Меҳр улашилган файзли оқшом

    Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида юртимизда Вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича комиссиялари тугатилиб, ўрнига Болалар масалалари бўйича Миллий комиссия ташкил этилиши, ушбу комиссиянинг асосий мақсади ва вазифалари белгилаб берилиб, 16 та «Меҳрибонлик уйи» ва 4 та «Болалар шаҳарчалари» халқ таълими Вазирлиги тасарруфидан чиқарилиб, Миллий гвардияга ўтказилиши таъкидлаб ўтилди.

    Ота-она меҳридан маҳрум ва ногиронлиги бор болаларни қўллаб-қувватлаш, уларни жамиятнинг фаол аъзолари сифатида тарбиялаш барчамиздан жиддий эътибор ва амалий ҳаракатларни талаб қилади.

    Бирорта бола «мен етим ёки ногиронман» деб ўксинмаслиги, ҳеч бир бола давлат ва жамиятимизнинг эътибори ва меҳридан четда қолмаслиги керак. Бунинг учун уларни энг замонавий касб-ҳунарга ўқитиш, билим олишига барча шароитларни яратиб бериш барчамиз учун муқаддас бурч.

    Андижон давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари меҳрибонлик уйлари билан ҳамкорликдаги ишларни йўлга қўйиш мақсадида, турли маънавий-маърифий тадбирларни ўтказишни режалаштирган. Айни дамда «Ҳар бир бола-эътиборимизда!» шиори остида ўтаётган бугунги тадбир ҳам бошланаётган хайрли ишларимизнинг мантиқий давоми десак хато бўлмайди. Аслида болаларга берилаётган эътибор келгусида Янги Ўзбекистоннинг эртаси бўлган келажагимиз давомчиларини тарбиялаш эканлиги назарда тутиладиган бўлса, зиёлилар зиммасида улкан вазифалар турибди.

    Муҳтарам Юртбошимиз томонидан таъкидланганидек, «Меҳрибонлик уйлари»да таълим-тарбия жараёни билан боғлиқ ишлар қониқарсиз аҳволда, битирувчиларининг иш билан тўлиқ таъминланмагани каби муаммолар борлиги бу соҳада ечимини кутаётган масалалар ҳали кўп ва жиддий муносабат ниҳоят даражада зарур. Шу маънода ушбу муаммоларнинг бартараф этилишида ҳамда суюкли Андижонимизда қалби ўксик болалар бўлмаслиги учун фидоийлик билан ишлаш талаб этилади. Қачонки, биз зиёлилар, болаларга улар доимий эътиборда эканини, меҳримиз ҳамиша бахшидалигини сингдира олсаккина, ўз олдимизга қўйган вазифани бажарган бўламиз. Бугун ўтказилган тадбир беғубор қалбларга бир олам севинч улашди, юзлардаги қувонч, самимиятни кўриб кўнглинг тоғдек кўтарилар экан. Қайсидир маънода, қилган ишингдан ўзинг ҳам рози бўлар экансан.

    Бугун биз ҳам болалик-пошшолик бўлган даврга бир лаҳза бўлсада қайтгимиз келди. Бошқача айтганда, улар билан сўзсиз диллашдик, кўзлар билан юракларига меҳр улашдик.Бирга ўйнадик, қувондик, бирга бўлдик. Бор меҳримизни юрагимиз қўри билан бердик.Бугун тадбирда талабалар қўғирчоқ театрининг саҳнавий чиқишлари, миллий ва замонавий рақслар, расмлар танловлари, эртак қаҳрамонлари билан учрашувлар ҳар бир боланинг қалбига бир олам эзгуликни ҳадя қилди. Ўша онларда келажагимиз давомчиларининг юзларидаги шодликни кўриб, болаларга беринг дунёни, шўх-шодон кулгулари билан дунёни тўлдирсин, ажиб рақслари билан кўнгилларга сурур улашсин дегим келди.

    Болажонларнинг масум кўзларига боқиб, ҳар бир бола эъзозу ардоққа, меҳрга лойиқ эканлигини ҳис қилдим! Чунки юртимиз эртаси бўлган азиз болаларимиз буюк бобокалонларининг муносиб давомчиларидир! Ана шу муносиб давомчиларни муносиб қилиб тарбиялаш ҳар бир зиёлининг муқаддас вазифаси ва бу йўлда фидоийлик асосий мезонимиз бўлмоғи зарур.

    М. Ботиров, Андижон давлат тиббиёт институти проректори

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates