Медиаогоҳлик

    Фикр 27 март 2023 9699

    Рақамли оламдаги хатарлардан ҳимоялайди

    2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда ўз вақтида холис ахборот бериб бориш орқали ёлғон маълумотлар тарқалишининг олдини олиш, фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш назарда тутилган. Шунингдек, фуқароларнинг ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланиш маданиятини ошириш, шахсий ва сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни интернет тармоғида ошкор қилиш билан боғлиқ дахлсизлик ҳуқуқи бузилишининг, кибержиноятчиликнинг олдини олиш тизимини яратиш билан боғлиқ муҳим вазифалар белгиланган. Бу топшириқларнинг шундай муҳим ҳужжатда акс этгани сабаби нимада? Хўш, бу вазифалар нега долзарб? Уларнинг ижросини қандай таъминлаш мумкин?

    Дунёни ютаётган ахборот “юҳо”си

    Замонавий дунёда ахборот оқими, шиддати мисли кўрилмаган даражада ошиб кетди. Глобаллашув, ахборотлашув, рақамлашувнинг инсониятга кўрсатаётган таъсири чегараларни писанд қилмай қўйгани ҳам рост. Вазият шу даражага етдики, ахборот майдонида сиёсий, иқтисодий, мафкуравий манфаатлар тўқнашуви инсонлар онгу шуури учун кураш жараёнини янги босқичга олиб чиқди. Натижада ахборот узатувчи тармоқлар сони ортди, интернет ҳажми ошди. Бунда йил сайин интернет фойдаланувчилари сони ва медиа истеъмоли ўсаётгани катта аҳамият касб этмоқда. Чунончи, 2022 йили дунё аҳолиси жами 12,5 триллион соат вақтини глобал тармоқда ўтказган. Жорий йилги ҳисоб-китобларга кўра, 5,16 миллиард киши интернетдан фойдаланмоқда. Шунга монанд ахборот супермагистралидаги ҳаракат шиддати ҳам ошмоқда. Глобал тармоқда 1,7 миллиард веб-сайт мавжуд бўлиб, ҳар соатда 7 миллион веб саҳифа пайдо бўлади, телефон қўнғироғи ва шахсий ёзишмаларни эса ҳисоблаш имконсиз. Одамлар диққат-эътиборини жалб этиш учун кураш тарғибот, ташвиқот, манипуляция каби таъсир ўтказиш усулларидан кенг фойдаланиш, шов-шувли янгиликларни кўпайтириш, реклама учун сарфланадиган маблағ ҳажмини ошириш каби кўринишларда юз бермоқда.

    Ҳисоб-китоблар, статистик маълумотлар ўз йўлига, бироқ бу ахборий шовқиннинг одамларга таъсири ниҳоятда оғриқли. Бир фойдаланувчи кунига ўртача 6 соат вақтини интернетда ўтказар экан, бу соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, таълим, психология ва ҳатто сиёсат каби соҳалар олдига қатор муаммоларни қўяди. Масалан, медиақарамликнинг инсоннинг жисмоний ҳолати, саломатлигига салбий таъсири — кўриш қобилияти сусайиши, умуртқа поғонаси қийшайиши, ривожланишдан ортда қолиш, диққат етишмаслиги, ирода бузилиши, стресс, депрессия, хотира сусайиши кабилар, шунингдек, ахборот таъсирида ўз танасига зарар етказиш каби кўринишларда намоён бўлади. Замонавий соғлиқни сақлаш ва таълим тизими олдида бу каби муаммоларга қарши курашиш вазифаси турибди.

    Илмий тадқиқотларда фуқаролар бўш вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказиши мамлакат иқтисодиётига қанча зарар етказиши ўрганилган. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, бу зарар миқдори зилзила, тошқин каби табиий офатлардаги йўқотишлар билан таққослаш мумкин бўлган катта талафотга тенг. Масалан, бир фуқаронинг кунлик иш вақти 8 соат бўлса, у шу вақтининг 6 соатини интернетда ўтказса, ўз-ўзидан фойдали иш коэффициенти пасаяди, ўз навбатида, корхоналарнинг рентабеллиги ҳам тушади. Кунлик иш ҳақини саккизга бўлиб, олтига кўпайтирсак, беҳуда сарфланаётган маблағ суммаси келиб чиқади. Яъни ходим шунча вақт мобайнида фойдали ва самарали иш қилмайди, глобал тармоқ унинг вақтини шамолга совуришига сабаб бўлади. Ходим ишдан ташқари пайтда ижтимоий тармоқда вақт ўтказган тақдирда ҳам бу унинг оиласига вақт ажратмаслиги, оқибатда ижтимоий муносабатлар бузилиши, дам олиш, ўз устида ишлаш ёки янги билимларни ўзлаштиришга вақт тополмаслигига олиб боради. Янгиликлар тасмасида сизни ўзига чорлаётган, тезроқ ўқиш, улашишни сўраётган, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган янгиликни баҳам кўришга ундаётган жозибадор сарлавҳалар, бир-биридан қизиқ, бир-бирига ўрин бермаётган видеолавҳалар сездирмаган ҳолда катта иқтисодий йўқотишга сабаб бўлади. Шунингдек, иқтисодий таъсир ахборот истеъмолчиларининг харид жараёнидаги танлови реклама, бренд маҳсулотлар орқали бошқарилишида ҳам кўринади. Натижада одамлар реклама қилинган маҳсулотни истеъмол қилиш, бренддаги кийимни кийиш, фильмларда ўзи кўрган мамлакатларига боришга интилади.

    Таълим тизими ахборотни энг кўп қабул қилувчи сегмент — болалар ва ёшларнинг ижтимоий тармоқларга қарамлиги, компьютер ўйинларига муккасидан кетиши, FOMO sapiens, яъни глобал тармоқда онлайн бўлмаса, бир нарсадан қуруқ қоладигандай хавотирда яшовчи авлод, фаббинг, яъни телефонга боғланиб қолиш сабабли реал ҳаётдаги мулоқотдан қочиш, бегоналашув, номофобия — телефонсиз қолишдан қўрқув каби муаммоларга қарши курашиши керак. Салбий мазмундаги, қўрқув, хавотир, эртанги кунга ишончсизлик келтириб чиқарувчи ахборотларнинг руҳий таъсири алоҳида мавзу. Умуман олганда, ахборотнинг кўплиги инсоннинг мустақил фикрлаши, ўзини англашига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

    Ахборий ифлосланиш ва киберхавфлар

    Бугун табиат — ҳаво, сув, тупроқ ифлосланаётгани каби ахборий экология мусаффолигига ҳам путур етмоқда. Ахборий муҳитнинг ифлосланиши, унда турли номақбул ахборот шаклларининг пайдо бўлиши, ёлғон маълумотларнинг кенг тарқалиши ижтимоий тармоқларда адоват ва нафрат қўзғовчи мулоқот тили қўлланиши ҳолатини юртимиз мисолида таҳлил этамиз. 2021 йилнинг декабрь ҳолатига кўра, миллий домен маконидаги қарийб 400 га яқин веб-сайтда беҳаёлик ва маънавий бузуқлик тарғиботига хизмат қилиши мумкин бўлган ҳолатлар аниқланган. 2097 та қонунбузарлик қайд этилган. Бузғунчилик, зўравонлик, экстремизм ва терроризмни тарғиб қилувчи веб-сайтлар ҳам кўп. Мутахассислар маълумотига кўра, интернет орқали тарқатиладиган ахборотнинг 49 фоизи сезиларли даражада зўравонлик ва ёвузликнинг, 57 фоизи ахлоқсизликнинг бевосита ва билвосита тарғиботига хизмат қилади. 25 фоиз ахборот эса ёлғон, тўқима, 31 фоиз маълумот ҳақиқатга тўла мос эмас. Бу ҳолат ёшлар онгу шуурига кучли таъсир этувчибузғунчи ғоялар, миллий менталитетга зид, зарарли одат ва кўникмалар, текширилмаган ахборотга ҳам бирдек тааллуқлидир.

    Реал дунёмиздаги барча жараён — таълим, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, мулоқот, ҳамён билан бирга, турли таҳдид, хавф-хатар ва жиноятлар ҳам рақамли оламга кўчди. Киберҳужум, кибержиноят, кибертаъқиб, криптовалюталар бўйича яширин фаолият, тролл (сохта аккаунт), спам, ботлар фаолияти кенгайиши киберхавфсизлик масаласини ҳам кун тартибига олиб чиқди. Барча тизим ва жараёнлар рақамлашар экан, уларнинг техник жиҳатдан мукаммал ва бехато ишлашини, хавфсизлигини таъминлаш муҳимдир.

    “Киберхавфсизлик маркази” ДУКнинг йиллик ҳисоботида келтирилишича, 2022 йил ҳолатига кўра, uz сегментида 110 мингдан ортиқ веб-сайт домени уланган бўлиб, шулардан 38 мингдан ортиғи фаол. Уларнинг 14 мингдан ортиғи хавфсиз, яъни SSL сертификати билан ҳимояланган. Миллий кибермаконда ўтган йили зарарли тармоқ фаолияти билан боғлик 65 миллионта (!) ҳолат аниқланган. Портлардаги заифликларни аниқлаш мақсадида сканерлаш, мос паролни танлов асосида киритиш, веб ресурсдаги заиф, очиқ қолдирилган ва нотўғри конфигурацияли очиқ хизматлардан фойдаланишшулар жумласидан. Бундан ташқари, марказ томонидан Ягона киберхавфсизлик узели доирасида давлат органлари ва ташкилотлари веб ресурсларини ҳимоя қилиш тизими синов тариқасида ишга туширилган. У орқали 50 дан ортиқ хорижий мамлакат ҳудудидан амалга оширилган тўрт ярим миллиондан зиёд кибертаҳдид аниқланган ва бартараф этилган. Интернет тармоғининг миллий сегментида жойлашган давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг расмий веб-сайтларида 855 та шундай ҳодиса аниқланган. Бунинг натижасида давлат идораларининг веб-сайтлари умумий ҳисобда 1 миллион 570 минг 659 дақиқа давомида ишламай қолган. Буларнинг барчаси кибертаҳдидлар кучайиб бораётганидан далолат бермоқда.

    Ечим — медиатаълимда

    Мавжуд вазият аҳолининг медиа маҳсулоти истеъмолини чуқур тадқиқ этиш, омма онгида ахборий дунёқарашни тартибга солиш, информация билан ишлашнинг янги усулларини ишлаб чиқиш, ахборот маданиятини шакллантиришни талаб этмоқда. Хавф ва таҳдидларга тўла ахборот чангалзорида ҳаракатланиш, огоҳ бўлиш учун махсус билим ва кўникмалар мажмуи керак. Йўлда кўнгилсизликка учрамаслик учун йўл ҳаракати қоидаларини билиш қанчалик керак бўлса, ахборот оламида маълумотларни саралаб қабул қилиш, ахборот билан муносабатни ирода кучига таяниб тартибга солиш, ўзини ўзи назорат қилиш, шахсий маълумотлари хавфсизлигини таъминлаш учун махсус билим ва кўникмалар шунчалик зарур. Эътиборлиси, дунёнинг ривожланган мамлакатларида шу йўналишдаги изланиш ва ҳаракатлар ўтган асрда бошланган.

    Бугун кўплаб давлатларда болалар, ўсмирлар, ёшларнинг медиаоламга мослашувини таъминловчи, умуман, узлуксиз таълим шаклида барча ёшдагиларининг ахборот билан муносабатини тартибга солувчи медиатаълим умумий таълимнинг мажбурий, доимий компонентига айланган. Бу борада Финляндия, Франция, Канада каби мамлакатларнинг тажрибасини алоҳида таҳлил қилиш мумкин.

    Масалан, Финляндияда медиатаълим боғча ёшиданоқ ўргатилади. Медиакомпетенция умумий ўрта ва касбий таълим муассасалари ўқув дастури ҳамда стратегияларидан ҳам асосий ўрин олган. Бу мамлакатда медиатаълим бир нечта ташкилот, медиамарказ ва хусусий сектордаги ёшлар марказлари, кутубхоналар фаолиятининг бир қисмидир. Айниқса, кутубхоналар медиатаълимни ривожлантиришда муҳим ва уларнинг мактаблар билан ҳамкорлиги катта аҳамиятга эга. Музейлар ва болалар маданий марказлари тармоғи ҳам фаолиятининг бир қисми сифатида оммавий ахборот воситалари ва маданий таълимни бирлаштирган. Финляндияда медиа ва ахборий саводхонликни тарғиб қилувчи қарийб 100 та ташкилот мавжуд. Уларда болаларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш алоҳида йўналиш сифатида ўрганилади.

    Демак, медиатаълим ахборот одоби, маданияти, маънавиятини шакллантирувчи, медиа маҳсулотларини тафаккур чиғириғидан ўтказиб, саралаб қабул қилиш, баҳо беришда ижтимоий иммунитет, зирҳ вазифасини ўтовчи, зарур амалий кўникмаларни юзага чиқарувчи, рақамли оламда хавфсизликқоидаларини ўргатувчи, номақбул ахборотларнинг таъсирини камайтирувчи таълимдир. У медиа билан тартибли, режалаштирилган ҳолда боғланишни ўргатади, медиақарамликнинг олдини олади. Аудиториянинг танқидий тафаккурини ривожлантиради, зарарли ахборотлардан ҳимоялайди. Эстетик-бадиий дидни шакллантиради, медиамаҳсулотлар яратишга ўргатади. Шу боис, медиатаълимга “замонавий ахборий жамиятни тушуниш калити”, деб таъриф берилади.

    Умуман олганда, зарарли ахборотдан ҳимояланиш, маълумотнинг ёлғон ёки бирёқлама бўлиши мумкинлигини тушунтирувчи, уларни текширишга хизмат қилувчи медиатаълимни тўлақонли янги фан, хориж тажрибаси дейиш фикридан йироқмиз. Қадим Шарқ жуда кўплаб илмларга бешик бўлган, алломалар кўплаб фанларга асос солган. Шулардан бири мадрасаларда ўқитилган калом илми бўлиб, далиллаш, асослаш, чуқур идрок этиш, эътиқод софлигини сақлаш, ҳақ ва ботилни ажратиш, нотўғри тушунчаларни рад қилиш, бидъат ва хурофотдан сақланишга хизмат қилади. Шунингдек, ҳадис илмида қўлланган услублар ҳам ахборотни текширишнинг қадимий кўринишларидир.

    Шарқ алломаларининг асарларида ҳам ахборотни таҳлил этиб қабул қилиш масаласи етарлича акс этган. Масалан, буюк олим ва мутафаккир Абу Райҳон Беруний “Ҳиндистон” асарида “Хабар кўз билан кўргандек бўлмайди, деган кишининг сўзи жуда тўғридир... Сўнгра одатда бўлиши мумкин бўлган нарса ҳақида берилган хабар бир хилда [фарқсиз] рост ва ёлғон бўлаверади; хабар хабар берувчилар сабабли ростлик ва ёлғонлик тусини олади. Чунки одамларнинг мақсадлари хилма-хил, халқлар ўртасида тортишиш ва талашиш кўп”, деб манфаатлар тўқнашуви, ахборот тарқатишнинг инсон омили билан боғлиқлиги, талқин турли-туманлиги, ёлғон ахборот пайдо бўлишини кўрсатиб берган.

    Медиатаълим қайсидир хусусиятларига кўра, эҳтимол миллий таълим тизимида мавжуд бўлган “Маънавият асослари” фани ёки “юксак маънавият” тушунчасига ўхшаб кетиши мумкин. Бироқ ақлли технологиялар, сунъий интеллект ривожланган бугунги даврда унинг мафкуравийгина эмас, ахборот технологик, ҳуқуқий хусусиятлари ошиб бораётганини кўриш мумкин.

    Медиаогоҳ инсон шахсий маълумотлар, электрон ҳамён хавфсизлигини таъминлайди, ҳисоб ва карта рақами маълумотларини бегоналарга бермайди. Интернетдан фойдаланиш этикетига амал қилади, ишончли пароллардан фойдаланади. Номаълум одамлардан келган хабарларни очмайди, ҳаволаларга кирмайди. Жамоат жойларида ҳимояланмаган Wi-Fi тармоқларидан фойдаланмайди. Медиатаълим инсоннинг сифатли ахборот олиш ҳуқуқини рўёбга чиқариб, шахсда ҳамжиҳатлик ва тинчлик, толерантлик, бошқаларга ҳурмат, фикр ва ахборот эркинлиги қадриятини шакллантиради. Медиасаводхонлик, айниқса, маданиятлар ва динлараро мулоқотда жуда муҳим. АҚШлик таниқли сиёсатшунос Самюэль Хантингтон шундай ёзган эди: “Фикримча, янги шаклланаётган дунёда ихтилофлар манбаи мафкура ҳам, иқтисодиёт ҳам бўлмайди.

    Инсониятни ажратиб турган қалтис чегара ва асосий ихтилоф манбаи маданият бўлиб қолади. Миллий давлатлар халқаро муносабатларда бош иштирокчи мақомида қолса-да, глобал сиёсатнинг энг йирик ихтилофлари турли миллат ва тамаддунга мансуб гуруҳлар ўртасида юз беради”. Бу жараёнда медиасаводхон инсон дунёда маданиятлар турли-туманлиги ҳақида тасаввур, маданий тафовутларга нисбатан толерант муносабатда бўлади. Ўз қадриятларини рад этган ҳолда, бошқа маданиятларнинг устидан ҳукм чиқаришга йўл қўймайди. Медиасаводхонлик динлараро бағрикенглик, маданиятлараро ҳамжиҳатлик, тенглик, ижтимоий интеграция, мослашувчанлик, тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлашга ҳисса қўшади. Бу кўп миллатли мамлакатимизда тинчлик, ҳамжиҳатликни таъминлашда ниҳоятда муҳим.

    Медиатаълимни жорий этиш Ўзбекистоннинг ахборий ва киберхавфсизлигини мустаҳкамлайди, миллий манфаатлар йўлида аудиторияни дезинформациядан ҳимоялаш ва жамиятда соғлом ахборот муҳитини шакллантириш учун глобал тармоқ ёки ОАВдан фойдаланишда техник чекловларни қўйишга зарурат қолдирмайди, медиага қарам инсонлар сонини камайтиради. Соғлом ахборий муҳит иқтисодиётнинг барча тармоқлари – ишлаб чиқаришдан соғлиқни сақлаш тизимигача — ривожига ижобий таъсир кўрсатади.

    Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонунлари ва бошқа бир қатор ҳужжатлар моҳияти аҳолининг медиасаводхонлигини қўллаб-қувватлайди. Мавжуд ахборий вазият мамлакатимиздаги қонунчилик асосида медиатаълимни жорий этиш заруратини кўрсатади.


    Санобар ЖУМАНОВА,
    Ўзбекистон журналистика
    ва оммавий
    коммуникациялар
    университети катта
    ўқитувчиси, филология
    фанлари бўйича фалсафа
    доктори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates