам, илоҳий илмлар ҳам ҳеч нуқтада буни инкор қилмайди. Яъни дунёнинг қайсидир бурчагида сувсизлик шароитида яшаётган болакай қаердадир оби ҳаётни керагидан ортиқ совураётган боладан тежамкорликни талаб қилмоққа ҳаққи бор. Эркинлик, тасаввур, табиий ресурслар модомики умумий мулкимиз экан, ундан барчанинг тенг фойдаланиши адолатдан бўлади. Бироқ бугунги дунёнинг аҳволига қараб, бу қонуният тўла ишламаётганига гувоҳ бўламиз.

    Шу ўринда ҳар бир инсон табиий ҳуқуқларидан фойдаланишни рад қилишга-да бирдек ҳақли. Зотан, биров бировнинг шахсий чегараларига дахл қилишга инсоний ваколати йўқ. Дунё турли тазйиқлар майдонига айланиб улгурдики, кучлилар кучсизларга қарата турли ғоя ва мафкураларни аёвсиз отаётир.

    Бу эса, шак-шубҳасиз, инсон фалсафасининг бузилиши ҳисобланади.

    Ушбу ғоялар ичида энг ачинарлиси эса инсонни ўз моҳиятидан узоқлаштиришга ҳаракат қилинаётганидир. Шулардан бири, масалан, квадробика. Бу субмаданият ижти-

    моий тармоқлар орқали 2020 йилдан буён тарқала бошлаган. Унинг асосчиси бўлган япониялик шахс ҳайвонларга тақлид қилган видеолавҳаларини интернетга жойлаштиради ҳамда бошқаларни ҳам бунга тарғиб қила бошлайди. Бора-бора бу “одат” оммалашиб, квадроберлар сони ошиб борди. Маълумотларга кўра, дунёнинг айрим давлатларида квадробика бўйича мусобақалар ҳам ўтказила бошланган. Таассуфки, бу субмаданиятнинг касофати мамлакатимизгача етиб келди.

    Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳаларда пойтахт кўчаларида айни “одат”нинг қурбонига айланган болакай ҳаракатларини кўришимиз мумкин.

    Ички ишлар вазирлиги хабарида сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда ёшлар ўртасида ўзини муайян ҳайвон қиёфасида акс эттирувчи аксессуарлардан фойдаланган ҳолда ўша жонзот хатти-ҳаракатларига тақлид қилиш кўринишидаги квадроберлик субмаданияти намоён бўлаётгани айтилган.

    Қайд этилишича, бу каби воқеалар Қозоғистон, Россия ва Украина ёшлари орасида ҳам кузатилган. Ачинарлиси, бундай номақбул ҳаракатлар Тошкент шаҳрида ҳам кўзга ташланмоқда. Хусусан, 10 октябрда ҳайвонлар қиёфасидаги ниқобларни тақиб олган квадробер юрганини кўришган, 11 октябрда эса яна бир квадробер йўловчиларга итга тақлидан ҳужум қилган, воқеага гувоҳ бўлган бола қаттиқ қўрқиб кетган.

    Ички ишлар вазирлиги ота-оналарни ўз фарзандларини ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш бўйича ўзларининг маънавий бурчлари ва қонуний мажбуриятла-

    рини бажаришга чақиради. Бола ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашга масъул органлардан бири сифатида вазирлик шундай субмаданият намоён бўлиши ҳолатлари ота-оналар томонидан ўз мажбуриятларини бажармаслик сифатида малакаланишини маълум қилган.

    Хўш, бу субмаданият асосида нима ётади?

    Тавсифни чўзиб ўтирмасдан қисқа қилсак, улар инсонлик қиёфасидан чиқиб, ҳайвонларга хос турмуш тарзини тарғиб қилувчилардир. Маймундек сакраш, итдек ташла-

    ниш, мушукдек овқатланиш ва ҳоказо. Энди эсланг, Дарвин исмли олим ва унинг инсон маймундан тарқаган, деган назарияси бор. Бу назария кўплар томонидан рад қилиб келинган ва келинади. Нега? Чунки у инсонни оддий биологик мавжудот сифатида тасвирлаб, илоҳий яратиқ эканини инкор қилади. Бир сўз билан айтганда, дарвинчилар Худони рад этади. Агар мулоҳаза қилиб кўрсак, квадробика асосида ҳам айни шу ғоя ётибди. Яъни инсонни моҳиятидан мосуво қилиб, унга ҳайвоний нисбат бериш. Этни жимирлатиб юборадиган бу хулоса айни субмаданиятнинг қанчалик салбий эканини кўрсатади. Агар одамзод бундан ўз вақтида ҳимояланмаса, бадали ниҳоятда оғир бўлади.

    Ҳамкасбим ҳикоя қилади: “Фарзандларим ўртасида тахминан бундай суҳбат бўлиб ўтди.

    — Ишонасанми, ҳақиқий мушукка ўхшаб миёвлади. Майса устида тўрт оёқлаб юрди.

    Ҳатто ўртоғи унинг бўйнидан тасма билан боғлаб ҳам олган.

    — Опа, эҳтиёт бўлинг. Улар сизга ташланиб ҳам қолиши мумкин эди.

    Бу суҳбатни яхши тушуниб олиш мақсадида фарзандларимнинг мулоқотига шунчаки қулоқ мусофири бўлиб келаётган эдим, гап шу ерга келганда бирдан ҳушёр тортдим.

    Очиғи, қўрқиб кетдим.

    — Ким ҳақида гапиряпсан? Ким ташланиб қолиши мумкин эди?

    — Мактабимиз олдидаги кўп қаватли уйлар ҳовлисида квадробер қизлар юрган экан. Тахминан биз тенги (демак, 10-12 ёшлар чамаси), — дея суҳбатга ойдинлик киритди у. Эҳтимол, шунчаки ўйнаб юрган қизлардир, дея ўзимни тинчлантириб, интернетдан квадроберлар ҳақида маълумот излай бошладим: квадробика — болалар ва ўсмирлар орасида оммалашган тренд бўлиб, хобби, субмаданият ва фитнесс қоришмаси. Квадроберлар ҳайвонларнинг ниқобларини кияди, дум тақади ва ҳайвонларга тақлид қилиб, тўрт оёқда юради ва сакрайди... Бундан ташқари, бунинг салбий оқибатлари ҳақида эксперт ва психологлар тавсиялари, хавотирлари... Савол туғилади: мушукка тақлид қилаётган қизалоқларнинг ота-онаси қаерда? Улар иш билан банд бўлса, қўни-қўшни йўқми огоҳлантирадиган? Эҳтимол, болалар буни интернетда кўриб, шунчаки ўйин дея қабул қилаётгандир? Бироқ хавфсизлигимизга масъул вазирлик бизни огоҳликка чорлаётган экан, демак, фарзандларимизга, ҳаётимизга яна бир хатар хавф солмоқда.

    Огоҳ бўлишимиз шарт!”.

    Одамзодни инсоний моҳиятидан айиришдан нима наф? Бу аслида жуда оғир савол. Ахир бу кимга керак?! Гап шундаки, дунёда бутун одамзодни бошқариш илинжида юрган гоҳ ошкор, гоҳ пинҳон кучлар бор. Улар баъзан давлат, баъзан ташкилот кўринишида намоён бўлаверади. Лекин бу мақсадга эришиш осон эканми? Зинҳор! Агар башарият соғлом тафаккур қилишда давом этар экан, миллатлар ўз тарихига чуқур ҳурмат руҳида умр кечираркан, бу ғайриоддий мақсадга эришишнинг имкони йўқ. Булар уни жуда яхши англайди. Инсоннинг руҳини ўлдирмай туриб, уни жисмонан ялпи йўқотиш иложсиз.

    Демак, ҳужумнинг асосий нишони — инсон руҳи. Мақсад — уни фалажлантириш. Бу йўлда эса улар иш бериши мумкин бўлган барча воситаларни қўллашга тайёр. Динми, тарихми, тилми, оилами — инсон руҳиятининг асоси бўлган бу хилқатлар денгизига балчиқ тўкмоқ ва уни лойқалатмоқ лозим.

    Инсониятнинг онгли вакиллари томонидан яксон этиб келинаётган иллатларнинг туб илдизига назар солишнинг ўзиёқ юқоридаги мулоҳазага тасдиқ ясайди. Нега улар айнан руҳиятни нишонга олди деб ўйлайсиз? Сабаби, инсоният ўтган асрда шунчалик юқори тафаккур даражасига эришдики, бу бевосита икки Ренессанснинг узоқ муддатли ҳосиласи эди. Энди инсониятни ҳар доим ҳам моддий фитналар билан чалғитиб бўлмасди. Шу туфайли барча хуружлар кўринмаслик касб эта бошлади. Энди янги дунёга янги Ренессанс керак.

    Юртимизда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси асосида ҳам бугунги дунё ишларига қарши иммунитет ҳосил қилиш мақсади ётган бўлса ажаб эмас. Зеро, инсониятни мушкул муаммолардан ҳамиша маърифат қутқарган. Аммо ана шундай залварли ташаббусга миллат вакили сифатида кўпчилигимизнинг жавобимиз кўнгилдагидек эмасдай. Ахир бунинг ҳам туб илдизида минтақа аҳлининг инсоний тафаккурини ҳимоя қилиш ётибди-ку! Буни ҳар биримиз тўғри англаб, зарур хулосалар чиқармоғимиз лозим.

    Замон шиддат-ла одимлаётган, техника тараққий этаётган бўлса-да, инсоният мазмунга ҳамиша эҳтиёж сезади. Мазмун бўлмас экан, маънавият моддиятга эврилишда давом этаверади. Моддиятдан иборат бўлган мавжудотларни эса роботлар деб атаймиз. Ўзимизнинг улардан фарқимиз қолиши учун инсонлигимизни ҳар лаҳза ҳис этмоғимиз, унинг моҳиятини ҳимоя қилмоғимиз, шунингдек, келгуси авлодларга тарғиб қилиб, етказмоғимиз лозим. Зеро, инсон фалсафасининг асосларидан бири ҳам, шубҳасиз, шу.

    Жонибек АЛИЖОНОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates