Белгиланган мақсадларга эришиш, жамиятни ривожлантириш, тараққиёт ва келажак йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ва тақдири – буларнинг барчаси, аввало, юқори малакали, виждонли кадрлар, етук мутахассислар тайёрлаш муаммоси билан узвий боғлиқ.
Президентимизнинг 2024-йил 16-октябрдаги “Касбий таълимда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро таълим дастурларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони юртимизда касбий таълим тизимини ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлашни яхшилаш ва меҳнат бозори эҳтиёжларига жавоб берадиган мутахассисларни етиштириш борасида муҳим воқелик бўлди.
Ҳужжатда касбий таълим тизимини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари сифатида касбий таълим ташкилотлари турларини мақбуллаштириш ва унинг барча даражалари бўйича кадрлар тайёрлайдиган кўп тармоқли ўқув муассасалари тизимини жорий этиш, касбий таълим ташкилотларининг академик мустақиллигини таъминлаш, ўқув жараёнига халқаро таълим дастурларини жорий этиш, ўқув жараёнларини босқичма-босқич рақамлаштириш, касбий таълим сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган махсус электрон платформа ишлаб чиқиш кабилар кўрсатилган. Ушбу мақсадлардан келиб чиқиб, касбий таълим тизимида амалиётнинг самарадорлигини ошириш, иш берувчилар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали ўқув дастурлари ишлаб чиқиш, технологияларни қўллаш жадаллаштирилади.
Шунингдек, меҳнат бозоридаги эҳтиёжларни таҳлил қилган ҳолда мавжуд касб ва мутахассисликларни янгилаш, инновацион ва технологик ривожланиш талабларига жавоб бера оладиган кадрлар тайёрлаш янги босқичга чиқади.
Таълим муассасалари ва хусусий сектор ўртасида самарали ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусий секторнинг таълим жараёнидаги иштироки кадрлар тайёрлаш масаласида, инновацион ёндашувлар ва технологияларни жорий қилишда муҳим ўрин тутади.
Шу ўринда бугунги кунда таълим соҳасида илғор бўлган Швеция, Германия ва Сингапур каби мамлакатлар тажрибаларини ўрганиш ва қўллашга катта эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз.
Масалан, Швецияда касбий таълим тизими жадал технологик ривожланиш ва ижтимоий эҳтиёжларни ҳисобга олиб доимий янгиланиб боради. Швеция таълим тизими иш берувчилар ва давлат ўртасида самарали ҳамкорликни ўрнатиб, касбий таълимни инновацион ёндашувлар билан мустаҳкамлаб бориши билан диққатга сазовор. Мамлакатимизда Швеция тажрибасини қўллаш экологик ва ижтимоий масалалар билан боғлиқ янги касблар ва технологияларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Сингапурда эса касбий таълим тизими давлат ва хусусий сектор ўртасида ўзига хос ҳамкорликка асосланади. Бунда иш берувчилар ўқув дастурларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этади ҳамда касбий таълимнинг сифатини оширишга катта ҳисса қўшади.
Худди шундай мамлакатимиз касбий таълим тизимида ҳам давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни бундан-да кучайтириш мақсадга мувофиқдир. Бунда хусусий секторни таълим жараёнига кенгроқ жалб қилиш, ўқув дастурларининг сифатини ошириш ва янги мутахассисликлар киритиб бориш асосий вазифа бўлиши керак.
Давлатимиз томонидан касбий таълим тизимини ривожлантириш учун ресурслар ажратилиши, инфратузилма яратилиши, ўқув дастурларини модернизация қилиш ва ўқувчиларни замонавий талаблар асосида тайёрлашнинг қўллаб-қувватланиши яхши самара бериши аллақачон исботланган.
Бу эса халқаро тажрибада мавжуд самарали ёндашувларни миллий таълим тизимимизга тезроқ мослаштиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Касбий таълим фақатгина малакали ишчилар тайёрлашга қаратилган бўлиб қолмай, балки миллий иқтисодиётнинг ўсиши, инновацион ривожланиш ва меҳнат бозорида барқарорликни таъминлашда ҳам етакчи омиллардан биридир. Бир сўз билан айтганда, фармон Ўзбекистоннинг касбий таълим тизимини янада такомиллаштириш йўлида муҳим таянч вазифасини ўтамоқда.
Фармонда белгиланган мақсад ва йўналишлар халқаро тажрибалар билан уйғунлашган ҳолда Ўзбекистонда касбий таълимни ривожлантириш ва меҳнат бозорининг эҳтиёжларига мос келадиган кадрлар тайёрлашда муҳим қадамлар қўйилишини таъминлаши шубҳасиз. Бунинг учун эса белгиланган мақсадлар бекам-у кўст бажарилиши, амалга оширилган ишлар мунтазам таҳлил қилиб борилиши айни муддао.
Лутфулла БОЗОРОВ,
техника фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент
Ҳамкорлик материали