Бугун ФарДУнинг филология факультетида «Маърифат улашиб» лойиҳаси доирасида таниқли ижодкорлар – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир — Муҳаммад Исмоил, шу билан бирга, «Таҳсин» ҳамда "Келажак бунёдкори" давлат мукофоти соҳиби, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи ва драматург — Жавлон Жовлиевлар билан ижодий учрашув ташкил этилди.
Учрашув аввалида ижодкорлар мамлакатнинг «Яшил Макон» лойиҳасига муносиб ҳисса қўшган ҳолда, факультет боғига эзгу тилаклар билан янги ниҳоллар ўтқазди.
Шунингдек, лойиҳа меҳмонлари факультетда ёш қаламкашлар учун яратилган ижодий муҳит, халқимиз суйган шоир ва адиблар хотирасига бағишлаб барпо этилган ўқув хоналари билан яқиндан танишди.
Ижодий учрашув бошланар экан, дастлаб университет раҳбарияти бугунги ажойиб кеча соҳибларини ташриф билан самимий қутладилар ва давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳудудларда давом этаётган «Маърифат улашиб» лойиҳаси асосида олийгоҳда амалга оширилган ишлар, ушбу ижодкорлар фаолиятига бағишланган маърифий тарғибот тадбирлари хусусида батафсил маълумотлар бериб ўтди.
Шунингдек, меҳмонлар университет ҳаёти, таълим жараёнлари ҳамда талаба-ёшлар ўртасидаги китобхонлик танловлари билан таништириб ўтилди.
Танишув сифатида тадбирда талабалар эътиборига ушбу адиблар ҳаёти ва ижодига бағишланган видеороликлар намойиш этилди.
Тадбирда сўзга чиққан шоир Муҳаммад Исмоил бугунги кутилган тадбир ўзгача кўтаринки руҳда ташкил этилганлигини эътироф этди ва бу олийгоҳдан не-не забардаст ижодкорлар етишиб чиққани, мазкур анъанани бугунинг ёшлари давом эттиришлари зарурлигини уқтирди.
Талабаларга ўз тилакларини билдирган ижодкорлар ушрашувда Фарғона аҳлининг меҳнаткашлиги ва самимийлиги, ёшларнинг адабиётга меҳри, маърифатсеварлигини алоҳида таъкидладилар.
Миллатнинг юксалишида адабиёт ва она тили илми, зиёлиларнинг меҳнати беқиёс аҳамиятга эга эканлиги айтиб ўтилди.
Ижодкорлар билан бўлган мазкур қизғин адабий суҳбатлар талабаларга катта таассурот уйғотди ва ижодий мақсадлар йўлида илҳомлантирди. Кечада ёшлар шеърлар ўқидилар, фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашдилар, устозлардан зарур ижодий тавсия ва маслаҳат олди.
Қизиқувчан талабаларга адабиётга доир саволлар берилди ва мулоқотда фаол қатнашган иштирокчилар бадиий китоблар билан тақдирланди.