Бошқа томондан эса маймун чечаги вируси шиддат билан тарқаляпти. Май ойидан буён 48 та штатда 7 минг нафардан ортиқ бемор рўйхатга олинди. Шу боис АҚШ ҳукумати ушбу эпидемияни фавқулодда ҳолат, деб эълон қилди.
Ҳозир энг катта босим ихтисослашган клиникаларга тушяпти. Беморлар сони кундан кун ортяпти. Вакциналар ва махсус тестлар танқислиги кўзга ташланяпти.
Тўғри, мамлакатда шу кунгача касаллик оқибатида ўлим ҳолатлари кузатилгани йўқ. Аммо баъзи беморларда инфекция оғир ўтяпти. Бадандаги тошмалар кучли оғриқларни келтириб чиқараётгани туфайли стационар муолажаларга талаб ошиб боряпти.
— Хасталикни антибиотиклар қабул қилиш билангина тезда бартараф этиб бўлмайди, — дейди Чикагодаги «Howard Brown Health» клиникаси шифокори Ану Ҳазра. — Шу боис даволаш жараёни узоқ вақт талаб этади. Оқибатда беморлар бир неча ҳафта давомида оғриқлар билан курашишга мажбур бўляпти.
Мутахассиснинг қайд этишича, май ойидан бери Чикагода касаллик аломатлари билан мурожаат қилувчилар сони геометрик прогрессия қонунияти асосида кўпаймоқда.
Ўз навбатида, инфекция табиати бирмунча ўзгарган. У энди нафақат жисмоний мулоқот, балки сочиқ ва чойшаб каби шахсий гигиена воситалари орқали ҳам юқиши мумкин.
Айни сабабдан мамлакатда касалликка қарши эмлаш компанияси давом эттириляпти. Қолаверса, Буюк Британия ва Испанияда вакцинация жараёнларига катта эътибор қаратиляпти.
Маймун чечагига чалинганлар сони 550 нафарга яқинлашиши оқибатида Италия ҳукумати ҳам инфекция тарқалишини эмлаш орқали жиловлашга қарор қилган. Бу ерда дастлаб 200 киши вакцинани қабул қилади. Яна 600 доза препарат қўллаш учун тайёр, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.