Айни кунларда Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти қизғин давом этмоқда. Аҳоли номзодларнинг сайловолди дастури билан яқиндан танишиб, уларда илгари сурилган ташаббуслар юзасидан фикр алмашмоқда. Сайлов ҳуқуқлари ва эркинликлари юзасидан қизғин баҳс-мунозара бўляпти.
Шу ўринда айтиш керакки, сайлов ҳуқуқлари ва эркинликлари мавзуси нуфузли халқаро ташкилотлар жиддий шуғулланадиган масала ҳисобланади. Ҳозирги пайтда дунёда сайлов ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга оид йигирмадан зиёд халқаро ҳуқуқий ҳужжат билан белгиланган стандартлар мавжуд. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 21-моддасига кўра, ҳар бир инсон ўзи яшаётган давлатнинг бошқарувида бевосита ёки эркин сайланган вакиллар орқали қатнашиш ҳуқуқига эга. Халқ иродаси ҳокимиятнинг асоси бўлмоғи лозим. Бу ирода даврий ва сохталаштирилмаган, умумий ва тенг сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш ёки овоз бериш эркинлигини таъминлайдиган бошқа тенг қийматли шакллар воситасида ўтказиладиган сайловларда ўз аксини топиши лозим.
Бундан ташқари, БМТ томонидан қабул қилинган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, БМТнинг Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш ҳақидаги ҳамда «Аёлларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай шаклларига барҳам бериш ҳақидаги конвенциялари, Парламентлараро иттифоқ кенгаши томонидан қабул қилинган Эркин ва адолатли сайловлар мезонлари тўғрисидаги декларация, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Инсонийлик мезонлари бўйича Копенгаген ҳужжатида ҳам демократик сайлов принциплари ўз аксини топган.
Шу ўринда бир савол туғилади: Миллий сайлов қонунчилигимиз мазкур халқаро стандартларга қанчалик мувофиқ келади?
Ўзбекистон Конституцияси ва Сайлов кодексида сайловнинг умумийлик, тенглик, тўғридан-тўғри, яширин овоз бериш, кўппартиявийлик, муқобиллик, очиқлик ва ошкоралик, эркинлик, адолатлилик ва ҳаққонийлик каби халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган демократик принциплари ҳар томонлама ўз ифодасини топган. Масалан, умумий сайлов принципи фуқароларимиз кимлигидан қатъи назар, сайлов ҳуқуқидан фойдаланишини англатади.
Сайлов кодекси асосида ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган жиноят содир этгани учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларда сайлаш ҳуқуқи вужудга келиши билан умумий сайлов ҳуқуқи принципи миллий сайлов қонунчилигига янада тўлиқ жорий этилгани, яъни халқаро стандартлар талаблари имплементация қилинганини англатади.
Тенг сайлов ҳуқуқини таъминлаш ҳар бир сайловчининг бир овозга эга экани ёхуд сиёсий партияларга бир хил имкониятлар яратилгани билан амалга оширилади. Яна бир ислоҳот – сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхaтга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртaсидан эътиборан бошланиши, яъни номзодлар сайловолди ташвиқотини бир вақтда бошлаши таъминланиши тенг сайлов ҳуқуқи принципининг ёрқин исботидир.
Яна бир принцип - тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи. Яъни фуқаролар яшаб турган жойида овоз бeриши орқали депутатлар ёки Президентни сайлайди. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилиши ва «бир сайловчи – бир овоз» тамойили асосида фуқароларимизнинг қаерда яшаётганидан қатъи назар, сайловда иштирок этиши таъминланганини алоҳида эътироф этиш лозим.
Яширин овоз бeриш ҳам сайловнинг муҳим принципи ҳисобланиб, фуқароларнинг овоз бeришида ҳeч ким таъсир қила олмаслигини англатади. Муддатидан олдин овоз бериш сайлов варақалари ўрнига сайлов бюллетени орқали амалга оширилиши белгиланишини ҳам яширин овоз бериш принципи миллий сайлов қонунчилигида янада мустаҳкамланганига мисол бўла олади.
Миллий сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш, умум эътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқлаштириш доимий ҳамда мунтазам давом этадиган жараёндир. Бу борада халқаро ташкилотлар ва экспертлар тавсиялари асосида Сайлов кодексига жорий йилда икки марта ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани фикримизни яққол исботлайди. Хусусан, 2021 йил 8 февралда сайлов қонунчилигига киритилган энг муҳим ўзгаришлардан бири Президент ҳамда маҳаллий вакиллик органлари сайловлари муддатини декабрь ойидан октябрь ойига кўчириш бўлди.
Бaрчa мaмлaкaтлaрдa Прeзидeнт муайян муддaтгa сaйлaнади. Мазкур сайловнинг сиёсий аҳамияти шундан иборатки, Президент сайлови орқали халқ ўзи ишонган вакилни муайян муддатга давлат раҳбари этиб сайлайди. Конституциямизда Президент Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланиши белгиланган.
Ҳар йиллик режаларни ҳаётга татбиқ қилиш йил бошидан бошланишини инобатга олсак, сайловнинг декабрь ойи охирида ўтказилиши янги сайланган Президентнинг йил бошидан ўз лавозимига киришиши ва муҳим стратегик дастурлар қабул қилинишининг кечикишига сабаб бўлиши мумкин эди. Сайлов барча учун мақбул бўлган санада ўтказилиши оқилона ечим бўлди.
Шу билан бирга, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲББ) тавсиялари асосида Сайлов кодексидан сайлов комиссиялари номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишига оид вазифаси чиқариб ташланганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Қайд этиш зарурки, сайловолди ташвиқотини ташкил этиш ва ўтказиш бевосита сиёсий партияларнинг иши бўлгани сабабли сайлов комиссиялари бу ишга аралашиши уларга хос бўлмаган вазифа ҳисобланади ва мазкур амалиёт халқаро тажрибада ҳам ўз аксини топган.
Шунингдек, сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш тақиқланмоқда. Масалан, давлат хизматчиларига, агар улар ишончли вакил бўлмаса, шунингдек, ҳарбийлар, диний ташкилотлар хизматчилари, судьяларга сайловолди ташвиқотини юритиш тақиқланмоқда.
Сайлов соҳасидаги оғриқли масалалардан бири хориждаги сайлов участкалари бўйича сайловчилар рўйхати мазкур муассасалар раҳбарлари томонидан консуллик рўйхати бўйича тақдим этиладиган маълумотлар асосида тузилиши эди. Натижада хориждаги фуқароларимизнинг сайлов ҳуқуқлари муайян даражада чекланиб келарди. Шу боис, хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, шунингдек, чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутиларда овоз беришнинг ҳуқуқий асослари яратилди.
Шу билан бирга, ДИИҲББ сайловлар бўйича миссиясининг тавсиялари асосида, жумладан, сайлов бюллетенида номзоднинг эгаллаб турган лавозими, иш жойи кўрсатилиши ҳақидаги норманинг чиқарилиши номзодларга тенг имконият яратишга қаратилган ислоҳот бўлди. Мазкур ислоҳот овоз беришда, энг аввало, номзоднинг сайловолди дастурида илгари сурилган масалаларга эътибор қаратишга хизмат қилади.
Сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирларни ўтказилиш жойи ва вақти ҳақида тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказиш тартиби сайловолди ташвиқотида номзодлар, сиёсий партиялар, сайлов жараёнига масъулларнинг ортиқча оворагарчилигининг олдини олишга қаратилган бўлиб, оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб этилмаслигини англатади. Бундан ташқари, тегишли қонунчилик билан идентификация картаси ҳам шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар сирасига киритилиши сайлов қонунчилигида мустаҳкамланди.
Сайлов қонунчилигига киритилган янгиликлар бўлажак сайловда юртдошларимизнинг фаол иштироки орқали сайловни демократик мезонлар асосида ўтказишга, мамлакатимизнинг узоқ муддатга мўлжалланган тараққиёт стратегияси кафолатини таъминлашга хизмат қилади.
Исломбек РУСТАМБEКОВ,
Тошкент давлат юридик университети ректори в.в.б.,
юридик фанлар доктори, профессор