Марказий Осиё — Европа Иттифоқи: жозибадорлик маркази, янги иқтисодий имкониятлар макони

    Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги халқаро ва минтақавий барқарорликка эришишга қаратилган ташқи ва ички сиёсати Марказий Осиёда ривожланишнинг янги даврини бошлаб берди.

    Минтақа мамлакатлари умумий мақсад ва биргаликдаги интилишлари сабаб ягона макон ва мақсад сари бирлашмоқда. Айни жараён кўплаб ривожланган мамлакатларни Марказий Осиё бўйича стратегик ҳамкорлик муносабатларини янада фаоллаштиришга ундамоқда. Зеро, минтақавий ҳамкорликнинг бугунги босқичида замон талабига мос ташаббуслар ўзаро манфаатли шерикликни самарали рўёбга чиқариши мумкин.

    Жаҳон иқтисодиётидаги йирик интеграцион бирлашмалардан бўлган Евроиттифоқ етмиш йилдан буён жаҳон мамлакатлари билан самарали ҳамкорлик қилиб келяпти. Европа Иттифоқининг жаҳонда мавжуд бошқа халқаро интеграцион бирлашмалардан фарқли жиҳати унинг интеграцион жараёнлар ва халқаро савдо-иқтисодий муносабатларда эришган муваффақиятларида намоён бўлади. Интеграцион бирлашма таркибига кирувчи мамлакатлар ўртасида маҳсулотлар, капиталлар, ишчи кучи ва хизматларнинг умумий бозори ташкил этилиши орқали ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлашга эришилмоқда.

    Европа Иттифоқи бугунги кунда умумий савдо-товар айланмаси жиҳатдан дунёда биринчи ўринда туради. Чунки ташкилот жаҳоннинг юздан ортиқ давлати билан сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларда икки ва кўп томонлама ҳамкорлик қилиб келмоқда. Шу билан бирга, савдо-иқтисодий ҳамкорлик доирасида жаҳондаги турли минтақалар билан ҳам самарали алоқаларни ташкил этган, ушбу ҳамкорлик муносабатлари бошқа мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида муҳим аҳамият касб этади.

    Сўнгги йилларда ЕИ ташқи сиёсатидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири Марказий Осиё мамлакатлари билан икки ва кўп томонлама алоқаларни ривожлантириш ҳисобланади. Ушбу минтақа билан ўттиз йилдан ортиқ давр мобайнида ҳамкорликни ривожлантириб келаётган Европа Иттифоқи ўз ташқи сиёсатида устувор ҳисоблаган айрим йўналишлар доирасида алоҳида стратегияларини қабул қилган ҳолда истиқболли муносабатларни йўлга қўймоқда.

    Бир томондан Европа Иттифоқи, иккинчи томондан Марказий Осиё республикалари ўртасидаги биринчи кенг кўламли ҳамкорлик дастури “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига техник ёрдам” (TACIS) бўлди. Мазкур дастур МДҲ мамлакатларига иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш, бозор иқтисодиётига ўтиш ва қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларида кўмаклашувчи биринчи ташаббус эди.

    Марказий Осиё мамлакатларининг ташқи иқтисодий фаолиятни эркинлаштириш борасида амалга ошираётган таъсирчан ислоҳотлари ташкилот ва унга аъзо давлатларнинг ушбу минтақага эътиборини янада оширган ҳолда, барча соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга ундамоқда.

    Европа Иттифоқи билан Марказий Осиё давлатлари, яъни Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон ўртасида савдо-иқтисодий муносабатлар юзасидан қатор ўзаро манфаатли битим ва шартномалар имзолаган, улар ҳозирги кунда ҳамкорлик муносабатларини ташкил этиш ва ривожлантиришнинг муҳим ҳуқуқий пойдевори сифатида хизмат қилмоқда.

    Сўнгги йилларда мамлакатимизда жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувни кучайтириш, халқаро иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш, хорижий давлатлар билан имтиёзли савдо-иқтисодий алоқаларни самарали ташкил этишга қаратилган ислоҳотлар нафақат Марказий Осиё миқёсида, балки Европа Иттифоқи билан ҳам ҳамкорликнинг янги даврини бошлаб берди.

    Марказий Осиё мамлакатларининг халқаро ва минтақавий жиҳатдан барқарорликка эришишга қаратилган ташқи ва ички сиёсати, ушбу йўналишдаги умумий мақсадлари уларнинг жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорлигида муҳим роль ўйнамоқда. Бу ҳолат минтақа мамлакатларининг Европа Иттифоқи билан стратегик ҳамкорлик муносабатларини самарали амалга оширишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

    Европа Иттифоқи – Марказий Осиё мулоқоти минтақа мамлакатлари билан ҳамкорликнинг янги йўналишларини ташкил этиш мақсадида 2004 йил ноябрь ойида Европа Иттифоқи ташаббуси билан бошланган. Мулоқот доирасида минтақамизда барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, барқарор иқтисодий ривожланиш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш борасида ҳамкорлик қилиб келинмоқда.

    2004 йилдан 2006 йилгача бўлган давр мобайнида ушбу мулоқот доирасида учта муҳим учрашув – Бишкек (Қирғизистон, 2004 йил), Брюссель (Бельгия, 2005 йил) ва Олмаотада (Қозоғистон, 2006 йил) бўлиб ўтди. 2007 йилдан бошлаб Германия томони ташаббуси билан Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегияси қабул қилиниши ортидан ташқи ишлар вазирлари даражасида учрашувлар ўтказила бошланди.

    Ташқи ишлар идоралари раҳбарлари даражасида Европа Иттифоқи – Марказий Осиё вазирлар учрашуви ўтказилиши мунтазамлик касб этиши борабарида худди шундай форматда мунтазам учрашувлар ўтказишнинг бошқа механизмлари ҳам йўлга қўйилди. Хусусан, парламентлараро алоқалар, иқтисодиёт, савдо, инвестиция, демократия, инсон ҳуқуқлари, таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва сув ресурслари масалалари бўйича тегишли идоралар ўртасида мунтазам учрашувлар ўтказилмоқда.

    2019 йилда Европа Иттифоқининг минтақага оид янгиланган стратегияси қабул қилиниши билан минтақалараро мулоқотнинг янги форматлари – Европа Иттифоқи – Марказий Осиё иқтисодий форуми, Фуқаролик жамияти форуми фаолияти йўлга қўйилди. Янги стратегия “Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё: ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги янги имкониятлар“ деб номланиб, унда истиқболда минтақавий даражада ҳамкорлик алоқаларини амалга оширишга тегишли бўлган муҳим стратегик масалалар ўз аксини топган. Европа Иттифоқининг минтақа билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича янги стратегияси кўзланган мақсадларга эришиш йўлидаги фаол ҳамкорликка қаратилган сиёсат намунасидир. Шунингдек, Ўзбекистон ташаббуси билан Европа Иттифоқи — Марказий Осиё ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича вазирлар конференцияси иш бошлади.

    Мазкур ҳужжатда Осиёнинг Европа учун, ўз навбатида, Европанинг Осиё учун муҳим аҳамият касб этиши, ташкилот доирасидаги ривожланишни янада юқори босқичга олиб чиқиш учун Осиё мамлакатларидаги тинчлик ва барқарорлик муҳим омил экани, шу боис, иқтисодий дипломатия ва Осиёда хавфсизлик соҳасидаги иштирокни фаоллаштириш зарурлиги қайд этилган. Осиё мамлакатларининг Европа Иттифоқи билан транспорт алоқалари, энергетика ва рақамли тармоқлар яратиш, инсонлар ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, Осиё мамлакатлари ва ташкилотлари ўртасидаги ўзаро шериклик муносабатларини йўлга қўйиш, турли молиявий воситалардан фойдаланган ҳолда барқарор молиялаштириш тизимини ривожлантириш каби асосий соҳалар бўйича ҳамкорлик қилиниши белгиланган.

    Стратегияда режалаштирилган йўналишлар ҳақида тўхталадиган бўлсак, савдо-иқтисодий ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари турли лойиҳа ва дастурлар асосида илгаридан йўлга қўйилган бўлиб, минтақа мамлакатларининг иқтисодий тараққиётида муҳим роль ўйнамоқда. Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларидан бири TRACECA (Transport Corridor Europe-Caucasus-Asia) лойиҳаси ҳисобланади. Чунки минтақавий даражадаги транспорт имкониятларини кенгайтириш мамлакатларнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувининг энг муҳим омили сифатида савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашнинг устувор йўналишларидан. У Европа Иттифоқи томонидан МДҲ давлатларига техник ёрдам кўрсатиш ҳамда ташкилотни Осиё минтақаси билан боғловчи транспорт йўлагини бунёд этиш мақсадига йўналтирилган лойиҳалардан биридир.

    Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари доирасида транспорт соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришда транспорт инфратузилмаларининг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш ва янада қулай шарт-шароит яратиш, халқаро транспорт ва транзит йўлакларини ривожлантириш, шунингдек, самарали транспорт-логистика инфратузилмасини шакллантириш минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашда жуда муҳим. Шу боис, самарали ҳамкорлик ва минтақавий интеграциялашувни кучайтиришда молиявий ва инвестицион имкониятлардан фойдаланган ҳолда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича мақсадли лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштиришга катта эътибор қаратилмоқда.

    TRACECA лойиҳасига аъзо мамлакатлар томонидан 2016-2026 йилларга мўлжалланган “TRACECA 2016-2026” стратегияси ишлаб чиқилган, унда кўзда тутилган вазифалар ҳамкор мамлакатлар, шу жумладан, мамлакатимиз томонидан ҳам фаол амалга ошириб келинмоқда. Чунки ушбу лойиҳанинг муваффақияти натижасида минтақалараро транспорт инфратузилмаси ривожи ва бу орқали минтақа давлатлари ўртасидаги савдо алоқаларида қулай шарт-шароитлар яратилишига ҳамда бутун транспорт йўлаги бўйлаб товарларнинг ҳаракатланишидаги тўсиқларни камайтиришга эришилади.

    Икки йирик ташкилот ва минтақа мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашнинг муҳимлигини Марказий Осиёнинг Европани Осиё билан боғлайдиган стратегик ва қулай географик жойлашуви, минтақа мамлакатларининг Европа Иттифоқига энергия манбалари импорт қилишда катта улушга эгалиги, қарийб 80 миллионга яқин аҳолиси бор минтақанинг юқори бозор салоҳияти каби омиллар билан изоҳлаш мумкин.

    Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик соғлом ва очиқ инвестиция муҳитини, рақобатбардош хусусий секторни яратиш, ёшлар ўртасида тадбиркорлик, тадқиқот ва инновацияларни ривожлантириш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган. Минтақа мамлакатлари ўртасида ички минтақавий савдо ва инвестициялар бўйича таркибий чекловларни бартараф этиш, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш истагида бўлган давлатларни қўллаб-қувватлаш назарда тутилган.

    Ҳозирги даврда Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари икки томонлама ҳамкорлик қилиш тўғрисида амалдаги келишувларга эга. Хусусан, Қозоғистон 2015 йил декабрь ойида Чуқурлаштирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолаган, ҳужжат 2016 йил май ойидан кучга кирган. Қирғизистон эса 1995 йил февраль ойида Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги келишувга имзо чекди ва ҳужжат 1999 йил июль ойидан буён амал қила бошлади.

    1996 йил 26 июнда Флоренция шаҳрида Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида имзоланган Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим, унинг 1999 йил 1 июлдан эътиборан кучга кириши юртимизнинг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан ўзаро муносабатларининг ҳуқуқий негизига айланди. 2017 йилда Ўзбекистон ушбу келишувни янгилаш таклифини билдирди. Европа Иттифоқи билан Чуқурлаштирилган шериклик тўғрисидаги янги келишувни имзолаш бўйича музокаралар расман 2018 йил ноябрь ойидан бошланди.

    Тожикистон 2004 йил октябрь ойида Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолади, 2018 йил ноябрь ойида эса Ҳамкорлик тўғрисидаги янги келишувни имзолаш бўйича музокаралар олиб бориш истагини билдирди. Туркманистон ҳам 2010 йил август ойидан буён Европа Иттифоқи билан Савдо масалалари тўғрисидаги оралиқ келишув асосида ҳамкорлик қилиб келмоқда.

    Минтақавий жиҳатдан Марказий Осиё улкан хомашё захиралари, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар, янги инновацион ишланмалар, малакали ишчи кучи ва инсон капитали, технологик имкониятлар борасида юқори салоҳиятга эга. Шу жиҳатдан олиб қаралганда, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш минтақавий даражада иқтисодий самарадорликка эришиш имконини яратади.

    Кейинги йилларда Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ташқи савдо барқарор суръатларда ривожланмоқда. Хусусан, 2022 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 61 фоиз ошиб, 47,5 миллиард еврони ташкил қилган. Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан савдо айланмаси 2022 йилда 4,5 миллиард доллар бўлгани ҳолда, 2017 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 1,5 миллиард долларга ошди. Германия, Литва, Италия, Польша, Франция ва Латвия Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан савдо алоқаларида фаол ҳамкорлик қилиб келаётган давлатлардир. Масалан, Германия билан 2017 йилда ўзаро товар айрибошлаш ҳажми 613,1 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2022 йил якунига кўра бу кўрсаткич 1159,3 миллион долларга етди, бошқача айтганда, қарийб икки баробар ошди.

    Германия 2022 йилда ташкилотга аъзо мамлакатлар ичида Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида энг юқори кўрсаткични қайд этиб, жами савдо айланмасининг 2,3 фоизини ташкил этган. Шунингдек, сўнгги йилларда Германия Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси ҳажмида юқори улушга эга бўлган ўнта мамлакат қаторидан жой олиб келмоқда.

    Ўзбекистоннинг Италия билан товар айирбошлаш ҳажми ҳам юқори суръатларда ошиб бормоқда. Хусусан, 2017 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 172,3 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2022 йилда 379,2 миллион долларга етди. Польша билан эса 2017 йилдаги 104,9 миллион доллардан 2022 йилда 345 миллион долларга тенг бўлди. У 2022 йилда Европа Иттифоқи мамлакатлари ичида Ўзбекистон учун маҳсулотлар экспортида юқори кўрсаткични қайд этди.

    Франция билан товар айирбошлаш ҳажмида ҳам ижобий тенденциялар кузатилмоқда. Хусусан, 2022 йилда бу борадаги кўрсаткич 339,5 миллион долларни ташкил қилди ва 2017 йилдагидан 88,1 миллион долларга кўпайди.

    Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан савдо муносабатлари ривожида мамлакатимизда жаҳон бозорларидан мустаҳкам ўрин эгаллаш ва шу орқали миллий иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган иқтисодий ислоҳотлар фаол амалга оширилиши муҳим роль ўйнади. 2021 йил 10 апрелдан бошлаб Ўзбекистон Европа Иттифоқининг барқарор ривожланиш ва самарали бошқарув бўйича махсус преференциялар тизими – “GSP+” доирасидаги имтиёзлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлгани алоҳида аҳамият касб этди. Чунки “GSP+” тизими савдо сиёсати воситаси бўлиб, ривожланаётган мамлакатлардан олиб кирилаётган товарларни божхона божларидан озод қилишни назарда тутган ҳолда бенефициар мамлакатларнинг иқтисодий ривожланиши ва экспорт салоҳиятини оширишга ёрдам беради. Бу эса Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда муҳим босқич бўлиб, томонлар ўртасидаги мулоқотни ҳамда савдо алмашинувини янада чуқурлаштиришга имкон яратмоқда.

    Мамлакатимизнинг Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ҳамкорлигини ривожлантириш доирасидаги фаолиятида ташаббускорлик ва прагматизм тамойиллари устувор бўлиб бораётганини алоҳида қайд этиш лозим. Сўнгги йилларда Ўзбекистон минтақавий алоқаларни кучайтириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда. Марказий Осиё — Европа Иттифоқи стратегик ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришда Ўзбекистон ташаббуси билан 2022 йилда Самарқандда “Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўзаро боғлиқлиги: барқарор ривожланиш учун глобал дарвоза” мавзусидаги биринчи конференция ташкил этилгани ва унда минтақавий даражада савдо-иқтисодий муносабатларни кенгайтириш учун транспорт коммуникацияси тизимлари, энергетика ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш ҳамда хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Самарқанд декларацияси қабул қилинганини алоҳида эътироф этиш лозим.

    Марказий Осиё – Европа Иттифоқи минтақавий ҳамкорлигининг амалий давоми сифатида 2023 йил 2 июнь куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида Марказий Осиё – Европа Иттифоқи иккинчи саммити бўлиб ўтди. Саммитда Ўзбекистон томонидан Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш бўйича долзарб аҳамиятга эга ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан, саммит давомида савдо муносабатларини тубдан кенгайтириш, энг аввало, барқарор савдо логистикаси занжирларини ва маҳсулот етказиб беришни қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини яратиш, ўзаро боғланган транспорт йўлакларини шакллантириш, инвестициявий ва технологик шерикликни ривожлантириш, рақамли ўзаро боғлиқлик соҳасида Евроиттифоқ билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, иқлим соҳасидаги хатарларга қарши курашиш, туризмни ривожлантириш ҳамда ёшлар таълимига инвестиция киритиш борасида илгари сурилган ташаббуслар катта қизиқиш билан қабул қилинди.

    Ўзбекистон раҳбари мазкур саммитдаги нутқида таъкидлаганидек, “Бугун Марказий Осиё Европанинг етакчи компания ва банклари учун жозибадорлик маркази ва янги иқтисодий имкониятлар маконига айланди”. Дарҳақиқат, ҳозирги кунда Марказий Осиё мамлакатларида Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда барқарор энергетика тизимини яратиш, профессионал таълим соҳасини ривожлантириш, замонавий саноат қувватларини барпо этиш, “ақлли” қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, ривожланган транспорт логистикаси инфратузилмасини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

    Бир сўз билан айтганда, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, замонавий шароитда алоқаларнинг муваффақиятли ва изчил ривожланишида мамлакатларнинг қулай инвестицон ва ишбилармонлик салоҳиятидан тўлақонли фойдаланиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш асосида савдо-иқтисодий фаолиятни фаоллаштириш истиқболда минтақавий даражадаги иқтисодий ўсишни барқарорлаштириш ва тараққиётни рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

    Жасурбек ОТАНИЯЗОВ,

    иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates