Қидирувга берилган жиноятчи Никарагуадан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди

    Ноқонуний миграция, фирибгарлик каби жиноятларни содир этишда гумонланган шахс Никарагуадан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди. Уни қўлга олиш АҚШ, Россия, Мексика, Туркия ва Панама давлатлари органлари ёрдамида амалга оширилди.

    Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Интерпол Миллий марказий бюроси ходимлари катта миқдорда фирибгарлик содир этган жиноятчини Манагуадан Тошкентга олиб келишди.

    Шуни таъкидлаш жоизки, мазкур тадбир қуйидаги ташкилотларнинг қўллаб-қувватлашлари ва ҳамкорлиги натижасидир: Ўзбекистоннинг ТИВ, АҚШнинг Анқара, Панама, Мексикадаги божхона ва чегара хизматлари, Россия ИИВнинг Никарагуадаги вакили, АҚШ Давлат департаменти Дипломатик хавфсизлик хизматининг Тошкент, Истанбул, Манагуа, Панама, Мексикадаги хориждаги жиноий ишларни тергов қилиш бўлимлари.

    Масофа, вақтдаги катта фарқ ва бир қатор сабабларни ҳисобга олиб, жиноятчини транзит қилиш ва ўтказиш бўйича барча тартиблар Бош котибиятнинг Қўмондонлик ва мувофиқлаштириш маркази ва Ўзбекистон Республикасида Интерполнинг миллий марказий бюроси томонидан мувофиқлаштирилди.

    Жуда кўп мамлакатларнинг хизматлари жалб қилингани ажабланарли эмас, чунки жиноятчининг изи узоқ Марказий Америкада йўқолган. Гумонланувчи бошқа қитъада яшириниб, яна жиноий фаолият – ноқонуний миграция, хорижий фуқароларни Лотин Америкаси давлатлари орқали АҚШга ўтказиш билан шуғулланган.

    Бироқ барча жалб қилинган хизматларни бирлаштириш ва ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли гумондор қўлга олинди, тезкорлик билан маълумот алмашиш натижасида фирибгарни судга тортиш ва муносиб жазо белгилаш учун Ўзбекистон Республикасига экстрадиция қилиш ва ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

    Ўзбекистон Республикасида Интерполнинг миллий марказий бюроси