Марказий банк фуқароларни фирибгарларнинг янгича усулларидан огоҳлантирди

    Хавфсизлик 16 июн 2025 821

    Сўнгги вақтларда рақамли технологияларни қўллаган ҳолда содир этилаётган фирибгарлик ҳолатлари тўғрисида фуқароларнинг хабардорлиги ошганлиги сабабли эндиликда фирибгарлар мураккаброқ схемалардан фойдаланишмоқда.

    Марказий банк матбуот хизматининг таъкидлашича, ўзини юртимизда фаолият олиб борувчи уяли алоқа оператори «ходими» сифатида таништирувчи фирибгар фуқарога қўнғироқ қилиб, телефон рақамидан фойдаланиш бўйича шартномани узайтириш борасида бир қанча саволлар беради.

    Бироз вақт ўтгач, фирибгарлар фуқарога Telegram мессенжери орқали Марказий банк рамзий белгилари акс эттирилган профилдан хабар юбориб, унинг банк ва тўлов ташкилотлари мобил иловаларидаги шахсий кабинетларига бегоналар рухсатсиз киришга уринганлиги, шунингдек кредит амалиётини якунлаш («ёпиш») жараёни ниҳоясига етмаганлигини маълум қилади.

    Бундан ташқари, агар фуқаро ҳамкорлик қилишдан бош тортса ёки Марказий банкнинг сохта «ходими» кўрсатмаларини бажармаса, унга нисбатан жиноий жавобгарликка тортиш чораси кўрилиши билан таҳдид қилинади.

    Дўқ-пўписалар янада ишончли бўлиши учун мессенжер орқали юборилаётган хабарларга топиш осон бўлган очиқ манбалардан (масалан, www.lex.uz) Жиноий-процессуал кодекснинг электрон файли ҳам бириктириб қўйилади.

    Агарда фуқаро фирибгарларнинг ёлғон гапларига ишониб, улар айтган кўрсатмаларни бажарса, банк картасидаги маблағлардан айрилиб қолиши мумкин.

    Шу муносабат билан Марказий банк фуқароларни яна бир бор огоҳликка чақириб, бу каби хабарларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини ва фуқароларга бу каби хабарларга ишонмасликни тавсия қилди.