“Масжид қуриш яхши, лекин бугун мактабга жуда катта эҳтиёжимиз тушяпти” — муфтий Нуриддин Холиқназаров

    Ижтимоий ҳаёт 7 октябр 2023 1762

    Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназаров илм олиш, унга рағбат уйғотиш ва шароит яратишнинг ҳам савоби катталиги ҳақида гапирди.

    “Қуръони Каримда биринчи келган оят илм бўлди. Сураларни ўрганиб чиқсангиз, жуда кўп жойда Аллоҳ илмга тарғиб қилган… Илм олишлик ҳар бир мусулмон — эркак ва аёлга фарз деганлар… Илм, олимлик — мана бу Исломнинг энг биринчи шиорига айланди. Чунки илмли одам Аллоҳни танийди, маърифатли одам юртини, Ватанини севади, бошқаларга яхшилик қилади. Динимиз жаҳолат эмас, маърифат устига қурилган”, — дейди муфтий.

    Шу билан бирга, шайх Нуриддин Холиқназаров мамлакатда мактабларга эҳтиёж катталиги ҳақида гапирди.

    “Масжид қуришлик яхши, биз мана бу ерга масжид қуринг, деган жойга қуриб берса — савоб. Лекин бугун мактабга жуда катта эҳтиёжимиз тушяпти. Чунки мактаб бизнинг келажагимиз”, — дея таъкидлайди муфтий.

    Келтирилишича, Ўзбекистонда бир йилда салкам 1 миллион бола дунёга келмоқда. Демак, ҳар йили шунча бола мактабга боради.

    “Тасаввур қилинг, ҳар йили 1 миллион бола учун ўқув шароитини яратиш керак. Давлатимиз раҳбари, ҳукуматимизга минг раҳмат, мактаблар қилиб беряпти… Лекин юртнинг фидойи инсонлари, бой-бадавлат кишилар шу юртдан маблағ топяпсиз, келажагимиз, болаларимиз учун мактаб қуриб беринг. Боғчалар, шифохона, йўл, кўприк қуринг. Мана бу ҳам жуда катта савоб.

    Масжид қуриш дегани бу мусобақалашиш дегани эмас, бу ибодатхона. Шунақа бир лойиҳалар билан келишяптики, ҳайрон қоласиз. Битта минора қуриш учун салкам 3 миллиард сўм кетар экан. Шу битта минорани қурсак, халқимиз маънавиятига, ёшларимиз илмига, камбағал бўлиб қолган кимсаларга нима ёрдам беради, деган саволни беряпман. Йўқ, ҳеч нарса қилмайди битта минора. Бу исроф эмасми?! Мана шу 3 миллиард пулга битта чиройли мактаб тушар экан, шу пул қанча беморга ёрдам берса бўлади”, — ">дейди Мусулмонлар идораси раиси.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates