Қозоғистонда меҳнат миграциясини амалга оширишда қонунийликка таяниш ҳамда инсон ҳуқуқи масалалари муҳокама этилди

    Мамлакатимиз делегацияси «Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ҳукуматлари ўртасида ноқонуний миграцияга қарши курашишда ҳамкорлик тўғрисида битим»нинг Қозоғистон ҳудудидаги ижросини ўрганиш мақсадида 2022 йил 30 октябрь – 4 ноябрь кунлари Остона ва Олма-Ота шаҳарларида бўлиб турибди.

    Делегация таркиби Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мутахассисларидан иборат. Мониторингда Халқаро миграция ташкилоти вакиллари ҳам иштирок этяпти.

    Ташрифнинг асосий мақсади – икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида ноқонуний миграцияга қарши курашишда ҳамкорликка оид битимнинг Қозоғистон ҳудудидаги ижросини ўрганишдир. Бу борадаги ўрганиш натижалари негизида давлатларимизнинг тегишли идоралари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилади.

    30 октябрда бўлиб ўтган дастлабки учрашувда Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия раҳбарияти ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходими Ўткирбек Очилов инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашди.

    31 октябрда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Қозоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги вакиллари иштирокида музокаралар бўлиб ўтди. Учрашув давомида икки томонлама тенг ҳуқуқли алоқаларни янада мустаҳкамлаш, салоҳиятли иш берувчилар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, ишчиларни маълум бир йўналишда касбий тайёрлаш ва ишга қабул қилиш жараёнларини ташкил қилиш масалалари кўриб чиқилди.

    Мигрантлар ҳуқуқлари поймол қилиниши ҳолатларининг олдини олиш масалалари атрофлича муҳокама этилди. Мигрантларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини ҳар томонлама таъминлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

    Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates