МАРК РИЗ: “Ўткан кунлар” – жаҳон адабиёти дурдонаси

    “ Асарни 1926 йилдаги араб ёзувидан кирилл ёзувига ўгирилган матндан таржима қилганман. Қодирий давридаги Марказий Осиёни, маданий муҳитни тушунтириб бериш учун таржимага 500 га яқин изоҳлар қўшганман. Ўзбек тилшунослари ва адиблар уни кўриб чиқиб, таҳрирда ёрдам беришди, — деди Марк Риз Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабига ташрифи давомида.

    2019 йилнинг 27 декабрида Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасида буюк ўзбек адиби Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" романининг инглиз тилидаги нашри тақдимоти ўтказилгани бутун юртдошларимизни беҳад қувонтирган эди. Зеро, "Bygone days" деб номланган ушбу асарнинг дунёнинг энг етакчи тилига таржима қилиниши, унинг ўқувчилар томонидан юқори баҳоланаётгани ва “беш юлдузли” рейтингини сақлаб қолаётгани миллий ғуруримизни янада юксалтиради.

    “Ўткан кунлар”нинг инглиз тилидаги нашри тақдимоти пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида ҳам бўлиб ўтгани ва унда асар таржимони — АҚШлик ижодкор Марк Эдуард Ризнинг ўзи иштирок этгани эса адабиётимиз оламида унутилмас воқеа сифатида тарихга муҳрланди. Шу ўринда айтиш жоизки, америкалик меҳмоннинг мамлакатимизга ташрифи доирасида “Ўтган кунлар” романининг инглиз тилидаги нашри тақдимоти билан бирга маданий-гуманитар доиралар вакиллари билан учрашув ва музокаралар ўтказиш, ўзбек ёзувчиларининг асарларини таржима қилиш, маҳаллий тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини ўрганиш ва Марғилон шаҳрига сафар қилиш ҳам кўзда тутилган эди.

    Адиблар хиёбонидаги тақдимот тадбирида ўзбекнинг мард ўғлони Абдулла Қодирий ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Марк Эдвард Риз Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзолигига қабул қилиниб, унга уюшма гувоҳномаси топширилди.

    Тантанали тақдимот маросимида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, таниқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад, адабиётшунос олим Баҳодир Каримов, Абдулла Қодирий уй-музейи раҳбари Хондамир Қодирий ва бошқа ижодкорлар, мутассади ходимлар юртимизда адабиётга юксак эътибор кўрсатилиши халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга, ўзбек адабиётини жаҳонга танитишда муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

    – Давлатимиз раҳбари миллий адабиётимиз, хусусан, улуғ адиб Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" асари тарғиботига кучли эътибор қаратаётгани бежиз эмас. Зеро, мана шундай бетакрор миллий асарларимиз орқали буюк аждодларнинг авлоди эканимизни дунё аҳли англамоқда – деди Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. – Шу маънода яқин келажакда "Меҳробдан чаён" асарини ҳам шу йўналишда таржима эттириш ниятидамиз.

    Адибнинг набираси Хондамир Қодирий таржимон асарда муаллиф тилининг жозибадорлигини сақлаб қолишга интилгани унинг буюк асарга, ўзбек тилига бўлган чуқур ҳурматини англатишини таъкидлади.

    Шу ўринда айтиш жоизки, Марк Риз Aбдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романи таржимасини 2002-йилда, Тошкентда аспирант бўлиб юрган пайтида бошлаган. Романни таржима қилишга уни илҳомлантирган омиллардан бири — Қўқонда яшаб, ишлаб юрган даврини сўзлар билан ифодалашга ожизлиги, “Ўтган кунлар” эса ўша тушунча ва ҳиссиётларни чуқур ифодалай олгани эди. Шунингдек таржимон ушбу асар америкаликларга мураккаб, серқирра, кўп маданиятли ўлкани, унинг бағрикенг одамларини таништиришда яна бир самарали восита бўлиб қолишини таъкидлаб ўтди.

    “ Асарни 1926 йилдаги араб ёзувидан кирилл ёзувига ўгирилган матндан таржима қилганман. Қодирий давридаги Марказий Осиёни, маданий муҳитни тушунтириб бериш учун таржимага 500 га яқин изоҳлар қўшганман. Ўзбек тилшунослари ва адиблар уни кўриб чиқиб, таҳрирда ёрдам беришди, — деди Марк Риз Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабига ташрифи давомида. — Бундан кўп йиллар аввал Ўзбекистон ҳақида мутлақо бехабар эдим, – дея давом этди у. 1994 йилдан бошлаб "Тинчлик корпуси" ташкилоти орқали бу юртга келдим. Икки йилча Қўқонда яшадим. Бу юртни қандай таништириш кераклиги ҳақида кўп ўйлардим. "Ўткан кунлар"ни ўн беш йил таржима қилдим. Ўзбек табиати, руҳияти, тили, дунёқараши Абдулла Қодирий асарида яққол акс этган. Бу асарни жаҳон адабиёти дурдоналаридан бири деб биламан”.

    Ижод мактабининг “Қодирий издошлари” тўгараги томонидан намойиш этилган чиқишлар меҳмонда ўзгача таассурот қолдиргани, ижодкор ўқувчилар билан мулоқот завқини ифода этар экан, у шундай деди: "Aнъанавий ўзбек мактабида ўқитувчи сифатида ўтказган вақтим ҳаётимни, тафаккуримни янада бойитган бетакрор давр бўлди".

    Муножат МЎМИНОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates