Маърифат зиёсини тарқатувчи марказ

    Марказни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад эса, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳиятини теранроқ англаш, Имом Термизий каби юртимиздан етишиб чиққан алломалар ва мутафаккир зотларнинг маънавий меросини чуқур ўрганиб, уни кенг миқёсда тарғиб этишдан иборат.

    Мамлакатимизда илм-маърифат тамаддунига катта ҳисса қўшган мутафаккир-алломаларимизнинг бой илмий меросини ўрганиш, юртимиз ва жаҳонда кенг тарғиб қилиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Термиз шаҳрида Абу Исо Термизий ва термизий алломаларнинг ҳаёти ва маънавий меросини ўрганиш, ҳаётга кенг тадбиқ этиш, ислом динининг асл моҳиятини ҳамда ҳадис илми тарихи ва унинг эзгу ғояларини тарғиб этиш мақсадида Президентимизнинг 2017 йил 14 февралдаги “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.

    Марказни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад эса, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳиятини теранроқ англаш, Имом Термизий каби юртимиздан етишиб чиққан алломалар ва мутафаккир зотларнинг маънавий меросини чуқур ўрганиб, уни кенг миқёсда тарғиб этишдан иборат. Шу маънода Марказ олдига қўйилган мақсад-вазифалардан келиб чиқққан ҳолда, бугунги кунга қадар бир қатор самарали ишлар амалга ошириб келиняпти. Хусусан, муҳаддис Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг шоҳ асари – “Сунани Термизий”нинг ўзбек тилидаги таржимасининг шарҳ ва изоҳлари билан нашрга тайёрланиши бунинг ёрқин мисолидир.

    Шунингдек, “Буюк Термизийлар”, “Термизнинг безавол қалъалари ёхуд Термиз тарихи”, “Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий”, “Термизий алломалардан олтин ўгитлар”, “Муҳаддис ва фақиҳ аллома”, “Икки улуғ донишманд”, “Китобул илал”, “Муҳаммад Ҳаким Термизий рисолалари”, “Буюк юрт алломалари”, “Имом Абу Исо Термизий: ҳаёти ва ижоди саҳифалари”, Ҳаким Термизийнинг Қуръони каримдаги “Фотиҳа” ҳамда “Бақара” суралари тафсирига бағишланган китоби, Абу Жаъфар Термизийнинг “Тафсир” асари каби 30 та китоб ҳамда бир қанча рисолалар нашр этилди. Бундан ташқари, Имом Термизийнинг “Сунан” асарининг ҳанафийлик йўналишидаги 10 жилдли шарҳи ўзбек тилига таржима қилинмоқда.

    Дунёда ислом дини номидан нохолис тарқатилаётган ахборотлар, дин омили билан боғлиқ турфа қарама-қаршиликлар, мафкуравий таҳдидлар ва ботил ғояларнинг олдини олишда маърифат билан ёндашув муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсаддан келиб чиққан ҳолда марказда диний ғояларни илгари сурадиган деструктив оқимларга қарши курашиш йўналишида мотуридийлик таълимоти ва унинг ёрқин намояндалари борасида бир қанча тадқиқотлар ҳам олиб борилди.

    “Мотуридия таълимоти ва Абу Муин Насафий илмий мероси” асарини ушбу йўналишдаги илмий изланишлар самараси, дейиш мумкин. Жумладан, Абу Муин Насафий ўз сулоласининг машҳур вакили, мотуридийлик таълимоти реформатори ҳисобланади. Айни унинг асарлари воситасида Абу Мансур Мотуридий қарашлари кенг жамоатчиликка тушунарли, халқчил содда тилда етказиб берилган.

    Таълим муассасалари, давлат ва жамоат ташкилотларида ташкил этилаётган “Ўзбекистон – буюк алломалар юрти”, “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида тарғибот учрашувлари ва маънавий-маърифий тадбирлар ҳам айни шу йўналишдаги ишларнинг узвий давомидир.

    Президентимиз 2019 йил 17–18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида берган топшириқлари ижроси бўйича ҳам илмий ишлар олиб борилиб, термизий алломалар меросига оид манбалар жамланди. Улар асосида тизимли тадқиқотлар ташкил қилинган.

    Бундан ташқари, Марказ кутубхонасида сақланаётган нодир асарларни саралаб, энг муҳимларини босқичма-босқич ўзбек тилига таржима қилиш ишлари бошлаб юборилган. 2021–2023 йилларда буюк алломаларимизнинг 10 та муҳим долзарб мавзулардаги асарлари изоҳли таржима қилиниб, халқимизга етказилиши режалаштирилган.

    Алоҳида режа асосида Сурхондарё вилоятига мос тарзда буюк аллома аждодларимиз илмий меросига бағишланган кичик ҳажмдаги, халқчил ва ёшларнинг психологик жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда “Имом Термизий”, “Ҳаким Термизий”, “Хожа Алоуддин Аттор”, “Абу Бакр Варроқ Термизий”, “Бурҳониддин Термизий”, “Сўфи Оллоҳёр”, “Хожа Самандар Термизий”, “Розиюддин Чоғоний”, “Адиб Собир Термизий” ва “Абу Жаъфар Термизий” каби 10 номдаги рисола нашр этилди. Ушбу рисолалар халқчил экани, тилининг равонлиги ва илмий асослангани билан аҳамиятли.

    “Устоз – шогирд” анъанасини давом эттириш мақсадида таниқли олим, манбашунос, моҳир таржимон, тарих фанлари доктори профессор Убайдулла Уватов номини абадийлаштириш йўналишида онлайн анжуман ташкил қилиниб, унинг номи Марказдаги манбашунослик хонасига берилди.

    Имом Термизий ва термизий алломаларнинг бой меросини ўрганиш ҳамда кенг тарғиб этиш мақсадида хорижий илмий марказлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, конференция, симпозиум, кўргазма, илмий маърузалар, семинар-тренинглар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш Марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланган. Бу бўйича илмий ходимларимиз 2020–2021 йилларда ташкил этилган халқаро онлайн конференция ва семинарларда мақола ва маърузалари билан фаол иштирок этишди.

    Халқаро ҳамкорлик масалалари ҳам марказ мутасаддиларининг доимий эътиборида бўлиб, бу борада Туркиянинг Карабук университети, Саудия Арабистонининг Риёз шаҳридаги “Информация ва араб-рус тадқиқотлари” маркази ва ислом тарихи, санъати ва маданиятини ўрганиш бўйича халқаро маркази (IRCICA) билан ўзаро ҳамкорликка оид меморандум имзоланганини таъкидлаш ўринлидир. Марказ томонидан Ўзбекистон билан Туркия, Буюк Британия, Франция ва Покистон давлатлари ўртасида тузилган “Йўл харита”ларида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ҳам тадқиқот ишлари амалга оширилмоқда.

    Жумладан, Буюк Британиянинг Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Кембриж университети “Ал-Фурқон” фонди ва Британия кутубхонаси билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Туркиянинг Ибн Халдун университети, Фотиҳ Султон Меҳмед университети, Истанбул Сабаҳитдин Заим, Ислом илмий тадқиқот маркази (ИСАМ), Ислом тарихи, санъати ва маданиятини ўрганиш бўйича халқаро маркази (IRCICA) билан илмий тадқиқот ишларини ҳамкорликда олиб бориш бўйича илмий амалий ишлар бошланган.

    Мамлакатимизда ҳамда хорижий давлатларнинг кутубхоналари ва қўлёзма фондларида сақланаётган термизий алломалар ҳамда буюк мутафаккирларнинг қўлёзма ва тошбосма асарлари нусхаларини, улар ҳақидаги китобларни тўплаш ва илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш борасида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган. Ҳиндистонинг “Razo library in Rampur” ва “Khudo Bakhsh library in Patna” кутубхоналари билан ҳамкорликда мазкур қўлёзма фондларидаги 50 га яқин термизийлар меросига оид қўлёзма асарлар ўрганилди. Шунингдек, дунё фондларида сақланаётган термизий алломалар асарлари аниқланиб, уларнинг электрон нусхаларини юртимизга келтириш чоралари кўрилмоқда.

    Ҳозирда, республикамиз ва хорижда сақланаётган қўлёзма асарларни ўрганиш бўйича Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти билан ҳамкорликда дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатида сақланаётган 1400 дан зиёд қўлёзма тавсифини ўз ичига олган “Термизлик олимлар асарларининг жаҳон фондларидаги қўлёзмалари каталоги” нашр этилди. Сурхондарё вилояти аҳолисида сақланиб келаётган аждодларимиз меросига оид қўлёзма ва тошбосма асарлар билан Марказ кутубхона фонди мунтазам бойитилмоқда.

    Термиз шаҳридан етишиб чиққан улуғ муфассир, муҳаддис, мутакаллим, мутасаввиф ва фақиҳларнинг буюк хизматлари натижаси ўлароқ, бу шаҳар ҳақида тарихий манбаларда юксак эътирофлар битилган. IX асрда яшаб ўтган муаррих Абу Аббос Яъқубий “Термиз – шаҳарларнинг онаси бўлган шонли шаҳар”, деб таъкидлагани ёки “Термиз – мадинатур рижол” (Термиз – мардлар (олимлар) шаҳри), деб эътироф этилиши бу заминдан кўплаб улуғ алломалар етишиб чиққанидан далолат беради.

    Бугунги даврнинг етук ҳанафий олимларидан, Покистонлик муҳаддис Шайх Тақий Усмоний юртимизга қилган ташрифи чоғида: “Саҳиҳи Бухорий” ва “Жомии Термизий” асарларини ўқимай олим бўлиш мумкин эмас. Мовароуннаҳр диёридан етишиб чиққан бир қанча ислом намояндалари бор. Бу диёр уламоларининг сўзлари ҳаммага ҳужжат бўлиб келган ва ҳанузгача уларнинг асарлари энг мўътабар манбалар қаторидан жой олган. Буларнинг барчаси сизлар учун фахрдир. Буларнинг меросини ўрганиш ва ўргатиш, бутун дунёга тарқатишга сиз ҳақлисиз ва сизлар масъулсиз”, деб алоҳида эътироф этди.

    Дарҳақиқат, Марказ томонидан олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари ва маънавий-маърифий тадбирлар негизида Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Абу Исо Термизий ва термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, муқаддас юртимиз азал-азалдан улуғ алломалар ва азиз авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтиришга кўмаклашишдан иборат бўлган олий мақсадлар мужассам.

    Шукурулло УМАРОВ,

    Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, ҳадисшунослик ихтисослиги бўйича фалсафа доктори

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates