“Меҳрнома”да меҳр-оқибат изҳори

    Пойтахтимизда таниқли журналист ва публицист Икромжон Ўтбосаров ҳаёти ва ижодига бағишланган “Меҳрнома” хотира китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

    Тадбирда таниқли адиб ва шоирлар, республикамиздаги етакчи нашрлар бош муҳаррирлари, устоз журналистнинг сафдошлари ҳамда шогирдлари, шунингдек, уни яқиндан билган-таниган меҳмонлар иштирок этишди.

    Айтиш жоизки, Икромжон Ўтбосаров Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист унвонига, “Олтин қалам” халқаро танлови совринига, давлатимизнинг “Шуҳрат” медалига ўзининг машаққатли ва шарафли касбини ардоқлаш орқали, энг асосийси, ҳалол меҳнатлари эвазига сазовор бўлганлардан биридир.

    Тақдимот аввалида шайх Абдулазиз Мансур сўз олиб, китоб-матбаачилик тарихи, ислом оламида китобнинг яратилиши ва унинг беқиёс аҳамияти, жумладан, “Меҳрнома” китоби хусусида ҳам тўхталиб, нашр ижодкорларига миннатдорлик изҳор этдилар.

    Китобнинг масъул муҳаррири ёзувчи Ҳаким Сатторий тўпламнинг яратилиши ҳақида тўхталиб, шундай деди:

    – Китобни тайёрлашда фарзандлар ғайрат қилишди. Ташаббус кўпчилик томонидан қўллаб қувватланди. Кимгаки, мақсаднинг моҳияти изҳор қилинса, “Бажонидил, Икромжон ака ҳақида айтадиган гапларимиз бор, бу биз учун фарз” қабилида жавоб бўлди. Мазкур китоб баҳонасида қўлига қалам олган дўстлар, қариндош-уруғлар, шогирдлар, яқинлар бир нарсани умумий эътироф этишди: “Хотира нисбий экан. Вақт ўтиши билан таассуротлар унутилиб бориши табиий экан.

    – Устоз ҳақидаги китоб яратилишига ҳисса қўшган барчага катта раҳмат, – дейди китобнинг нашр этилишида жонбозлик кўрсатган таниқли журналист Саидолим Ҳайдаров. – Шу баҳонада кўп гаплар қоғозга тушиб қолди. Энди улар келажак мулкига айланади. Мазкур мажмуани панднома китоб ҳам дейиш мумкин. Зеро, у етук мутахассис бўлишга интилаётган ёшлар учун ҳам қимматли манба бўла олади.

    Кечада таниқли устоз журналистлар Аббосхон Усмонов, Ўткир Раҳмат, Жаббор Раззоқов ва бошқалар истеъдодли журналист Икромжон Ўтбосаровнинг соҳага кириб келиши, “Халқ сўзи” газетаси ташкил этилгандан бошлаб, нашрнинг Иқтисодиёт бўлимини то умрининг охиригача изчил ва самарали бошқаргани, инсон ҳамда ижодкор сифатидаги эзгу фазилатлари, шогирдлар тарбиялашдаги хайрли ишларини алоҳида таъкидладилар.

    Эътироф этиш жоизки, устоз Икромжон Ўтбосаровнинг кўплаб шогирдлари ҳозирда республикамизнинг бир қатор етакчи оммавий ахборот воситаларида самарали ижод этмоқда.

    Китобдан Салим Дониёров, Бекқул Эгамқулов, Рустам Бойтўра, Дилшод Улуғмуродов каби таҳририятимиз аъзоларининг ҳам таниқли журналистни хотирлаб ўзига хос услубда ёзган мақолалари жой олган.

    Н. Маҳмудов

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates