Миллий спорт турларини ривожлантириш ва оммалаштириш давлатимиз раҳбари илгари сурган муҳим ташаббуслардан бири бўлиб, номоддий маданий меросни асраш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, оммалаштириш соҳасидаги асосий масалалардан саналади.
Болалик даври турли ўйинлар, беллашувлар ва мутолаа билан боғлиқ бўлиб, бу муҳит унинг қандай инсон бўлиб вояга етишида муҳим аҳамият касб этади. Ҳозирги глобаллашув замонида инсон болалигининг қандай муҳитда ўтиши эртанги тақдиримиз қандай бўлишида катта аҳамиятга эга. Негаки, илгари болалар турли халқ ўйинлари ва дидактик аҳамиятга эга машғулотлар билан улғайган бўлса, ахборот технологиялари асрида компьютер график ўйинларининг ижобий билан бирга салбий жиҳатлари ҳам талайгина.
Президентимизнинг жорий йил 25 майдаги “Этноспорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши мамлакатимизда халқ ўйинлари янада оммалашиши ва замонавий қиёфа касб этиб, ёш авлод ҳаётида тарбиявий аҳамияти ошишида катта самара беради.
Халқ ўйинлари тарихан минг йилликлар билан юзлашади. Илк халқ ўйинлари тафсилотлари Маҳмуд Кошғарий, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Паҳлавон Маҳмуд, Алишер Навоий, Бобур Мирзо ва бошқа машҳур алломаю тарихчиларимиз асарларида ўз аксини топган.
Маънавий улкан илмий-амалий салоҳиятга эга халқ ўйинларининг бугунги кунгача яшаб ва шаклланиб келишида Маҳмуд Кошғарийнинг ўрни алоҳида. Қомусий аллома бундан 1000 йил олдин Туркистондан Термизгача, Ҳазар ва Орол соҳилларидан Олтой тоғлари этакларигача бўлган ҳудудда яшаган туркий халқларнинг тарихи, миллий психологияси, жуғрофияси, тил хусусиятлари, ёзма ва оғзаки адабиёти, ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ва ҳарбий машғулотлари, халқ сайллари ва ўйинларини теран ўрганиб, “Девону луғатит турк” асарини ёзиб қолдирди.
Кошғарийнинг ушбу девонида туркий халқларнинг 150 га яқин ўйини тилга олиниб, шулардан 20 тага яқин ўйин турига батафсил таъриф берилган. Олим катталар ва болаларнинг ёш жиҳатларига мос бўлган ўйинларга алоҳида тўхталиб, мусобақа турларини баён қилади. У ўйинларни диққат билан ўрганиб, ҳам жисмоний, ҳам ақлий машғулотларга ажратган. Шундан билса бўладики, ҳозирги замонавий спорт ва ақлий спорт ўйинларининг деярли аксарияти ўша даврлардаёқ, яъни XI асрда ҳам мавжуд бўлган.
Халқ ўйинлари барча спорт ўйинлари негизида
Этнограф олимларнинг ҳисоб-китобига кўра, миллий ўйинлар сони 3-5 мингтани ташкил этади. Ҳар бир қишлоқ, туман ва шаҳарларда ўйналадиган халқ ўйинлари бир-биридан тубдан фарқ қилади. Юртимизда улоқ-кўпкари, от устида кураш, белбоғли кураш, тош кўтариш, хўроз уриштириш, беш тош, қирқ тош, ошиқ, дорбоз, чиллаки каби ўйинлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Халқимиз ор-номуси, ғурури бўлган миллий курашимиз қисқа вақт ичида катта аҳамият касб этгани қувонарли ҳол.
Аслида ўзбек халқи кўп асрлар давомида кураш, улоқ-кўпкари, турон, бойқўрғон каби миллий спорт турлари асосчиларига айланган курашчи-полвонлари ҳамда афсонавий чавандозлари билан машҳур бўлган. Мамлакатимиздаги ислоҳотлар туфайли ҳақли равишда Ўзбекистоннинг маданий мероси бўлган миллий спортимизни дунёга намойиш этиш имконияти пайдо бўлди.
Таъкидлаш жоизки, чавгон ўйини Марказий Осиё халқларининг жуда қадимги ҳамда севимли от спорти ўйинларидан бири ҳисобланади. Айниқса, чавгон эл-юрт мудофааси учун зарур жисмоний машқлардан бири бўлгани учун ҳам ўйин ғолибига бериладиган соврин даражаси доимо орттирилиб келинган. Отда пойга чопиш, қувлаш, тез йўртиб туриш, тоққа чиқиш, пастликка тушиш каби баҳслар бугунгача яшаб келаётгани халқимиз табиатидаги қудрат рамзини англатади.
Сув ҳавзаларида ўтказиладиган мусобақалар ҳам алоҳида диққатга сазовор. Сув машқларидан бири бўлган ғаввослик жуда қадимий касблардан бири бўлиб, Маҳмуд Кошғарий девонида сув баҳсларининг икки тури учрайди. Биринчиси, сувда чўмилиш, шўнғиш, сувдан сузиб ўтиш, сув кечиш, сувда қувлашмачоқ бўлса, иккинчиси, эрмак, кўнгил очиш машғулотлари маъносидаги ўйинлардир.
Асарда болалар ўйинларининг баъзилари йўл-йўлакай санаб ўтилган бўлса, баъзи ўйинлар батафсил келтирилган. Ошиқ, чиллак, тўп ўйинлари, чўпон болалар, қизларнинг арғимчоқ ўйинлари ҳам бирма-бир санаб ўтилган.
Ўша даврдаги кўпгина ўйинлар болаларнинг ҳозирги даврдаги ўйинларини эслатади. Масалан, “ўтиш-ўтиш” деб аталган ўйин “кесак куйди”, “дарра солди”, “мушт кетди” ўйинларига ўхшаб кетади. Амударё ва Сирдарё соҳилларида, Орол этакларида, шунингдек, сойлар, анҳорлар, ҳовуз ва кўллар бўйларида болаларнинг “мугуз-мугуз” номли қадимий ўйини ўйналган.
Алишер Навоий ўзининг “Маҳбуб ул-қулуб” асарида “оқсуяк” ўйини таърифини беради. Маҳмуд Кошғарий девони XI асрда битилган бўлса, Алишер Навоийнинг бу асари XV асрда ёзилган. Ҳозирги пайтда ҳам болалар “оқсуяк” ўйинини худди ўша қоида асосида ўйнайди.
Абу Али ибн Сино фақатгина машҳур табиб, файласуф бўлиб қолмасдан, балки халқ ўйинларига доир ғоят ранг-баранг нодир мерос қолдирган алломадир. У халқ ўйинлари ҳақида фикр юритар экан, айниқса, бадантарбиянинг киши учун нақадар катта аҳамиятга эга эканини ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан исботлаб берди.
Ибн Сино миллий курашимиз (бухороча ва фарғонача кураш тури) ҳақида ҳам етарлича маълумот қолдирган.
Курашнинг турлари ҳам бир нечадир, дейди у. Улардан бири икки курашувчининг ҳар бири ўз рақибининг белбоғидан ушлаб ўзига тортади, шу билан бирга, курашувчи ўз рақибидан қутулишнинг чорасини қилади. Иккинчиси эса уни қўйиб юбормасликка уринади.
Бошқа тури: курашувчилардан бири иккала қўли билан иккинчисини маҳкам қучоқлаб ўзига тортади ва ерга ағдаради, бу вақтда у қўлини биринчи курашувчининг ўнг қўли остидан ўтказилиши керак, курашувчилар гоҳ гавдаларини тиклаб, гоҳ эгади.
Бадантарбиянинг биринчи тури “гавда учун махсус ҳаракатлар” ҳисобланиб, уларнинг ҳар бирида муайян ўйин унсурлари мавжуд. Яъни қўл ва оёқ ҳаракатлари, кўкрак ва нафас аъзолари ҳаракатлари, бутун танага оид ҳаракатлардир.
Соҳибқирон Амир Темур фаолиятида халқ ўйинларининг аҳамияти
Амир Темур шон-шуҳрат қозонишининг сири моҳир саркардалиги, одилона, зукколик билан иш юритиши, донишмандлиги, шу билан бирга, ёшлигиданоқ кураш, чавандозлик, найзабозлик, қалқонбозлик, тийрандозлик, қиличбозлик ҳамда ов илмини мукаммал эгаллаганидандир.
Бу эса унинг болалигиданоқ кўплаб ҳарбий амалий тавсифга эга бўлган халқ ўйинларини ўйнаганидан далолат беради. Чунки болаликда ўйналган ўйинлар уни ҳаётда жангларга, узоқ сафарларга тайёрлашда ўзига хос мактаб вазифасини ўтаган.
“...Амир Темур 14 ёшга келиб эрди, ...хон сўрдиким, Туруғ отлиқ кимдир” анда биров туриб айтди: “Бу Тарағай Баҳодир ўғлидир. Амир Темур хоннинг назарида ёш бола кўриниб, буюрдиким: “Тарағай Баҳодирнинг ўғли жангга бормасин”.
Анда Амир Темур ўқ-ёй олиб, тоблаб юборди. Отилиб эллик қадам ерга бориб тушди. Мирзо Сайфиддин анда тақлид қилиб, ани ўрнига юборилмади. Андин кейин Соҳибқирон дастури Чиғатой бирла жонга келиб, тиззасин букиб, хонга таъзим қилди. Айтди: “Илтимос қилиб сиздин хоҳлаюрмен, давлат ҳумоюнингизда ушбу қўшин мен бирла талош қилсалар. Анда уч кун талош қилдилар. Барчалари ақалли анинг қўлидан яроғин тортиб ололмадилар. Бу журъатни Соҳибқирондан кўра баъзилари эсхурун зўр қилдилар, кучлари етмади, тортиб ололмадилар”.
Амир Темур шиддаткор найзабоз бўлгани ҳақида “Темурнома”да бундай ёзилган: “Фил ҳол Қилич Арслон аслаҳа-яроғларини, найзасини қўлига олиб, Амир ҳам мусаллиғ бўлиб, отларга миниб, икки тарафдин шовқин солиб, бирдан найзабозлик қилиб, Амирга найза солди. Амир чап берди, найза солиб эрди, орқасидин яна солди... ҳозир бўл, деб Амир отин ёлига ёпушди. Найза бориб тошга тегиб, икки қарич ботти, яна тортиб олиб найза солди. Амир найзани ўтказиб, қилич солди...”.
Шарофиддин Али Яздийнинг қайд этишича, Амир Темурнинг ўзига хос хусусиятларидан бири давлат, мамлакат ва фуқарога ғамхўрлик эди. Унинг қоидаси “рости-русти” эди. Ҳақиқат - сиҳат-саломатлик, ҳақиқат - тартиб, ҳақиқат - адолат демакдир, деб тушунтирар эди. У инсонпарварлик ва мардликни Аллоҳ ҳам, халқ ҳам улуғлайди, деган гапни кўп такрорлаган.
Шарқ алломалари, маънавий хазинамиз эгалари бўлмиш зукко шахслар миллий спорт ўйинларининг ёш авлод тарбиясида бениҳоя катта аҳамияти ва ижтимоий-психологик таъсирини ўз илмий асарларида қайта-қайта уқтириб ўтган.
Халқ ўйинларига ёндашувнинг янги босқичи
Президентимизнинг “Этноспорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида этноспорт турларини 2025 йилгача оммалаштириш ва ривожлантириш дастури ҳамда уни 2022-2023 йилларда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланган бўлиб, унга кўра, 2023 йил 1 мартдан ҳар йили этноспорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилиши белгиланган.
Жумладан, 2023 йилдан анъанавий тарзда Тошкент шаҳрида ҳар йили бир маротаба этноспорт турлари бўйича Uzbekistan Ethno Games республика фестивали ва Хива шаҳрида ҳар икки йилда бир маротаба Халқаро этноспорт фестивали ташкил қилиниши ҳам кўзда тутилган.
Бундан ташқари, ҳужжатда 2022-2023 ўқув йилидан республика эстрада-цирк коллежида полвонлик ва дорбозлик санъати йўналишида ўрта бўғин кадрлари тайёрлаш, ҳар икки йилда бир маротаба полвонлар ва дорбозлар иштирокида “Полвонлар сулоласи” кўрик-танлови ўтказиш белгилаб берилган.
ЮНЕСКОдан номоддий-маданий мерос мақоми олиниши мумкин бўлган этноспорт турлари рўйхати шакллантирилиши миллий халқ ўйинлари қайтадан жонланишига туртки бўлади. 2023 йил биринчи январгача ҳар бир ҳудудда от спорти турларига тегишли анжомлар савдосини йўлга қўйиш мақсадида дўконлар ташкил этилади, бу эса спорт билан бирга туризм тижорати ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Мазкур қарор бугунги кунда халқ орасида норасмий, аммо машҳур кўпкари каби ўйинлари аста-секин илмий аҳамият касб этиши ва нафақат ёшлар ҳаётида, балки ҳарбий соҳаларда ҳам йигитларнинг ниҳоятда чиниқишига замин бўлади.
Ҳужжатга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Халқ саломатлиги миллий кенгаши томонидан оммавий спорт мусобақалари ташкил қилинадиган этноспорт турлари рўйхати тасдиқланади. Алоҳида этноспорт турларини ривожлантириш мақсадида спорт федерация (уюшма)лари ташкил этилиши мумкинлиги белгиланган.
2023 йилги ва келгуси йиллардаги спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг ҳудудий календарь режаларига асосан, жойларда этноспорт турлари бўйича мусобақалар ўтказиш учун зарур маблағ ажратилиши эса спортни янада оммалашишига хизмат қилади.
2023 йилдан бошлаб Наврўз умумхалқ байрамини нишонлаш билан боғлиқ тадбирлар доирасида миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари бўйича мусобақалар, “устоз-шогирд” анъанаси асосида полвонлик ва дорбозлик санъати тўгараклари ташкил этилади.
Бундай тадбирларнинг ўтказилиши, шубҳасиз, спорт туризмини ривожлантириш, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ва имкониятларини жаҳон миқёсида тарғиб қилиш борасида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга ёрдам беради.
Анъанавий мусобақалар қаторида “Миллий халқ ўйинлари – миллий ғурур” шиори остида миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини тарғиб қилиш ҳамда янада оммалаштириш бўйича полвонлар ва фахрий устозлар иштирокида туркум кўрсатувлар ташкил этилиши қувонарли.
Қарор миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини (этноспорт) тарғиб қилиш ва оммалаштириш, болалар ва ўсмирларни уларга кенг жалб қилиш, халқаро алоқаларни кучайтириш мақсадларини ўзида мужассам қилгани билан муҳим, айтиш мумкинки, тарихий аҳамиятга эга бўлди.
Бу ўйинларни мутахассислар мультфильм ва компьютер графикаси ўйинларига кўчириб, кенг кўламда тижоратлаштирса, виртуал оламда болалар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади. Келажак авлодни турли ёт компьютер ўйинлари авж олган бир шароитда ҳимоя қилиб, ақлий ва психологик жиҳатдан биз ўйлагандан-да комил, маънан соғлом авлод этиб вояга етказишимизга сабаб бўлади.
Халқ ўйинларининг моҳиятида жамоани бирлаштириш, ҳимоя қилиш, соғлом авлод тарбияси ва ақлий қобилиятни ривожлантириш мақсадлари мужассамлигини кўрамиз. Шунинг учун инсон жисмонан соғлом, қатъиятли, сабр-матонатли, ҳозиржавоб ва маънавий етук бўлиб вояга етишига хизмат қиладиган этноспорт турларини ривожлантириш жуда муҳимдир.
Бинобарин, бундай туркум спорт ўйинларини давлат сиёсатининг устувор масаласи сифатида ёшлар ҳаётида кенг кўламда тарғиб этиш уларда ватанпарварлик ҳиссини уйғотиш, соғлом турмуш тарзини оммлаштиришга замин бўлиб хизмат қилади.
Ойбек НОРИНБОЕВ,
Ўзбекистон этноспорт ассоциацияси раиси








