Миллий мафкура ёлқини: «Бир майизни қирқ бўлган миллатим!»

    Фикр 26 январ 2022 3489

    Эрта тонгдан ишга отланган чоғимда одатий бир ҳол борки, қалбимни ажойиб орзиқиш қамраб олади ва жамоа сари ўзгача бир болаларча талпиниш билан шошаман. Инсон - инсонлар ичида ўзини топади ва бир-бирига туташ ниятлар маслакдошларни, жамоадошларни бирлаштиради. Чунки биз шошаётган, биз интилаётган мақсадлар юракка яқин - мамлакатга маърифатли, баркамол, келажакни ишонч билан топшириш мумкин бўлган ёшларни, ўз дунёқараши билан дунёни бошқариш салоҳиятига эга кадрларни етказиб беришдир. Шу эзгу мақсад - биз зиёлилар қатламини якдил қила олган, ишимизни севдира олган, ўзликдан қониқиш ҳиссини бера оладиган кучли мафкурадир.

    Мафкура хусусида сўз кетар экан, айтиш керакки, мафкура – руҳнинг тириклиги белгиси ва ҳаётнинг асл рангидир. Инсоннинг вужуди шу руҳ билан яшнар экан, жамият ҳам, инсон ҳам мафкура билан уйғоқ ва барҳаётдир.

    Халқимизда «Арпасиз от қир ошмас, ёрдамчисиз алп енголмас», «Бир қарға бирла қиш келмас», «Ёлғиз ғоз учмас», «Беш бармоқ йиғилса, мушт бўлар», деган мақоллар бежиз ёшлар қулоғига қуйилмаган. Айниқса, эл орасида «жамоатдан ажралмаслик», «элнинг этагидан тутиш» каби иборалар айнан мафкуравий якдиллик учун хизмат қилган. Донишманд тарих гувоҳки, аслию, насли, дини ва эътиқоди, қон-қонига эзгулик, мўмин-қобиллик, сабр-тоқатлилик сингиб кетган ўзбек халқи ҳамиша ҳамжиҳатлик, миллий якдиллик, мафкуравий бирдамлик борасида бошқа элатларга ўрнак бўлиб келган. Шу боис миллий мафкурамиз илдизлари ҳам «Эзгу сўз, эзгу фикр, эзгу амал», «Дил ба ёру даст ба кор», «Адолат кучда эмас, куч – адолатдадир» (Амир Темур), «Ҳақ олинур, берулмайдур. Ҳар миллат ва мамлакат халқи ўзининг ҳуқуқи, дини ва сиёсатини ҳаракат ва иттифоқ ила бошқалардан олади» (М.Беҳбудий), жаҳолатга қарши маърифат, ёмонликка жавобан яхшилик сингари инсонпарвар ғоялар асосига қурилган. Одамийлик ҳиммати, уйғоқ вужудни ғайрат сари чорлагувчи қуйидаги сатрлар сўз мулкининг султони Мир Алишер Навоийдан бежиз яралмаган:

    Тухум ерга кириб, чечак бўлди,

    Қурт жондин кечиб, ипак бўлди.

    Лола тухмича ғайратинг йўқму?!

    Пилла қуртича ҳимматинг йўқми?!

    Ҳа, инсоннинг яшаётгани, борлиқда мавжудлиги унинг руҳидан, ҳаракатидан, онгу-тафаккуридан, амалларидан англанади. Мафкура эса шу руҳни тириклик суви билан суғорган ҳолда, инсонийлик моҳиятини белгилаб беради. Қалбимнинг бир оғриғи сифатида эслар эканман, Бухорий, Замахшарий, Мотуридий авлодлари бўлган бу миллат танига мустамлакачилар сингимас мафкурани тиқиштиришга уриндилар. Халқимиз узоқ йиллар миллий мафкура қудратини англамай яшаган йиллар ҳам ўтди. Халқнинг асл бирдамлиги, барҳаёт куч ва салоҳиятини намоён этувчи миллий ғояларимиз фақат баландпарвоз шиорлар, баланд ҳайқириқлар соясига беркинди. Аслияти буюк бўлган бу халқ кўп ютуқларга эришди, бироқ бу ютуқлар, уддалашимиз мумкин бўлганлари олдида жуда камлик қилди. Қўйни пуч ёнғоққа тўлган элнинг эртанги кунга умиди ҳам шунчалик хира бўлади.

    Бироқ, халқ иродаси букилмади ва катта тантана билан айтаманки, бугун ўзбек халқи кечаги халқ эмас. Миллий якдиллик, бирдамлик билан Янги Ўзбекистонни қураётган халқнинг тафаккури ҳам, мафкураси ҳам энди янгича.

    Айни шу паллада бизга асл миллий мафкура, бутун элни бир байроқ остида бирлаштиришга қодир миллий ғоя нақадар зарур эканлигини англадик. Юрагида мустақиллик орзуси билан билан бирга миллий якдиллик, маънавий теранлик, ўзликка садоқатни, дунёга ўзбек бўлиб мағрур юзланиш толеини орзу қилиб ўтган жадид боболаримиз ёқлаган йўл айнан биз яратмоқчи бўлган буюк истиқбол йўли эканлигини англаб, уйғондик.

    Бугун кўпмиллатли халқимиз ўзининг хоҳиш-иродаси, орзу-мақсадларини, умуммиллий манфаатларимиз негизини юксак тафаккур билан англаш йўлига ўтди. Зотан, йиллар давомида мустақиллик қудратини мустаҳкамлаб бораётган Ватанимизнинг бугунги ривожланиш йўли, шубҳасиз, халқимиз билан биргаликда танланган ва биргаликда амалга оширилмоқда, деб баралла айта оламиз.

    Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Президентлик фаолиятининг дастлабки қадамларидаёқ «Буюк истиқболимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз!» деб бутун халқимизни миллий бирликка, муштарак мақсадлар йўлида бирлашишга ундади. Сўнгги йилларда юртимиз тараққиётидаги сезиларли ўсишлар, ижтимоий юксалишга юз тутганимиз, аввало, Президент ислоҳотларининг эзгу натижаси бўлса, ёшу қарининг ана шу ислоҳотлар замирида давлат ва жамият равнақи, эл осойишталиги, одамларнинг розилиги, бахти ва фаровон ҳаёти ётганини теран англаётганининг ўзи катта ютуқ, керак бўлса, мафкуравий ғалабамиздир.

    Айтиш керакки, бугун барча куч ва салоҳиятимиз ягона улуғ мақсадимиз – Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган экан, аввало, миллатнинг мафкуравий якдиллиги, ғоявий бирлиги бу борада мустаҳкам устунимиз эканлиги бир лаҳза ҳам унутмаслигимиз даркор.

    Мафкура масаласи кеча ёки бугун долзарб тус олган масала эмас. Инсоният тарихида жамоа, халқ, миллат тушунчаси борки, ғоя ҳам, мафкура ҳам бор, шубҳасиз. Айтмоқчи бўлганим, муштарак мафкура бор жойда, жипслик, Ватан ва эл манфаати учун биргаликда курашиш истаги ҳам бўлади, албатта. Масаланинг бошқа томонини олиб қарайдиган бўлсак, битта эзгу мафкурага бирлаша олмаган халқлар тақдири қанчалик ҳалокатга юз тутгани ёки миллий ғоясиз элларнинг тарқоқ тўдаларга айланганига ҳам тарихда мисоллар кўп.

    Дунё давлатлари орасида бир Ватанда яшаб, бир миллат бўлатуриб, икки хил мафкура ортидан эргашадиганлар ёки ҳар бир провинция, штат ёки вилояти ўзича «яшаш принципи»ни тутган мамлакатлар кўп. Уларнинг мисолида бир миллат, бир дин вакили бўлгани ўлароқ, бир байроқ остида бирлаша олмаган алоҳида халқларни кўриш қийин эмас. Буларнинг бари биз учун тарихий сабоқ бўлиши жуда муҳимдир. Зеро, Ўзбекистон деб аталган Ватан тақдири, манфаати деганда ҳар биримизнинг юрагимиз бирга ёниши, миллий ўзлик деган муқаддас тушунча фақат тилларда эмас, амалий саъй-ҳаракатларимизда намоён бўлиши муҳимдир.

    Тан олишимиз керак, бугун Ватан, мустақиллик, миллий ўзлик, миллий ғоя сингари муқаддас тушунчаларни арзон баҳолайдиган кимсалар ҳам йўқ эмас. Ўз ватанидан қусур қидириб, ўзининг ватан учун қай даражада бўлса ҳам наф келтиришга лаёқатли ёки лаёқатсиз эканлигини баҳоламай, ундан иддао қилишга уялмайдиганлар қанча?! Гўёки тўқлик ниқобида, аслида эса қуллик даврларини кўр-кўрона қўмсаётганлар ҳам бор орамизда. Бироқ сўнгги беш йил ичида Ўзбекистон кўрган янгиланиш ва ўзгаришлар улар каби тафаккури пуч одамлар қалбини ҳам уйғотди, назаримизда. Халқнинг розилиги йўлида олиб борилаётган ислоҳотлардан миннатдорлик кайфияти кирди юракларига. Қувонарлиси, халқимиз бугунги Ўзбекистон кечаги Ўзбекистон эмаслигини ўз тақдири, ўз ҳаёти мисолида англадилар.

    Ўтган қисқа давр ичида кенгли кўламли ишларни амалга оширишимиз учун асос бўлган Ҳаракатлар стратегияси ҳам халқимиз билан бамаслаҳат қабул қилинган эдики, унинг самарасини яққол кўра олдик. Айниқса, «Инсон қадри учун» деган устувор тамойил давлат ва жамият фаолиятининг бош мезонига айланди. Энг асосийси, инсон қадри давлатимиз учун қандайдир мавҳум тушунча эмас, ўзида ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечириши, ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишини кўзда тутишига гувоҳ бўлдик. Бу борада Ўзбекистон чинакам халқпарварлик йўлини тутгани халқаро майдонда эътироф этилиб, мамлакатимиз биринчи марта Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзолигига сайлангани бежиз эмас.

    Эл-юртимизнинг халқчил ислоҳотларга бўлган хайрихоҳлиги ва қатъий ишончи сабаб, эндиликда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилди. Бугун «Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» деган тамойил асосий ғоя ва мезонимизга айланиб, у орқали миллий ривожланишимизнинг янги босқичи бошланди.

    Бугунги кунда инсоният ўз тарихидаги ниҳоятда мураккаб даврни бошидан кечираётгани ҳеч кимга сир эмас. Дунёда турли кучлар ўртасида қарама-қаршилик ва зиддиятлар кучайиб, ресурслар учун шафқатсиз кураш кетаётгани, минтақамиздаги тинчлик ва хавфсизликка нисбатан янги-янги таҳдидлар пайдо бўлаётгани хавотирланарли ва ўз навбатида барчамизни огоҳликка, уйғоқликка ундайди.

    Аммо бир ҳақиқат юракларимизга таскин беради: миллий мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари, деган муштарак ғоя, умуммиллий мақсадимиз борки, у бизга ҳар қандай таҳдид ва рақобатга, шиддат билан ўзгараётган ҳаёт синовларига мағрур нигоҳ билан қарашга куч беради. Бу борада жамият ва халқ жони, руҳи бўлган маънавият ва маърифий тафаккур нури бизга қўшқанотдир. Зеро, кучли маънавият суви билан суғорилган «Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият» концепцияси униб-ўсиб келаётган ёшларимизни маънавий-маърифий баркамол, соғлом эътиқод руҳида тарбиялашимиз учун муҳим асос бўлади.

    Президентимиз томонидан айтилган ҳақли сўзлар миллат маънавияти, миллий ғояга садоқат ҳамишалик қудрат эканлигига янада ишонч ҳосил қиламиз: «Бугун дунё тараққиёти шу даражага етдики, энди мафкуравий кураш, маънавий салоҳият етакчи ўринга чиқди. Энди қурол-яроғлар эмас, мафкураси, миллий ғояси кучли бўлган енгиб чиқади. Мафкуравий кураш бир жамият, мамлакат ичида ҳам, халқаро ва давлатлараро миқёсда ҳам давом этмоқда».

    Дарҳақиқат, миллат, жамият, давлатнинг тинчлиги ва барқарорлигига қарши қаратилган, сиёсий ва конституцион тизимни заифлаштириш ва бузишга йўналтирилган, фуқаро ва жамият хавфсизлигига таҳдид солувчи мафкуравий тажовузлар кескинлашаётгани, бу йўлда разил кучларга одамларнинг диний, миллий ҳиссиётлари, ҳаётида учраган ижтимоий-иқтисодий қийинчиликлари, айниқса, ғўр ва содда, ҳали мустақил дунёқараши шаклланиб улгурмаган ўғил-қизларимизнинг маънавияти, маърифатидаги бўшлиқлар қўл келиши мумкинлигини унутмаслигимиз керак.

    Бироқ, бугунги ислоҳотларни кўриб-билиб улғаяётган ёшларимиз ота юрт, она Ватан ихлосига муносиб тафаккур қилишга қодир бўлади. Қолаверса, бузғунчилик, миллат маънавиятини бузишга интиладиган ахлоқсизлик, диний экстремизм ғоялари тарафдорларининг ғаразли мақсадларини халқимиз, айниқса, ёшларимиз соғлом тафаккур билан англаб етаётгани катта ютуғимиздир.

    Баҳодиржон Шермуҳаммадов,

    Фарғона давлат университети ректори,

    педагогика фанлари доктори,

    профессор.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates