Миллий ифтихоримиз рамзини миллий брендга айлантирамиз

    Долзарб 3 июн 2023 2331

    Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли. Давлат байроғи ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон ҳудудида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқликни англатади ҳамда мамлакатимизнинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.

    Ер юзида икки юз элликка яқин давлат бор ва, албатта, ҳар бир давлатнинг ўз рамзлари, байроғи мавжуд. Ҳар бир байроқ айрича ранг ва тимсолларга эга. Улар билан ёнма-ён балқиб турган байроғимиз ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизни кўрсатиб туради.

    Байроқ қадим-қадимдан ҳар бир халқ учун мустақиллик, ҳурлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келган. Аждодларимиз ҳам юрт байроғини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидек асраган. Буюк соҳибқирон Амир Темур ғолиблик байроғини юксак кўтарди. Бу байроқ остида буюк эл бирлашди, у барпо этган улуғ салтанатни дунё тан олди.

    Бугунги кунда ҳам байроқ турли байрам тантаналарида, юртимиз делегациялари қатнашаётган xалқаро миқёсдаги тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимизнинг шаъни, xалқимизнинг ғурур ва ифтиxорини ёрқин акс эттиради. Юртимиздаги байрам шодиёналари, тантаналари чоғида кўчаларимизга кўрк бағишлаб турган байроғимиз ҳар биримизда ғурур-ифтихор туйғусини уйғотади.

    2022 йил 18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ташаббуси илгари сурилган эди. Ушбу ташаббус замирида халқимиз, кенг жамоатчиликнинг таклиф ва истаклари турибди. Чунки, амалдаги қонунда давлатимиз байроғининг қаерларга доимий қўйилиши, ўрнатилиши, давлат байроғи тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмаслиги каби нормалар мавжудлиги масаласига ойдинлик киритиш билан бир қаторда, уларни чеклов сифатида ҳам баҳолаш мумкин. Бу эса фуқароларимиз, кенг жамоатчилик, жумладан, тадбиркорларимизнинг давлатимиз рамзи, ифтихори бўлган байроғимиздан ва унинг тасвиридан кенгроқ фойдаланишига йўл бермаётир.

    Амалдаги қонун миллий истиқлолимизнинг илк йилида, яъни 1991 йилда қабул қилинганига эътибор қаратсак, у даврдаги қарашлар ва ёндашувлар ҳозирга келиб тубдан ўзгарди. Ўша даврларда ижтимоий ҳаётимиз “давлат – жамият – инсон” парадигмасига асосланиб, давлат манфаатлари устун қўйилган бўлса, жорий йилнинг 30 апрелида халқимиз томонидан умумхалқ реферундуми орқали қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонуннинг таг замирида “инсон – жамият – давлат” парадигмаси туриши бундай қарашлар ўзгарганидан далолат беради. Инсон манфаатлари устунлигини таъминлаш нуқтаи назаридан амалдаги қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бугунги куннинг муҳим талабидир.

    Амалдаги қонунга ҳозиргача 5 марта тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, такомиллаштирилган. Юқорида билдирилган фикрлар ҳамда сўнгги йиллардаги ислоҳотлар, очиқлик сиёсати натижасида фуқароларимиз сиёсий онги жадал ўсиб бораётганини, иқтисодиётда хусусий сектор улуши ортиб бораётганини ҳисобга олсак, амалдаги қонун концептуал жиҳатдан ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга муҳтож эканига яна бир бор амин бўламиз.

    Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

    Мазкур қонун лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилмоқда:

    Давлат байроғидан спорт мусобақаларида, оммавий жисмоний тарбия тадбирларида, маданий ва ўзга оммавий тадбирларда, оилавий байрамларда, хотиравий саналарни байрам қилишда ҳамда бошқа ҳолларда ҳам байроғимизга нисбатан зарур ҳурматни таъминлаган ҳолда фойдаланишга рухсат бериш;

    давлат рамзига зарур ҳурмат билан муомала қилган ҳолда ундан ва унинг тасвири туширилган белгилардан жамоат жойлари ва биноларда, яшаш ёки иш жойларида ҳамда уларга туташ бўлган ҳудудларда, транспорт воситаларининг салонида фойдаланиш мумкинлигини белгилаш;

    давлат органларининг рамзларида (байроқ, геральдик белги) ва уларнинг расмий веб сайтларида давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан фойдаланишга ҳуқуқий асос ўрнатиш;

    давлат байроғи тасвирини устки кийимга безатиш мақсадида акс эттириш имкониятини яратиш белгилаб берилмоқда.

    Оддий айтганда, бу ўзгаришлардан кейин фуқаролар ҳам байроғимизга ҳурмат сақлаган ҳолда ундан ўз хонадонларида, иш жойларида эркин фойдаланиши мумкин бўлади. Айни пайтда Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистонда яшайдиган бошқа шаxслар байроғимизни ҳурмат қилиши шарт экани билан боғлиқ талаб сақланиб қолади.

    Бир сўз билан айтганда, амалдаги қонунга бундай ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши марказий кўчаларда, майдонларда, бошқа жамоат жойларида ва объектларда нафақат байрам кунлари, балки кундалик ҳаётимизда ҳам давлатимиз байроғини кўриш, ундан фахрланиш туйғуларини кучайтиради ва уни миллий ғуруримиз тимсолига айлантиради. Зеро, унда руҳиятимиз, ғурур ва ифтиxоримиз, Ватанимиз ва xалқимизга бўлган меҳр-муҳаббатимиз, келажакка ишончимиз мужассамдир.

    Зафар ХУДОЙБЕРДИЕВ,

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates