Меҳрли сиёсатнинг адолатли ҳақиқати

    “Отажон! Сиз мен ва опамни бирор марта соғинганмисиз? Нима учун биздан воз кечдингиз? Нима айбимиз ва гуноҳимиз бор эдики, тирик бўла туриб, меҳрингизни ожиза қизларингиздан аядингиз?

    Тақдир синовидан ўтган ёшлар ҳаётига бахт олиб кирди

    Фарзанд ёруғ дунёга келар экан, ота-она унга яхши тарбия беришга ҳаракат қилади, меҳр билан вояга етказади, ўқитади, уйли-жойли қилади. Аммо барча фарзанд тақдири ҳам бирдай ёрқин ва тўкис эмас. Айниқса, Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган ўғил-қизлар болалиги ота-она меҳрига ташналик, кўнгли ўксиклик билан ўтади. Вояга етгач, бу қисматга бошпанасизлик, ишсизлик ва чорасизлик ҳам қўшилади.

    Мамлакатимизда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

    Президентимизнинг 2021 йил 9 августдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Тошкент вилоятида Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига Янгийўл шаҳридан янги уй-жойлар топширилгани ҳақидаги хабарни эшитдигу, ижодий жамоа­миз билан шу бахтли манзил сари йўл олдик.

    Мутасаддиларнинг айтишича, ўтган йил ноябрь ойида Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг 18 нафари ўз уйига эга бўлган, жорий йил март ойида эса Янгибоғ маҳалласида қад ростлаган кўп қаватли уйларнинг яна 8 хонадони тарбияланувчиларга топширилган.

    Биз уларнинг айримлари билан суҳбатлашдик.

    МЕҲРИБОН, ҒАМХЎР ПРЕЗИДЕНТИМ БОР...

    Лола БАРАТОВА (20 ёш):

    — Чирчиқ шаҳридаги Меҳрибонлик уйи ҳисобидан чиқарилганимдан сўнг ўз уйим бўлишига ишонмаганман. Онам вафот этганида мен уч, опам, олти ёшда эдик. Бир йил ўтар-ўтмас отам бошқа аёлга уйланиб, биздан осонгина воз кечиб кетди. Холамнинг қўлида бўзлаб қолдик. Болалик сурурини унутдик. Муштдайгина бошимиз билан рўзғор юмушларига катта одамлардай шўнғидик. Кичкина қўлчаларимиз билан далада ўт терардик, мол боқардик, ҳовли тозалардик, идиш-товоқ ювиб, нима иш бўлса, қилиб кетаверардик. Лекин барибир қариндошларимизнинг катта ҳовлисига сиғмадик. Кунда-кунора бўладиган дилхиралик­лар, жеркишлар, оғир гаплар бола қалбимизни синдираверарди.

    Ота-она ўрнини ҳеч ким боса олмас экан. “Жоним қизларим, болажонларим”, деб эркалашлар армонга айланганди. Меҳрибонлик уйига ўзимиз борганмиз. Бошида кўника олмадик, тунлари билан ухламай йиғлаб чиқардик. Лекин бошқа борадиган жойимиз ҳам, чорамиз ҳам йўқ эди.

    Бир савол мени доимо қийнаб келади. Нега ота-оналар тирик бўла туриб фарзандларини етимхонага топширади, ҳолидан хабар олмайди? Нега туғилганмиз ўзи? Биз ҳам фарзандмиз-ку? Йиллар давомида отамдан сўрай олмаган саволларимни газетангиз орқали сўрасам майлими, гапларимни чиқарасизми?

    — Албатта, айтинг.

    Отажон! Сиз мен ва опамни бирор марта соғинганмисиз? Нима учун биздан воз кечдингиз? Нима айбимиз ва гуноҳимиз бор эдики, тирик бўла туриб, меҳрингизни ожиза қизларингиздан аядингиз? Ота, мабодо бахтим очилиб тўйим бўлса, мени излаб келасизми? Сиздан ҳеч нарса талаб қилмайман, сўрамайман. Чунки бошимда меҳрибон, ғамхўр Президентим бор. У берган янги, шинамгина бошпанам бор. Энди қизларингиз бировларнинг уйида сиғинди бўлиб яшамайди. Ижара пулини вақтида тўлай олмагани учун уй эгаларига кўз ёш тўкиб, дийдираб, кўмак сўраб юрмайди. Сизга, сизнинг оилангизга оғирлиги тушмайди. Мен шунчаки тўйим куни дадам ёнимда бўлишини, кафтларини очиб, пешонамдан ўпиб, оқ фотиҳа беришини истайман. Отасидан фотиҳа олган, отаси яхши кўрган қиз бахтли бўлади, дейишади.

    Отажон, сиздан хафа эмасман, фақат илтимос, мени ҳам озгина яхши кўринг, бахтим учун, келажагим учун қўлларингизни очингда, Худодан биз учун онам кўрмаган, энг ёруғ, энг саодатли кунларни сўраб дуолар қилинг.

    ЎН ЙИЛДАН ЗИЁД ИЖАРАДА ЯШАДИМ

    Гуля ЖЎРАБОЕВА (32 ёш):

    — Отам ҳаёт пайтида дунёдаги энг бахтли қизалоқ эдим. Олти ёшимда отам вафот этди. Орадан икки йил ўтиб, онам бошқа турмуш қурди. Ўгай отам мени ёқтирмас, ишимдан камчилик топиб, кўп калтакларди. Бу ҳам етмагандек, энг оғир ишларни бажаришга, кичкина жуссам кўтара олмайдиган юкларни кўтаришга мажбур қиларди. Юзим шишиб, кўзим кўкариб, кўчага чиқа олмай юрган кунларим кўп бўлган. Қочиб, яшириниб, ўгай отамнинг кўзига кўринмасликка ҳаракат қилардим. Мабодо аралашиб, ёнимни олгудек бўлса, онамни ҳам аямай уриб-тепарди. Хуллас, у мен учун дунёдаги энг ёмон одам эди.

    Шундай кунларнинг бирида, онам­нинг ҳам жонидан ўтган шекилли, ҳатто мени ҳам ташлаб, хайрлашмай чет элга кетиб қолди. Ёшгина қизимни кимнинг қўлига ташлаб кетяпман, деб ўйламабди. Шу бўйи онамни ҳеч қачон кўрмадим. Бирор марта излаб келмади, ўзидан дарак ҳам бермади.

    Бўкадаги Меҳрибонлик уйига келганимда 11 ёшда эдим. 2007 йилгача, 16 ёшга тўлгунимча шу ерда яшадим. Кейин тарбиячиларимиз кўмаги билан Олмалиқ шаҳридаги ётоқхонаси бор коллежга жойлашдим. Уч йил зувиллаб ўтиб кетди, яна борарга жойим қолмади.

    2010 йили коллежни тугатиб, туғилган жойим — Янгийўл шаҳрига келдим. Лекин на тайинли иш ва на бошпана топилди. Ноилож, таҳсил олган коллежимга яна қайтиб бордим. Директорнинг раҳми келдими, ҳар қалай ишга олди. Аммо жамоадаги муҳит сабаб ишдан бўшашимга тўғри келди.

    2012 йилнинг қаҳратон қишида Меҳрибонлик уйида бирга вояга етган дугонам билан Тошкентга иш излаб бордик. Катта шаҳарда яшашимиз осон кечмади. Шундай вақтлар бўлдики, кўчадаги ўриндиқларда тунаб қолишга мажбур бўлганмиз. Яшаш, бир бурда нон топиш илинжида нима иш бўлса қилиб кетавердик, тинмадик.

    Ўша вақтда 20 ёш эдим. Катта шаҳардаги турли идоралар раҳбарлари қабулхоналарига сарғайиб, ялиниб, йиғлаб бораверганман. Уй беринг, иш беринг, деб бормаган жо­йим, тақиллатмаган эшигим қолмаган. Бироқ мени эшитадиган, жони ачийдиган бир мард раҳбар топилмади. Мурожаатларим, аризаларим, бари беҳуда, бесамар ва беиз кетди.

    Мурожаатларимга деярли бир хил — “кўрамиз, ўрганамиз”, деган мазмунда жавоб бўларди. Чорасизлик, имконсизлик одамни ҳар кўйга солар экан. Ахийри, 2014 йилда Президентга хат ёздим. Бир неча ойдан сўнг мени Янгийўл шаҳри ҳокимлиги ходимлари излаб келиб, нималарнидир тушунтиргандек бўлди. Катта идораларга хат ёзиб юришим одоб доирасига кирмаслигини ҳам обдон уқтиришди.

    Ишончим сўлгач, ҳеч кимга мурожаат қилмай қўйдим. 2016 йилда ҳаё­тим яхши бўлиб кетар, деган умидда турмушга чиқдим. Худо бизга ўғил ва қиз фарзанд берди.

    Турмуш ўртоғимнинг оилавий шароити ҳам оғир эди. Рўзғордаги етишмовчиликлар жанжалга сабаб бўларди. Ижара пулини вақтида тўлай олмаганимиз учун уй эгаси бизни кўчага чиқариб юборди. Ёш болаларимга ачинмади ҳам. Бу вақтда турмуш ўртоғимнинг иши юришмайроқ турганди. Шунинг учун иложсизликдан болаларим билан кўп қаватли уйнинг ертўласида яшашга мажбур бўлдик.

    Хуллас, Меҳрибонлик уйидан чиқиб кетганимдан сўнг ҳаётимнинг 17 йилини бошпанасиз, муқим ишсиз, сарсон-саргардонликда ўтказдим.

    Мени таниганлар Президент Шавкат Мирзиёев оддий халққа қа­йишяпти, кўп йиллик муаммоларига ечим топиб беряпти, ишсизлар ишли, уйсизлар уйли бўляпти, сенга ҳам уй беради, раҳбарларнинг олдига бор, ёрдам сўра, дейишди. Бироқ мендаги ишонч ва умид, ҳаётим яхши бўлади, деган илинж тугаб бўлганди. Ҳеч нарсага ва ҳеч кимга ишонмай қўйгандим.

    Бир куни хўрлигим келиб, ертўлада яшаётган жойимизни суратга олдим-да, интернетга жойлаштирдим. “Президентимиз Меҳрибонлик уйидан чиққан болалар қандай аҳволда яшаётганини кўрсин”, деб ёзиб қўйдим...

    ...Ва ниҳоят, 17 йилдан сўнг мен бир ҳақиқатга — бошимизда меҳрибон отамиз борлигига ишондим. Давлатимиз раҳбари етим болаларга бефарқ эмаслигига ва ўз уйим бўлишига ишондим. Негаки, мурожаатимдан бир ҳафта ўтиб-ўтмай янги қурилган бир хонали уйнинг калитини қўлимга тутқазишди.

    Йиғладим, энди ўз уйим бор, биз етимларни ўйлайдиган, суяйдиган, эшитадиган давлатимиз раҳбари ҳам бор, деб йиғладим. Янги уйга ҳали одамлар тўлиқ кўчиб келмаган, қурувчиларнинг қиладиган ишлари ҳам бор, лекин уйни кўриб, мутасаддиларга илтимос қилдим, янги уйга кўчиб ўтишимизга рухсат олдим. Бу ерда Меҳрибонлик уйидан чиқиб, мен каби қийналиб, ижарада яшаётган йигит-қизлар қўшни бўлиб, борига шукр қилиб, ёнма-ён яшаяпмиз. Тўғри, ҳозирча иссиқ сув тармоғи тўлиқ ўрнатилмаган, лекин ўз уйинг­нинг ҳарорати олдида бу ҳеч нарса эмас. Янги лифтимиз ҳам ишга тушмади, аммо тўрт мучамиз соғ, оёқларимиз бардам-ку. Муҳими, ош-овқатимизга газ, егуликларни қўйишга музлаткичимиз, кўришга телевизоримиз, ётишга қулай диванимиз, муҳими, ўз уйимиз, ўлан тўшагимиз бор. Ҳаётимда биринчи бор оилам даврасида чинакам бахтни ҳис қилиб яшаяпман. Бунинг учун Президентимдан чексиз миннатдорман. Агар у бўлмаганида, ҳалиям ертўлаларда, ижараларда сарғайиб яшаб юраверардик...

    ФАРЗАНДЛАРИМНИ ҲАЛОЛ РИЗҚ БИЛАН БОҚАМАН

    Владимир ЛИМ (21 ёш):

    - 7 ёшимда онам, 12 ёшимда отам вафот этди. Кейин қариндошларим мени Бўкадаги Меҳрибонлик уйига топширди. Бу ерда ҳамма шароит бор, бир қарашда ҳаёт тўкис ва тўкин эди, лекин ота-онам йўқ, уларнинг меҳри етишмасди. Шунинг учун шароитлар менга татимаган.

    Ҳар доим ўз уйим бўлишини ва унда оилам, фарзандларим билан бахтли яшашни орзу қилганман. Бугун шу орзу-­ниятларим амалга оша бошлади. Уйли бўлдим.

    Кафеда ошпаз бўлиб ишлайман, ишим ўзимга ёқади. Олий ўқув юртида ўқишни режалаштириб турибман. Асосийси, бўлажак оиламни, фарзандларимни ҳалол меҳнатим, ҳалол ризқ билан боқаман, кўнглини

    ўкситмайман. Токи уларга ҳеч ким, ҳеч қачон “Сен етимсан, ота-онанг кимлигини биласанми ўзи?”, каби юракни эзиб юборадиган сўзларни айта олмасин.

    Президентимизга минг раҳмат. Унинг меҳрли сиёсати туфайли ўз уйимга эга бўлдим. Бу яқин-яқингача мен учун ушалмас орзу, эртак каби туйилган. Бугун эса эртаклар ҳақиқатга айланган кунларни ўз кўзим билан кўриб турибман.

    Биз ҳамиша эл хизматида бўлиб, яратилган имконият ва имтиёзлар учун шу она Ватанимизга муносиб фарзанд бўлиб хизмат қилайлик. Ишончни, эъзозни оқлайлик. Мен каби етимларнинг бошини силагани учун, бошпана бергани учун Президентимни ҳамиша ва ҳар доим дуо қилиб ўтамиз.

    ХУЛОСА ЎЗИНГИЗДАН

    Тақдир ҳукми ёки ота-онасининг айби билан оила деб аталмиш муқаддас гўшасидан бебаҳра бўлиб вояга етган бу уч тақдирнинг уч ҳикояси орамизда учраб турадиган баъзи бемеҳр ота-оналарга ибрат бўлса қанийди.

    Бу ёшларнинг дил сўзларига ортиқча сўз қўшмадик, бўрттирмадик. Борини борича эшитдик ва ёздик. Чиндан ҳам Президентимизнинг меҳрли сиёсати билан Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ва етим болаларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва юксак эътибор таҳсинга лойиқ. Зеро, бу каби ўғил-қизларнинг истиқболли келажаги, бахтли ҳаёти учун юртимизда барча шароитлар бадастир. Улар бугун олий таълим муассасаларида таҳсил оляпти, муносиб иш ўрнига эга бўляпти, замонавий уйлардан бошпана бериляпти.

    Тўғри, уларнинг синган, ўксиган, озорланган кўнгил оғриқларини ҳеч ким кетказа олмайди. Аммо дардига дармон, ярасига малҳам бўлиш мумкин. Мақолани Президентимизнинг “Кўнглингиз ўксимасин, тақдир сизга ҳозир синов берди. Лекин келажакда сизларни кўп яхшиликлар кутиб турибди, тенгдош­ларингизга ўрнак бўладиган инсонларга айланасиз. Мен бунга ишонаман. Сизлар икки карра кўп меҳр оласиз. Бу меҳр сизларга бахт олиб келсин, cаломатлик олиб келсин. Мен сизларнинг бахтингиз, cоғлиғингиз ҳақида эшитиб юрай”, деган сўзлари билан якунлашга қарор қилдик.

    Бу кўҳна оламда турмушнинг залварли юки ичра баъзан араз, баъзан гина қилиб юрар эканмиз, ўз уйингнинг эгаси бўлишдек бахтнинг қадрига ҳар доим ҳам етавермаймиз. Чоғроқ бўлса-да, уйимизнинг тафту ҳарорати борлигини ҳис этавермаймиз. Бизни шукроналик ҳисси тарк этмасин!

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates