Сохта психологлар учун жавобгарлик борми?

    Фикр 13 январ 2025 218

    2024 йилнинг 5 ноябрь куни «Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-989-сон Қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонунга кўра, 2025 йилнинг 6 февраль кунидан бошлаб психологик ёрдам кўрсатиш тартибини бузиш жавобгарликни келтириб чиқаради.

    Кабул қилинган Қонунга асосан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекс янги «593-модда. Психологик ёрдам кўрсатиш тартибини бузиш» деб номланган модда билан тўлдирилди.

    Эндиликда, психологик ёрдамни бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахс томонидан кўрсатиш ёхуд аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган чекловларга риоя этмаслик, башарти жиноят аломатлари, шунингдек МЖтКда назарда тутилган бошқа ҳуқуқбузарликлар аломатлари мавжуд бўлмаган ҳолда содир этилса, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

    Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

    Келинг энди кимлар психологик ёрдам кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар эканлигини аниқлаштириб олсак?!

    «Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддасига кўра, психология йўналиши бўйича олий маълумотга эга бўлган шахслар психологик ёрдам кўрсатиш бўйича фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

    Психологиядан бошқа таълим йўналиши бўйича олий маълумотга эга бўлган шахслар психология мутахассислиги бўйича қайта тайёрлаш курсларини ўтаганлиги тўғрисидаги тегишли ҳужжатни олганидан кейин давлат органларида, шу жумладан таълим ташкилотларида тегишли психологик ёрдам турларини белгиланган тартибда кўрсатишга ҳақли.

    Хусусий тартибда психологик ёрдам кўрсатиш бўйича фаолият билан шуғулланишга Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган психологларнинг жамоат бирлашмаси томонидан малака сертификати берилган психологларга рухсат этилади. Бунда талабгор Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган фақат битта психологларнинг жамоат бирлашмасидан малака сертификатини олиши мумкин.

    Психологиядан бошқа таълим йўналиши бўйича олий маълумотга эга бўлган шахслар хусусий тартибда психологик ёрдам кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиш учун психология мутахассислиги бўйича қайта тайёрлаш курсларини ўтаганлиги тўғрисидаги тегишли ҳужжатга, шунингдек малака сертификатига эга бўлиши керак. Бунда ушбу шахслар психологик ёрдамнинг фақат психологик маслаҳат ва психологик тренинг турларини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлади.

    Малака сертификатини бериш, унинг амал қилишини тўхтатиш ва тугатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

    Психологик ёрдам кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахслар томонидан ўз хизматларини реклама қилишда ёки фирма номида «психолог» деган сўздан, шунингдек унга ўхшаш бўлган бошқа сўзлардан фойдаланиш тақиқланади.

    А.Алланова,

    Тошкент давлат юридик университети

    Жиноят ҳуқуқи, криминология ва

    коррупцияга қарши курашиш

    кафедраси профессори в.б., ю.ф.ф.д (PhD)