Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси ҳамда “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси “Тараққиёт блоки”ни ташкил этиш юзасидан битим имзолади.
“Тараққиёт блоки” 93 нафар депутатни бирлаштириб, парламентдаги кўпчиликни ташкил этади ва етакчи сиёсий кучга айланади.
Мазкур блокни тузишдан асосий мақсад – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциялари саъйи-ҳаракатларини бирлаштириш орқали партияларнинг дастурий мақсад ҳамда вазифаларини самарали амалга оширишга эришишдан иборат.
Партияларнинг парламентда ягона куч сифатида бирлашишига дастурий мақсадлар, сиёсий мафкура ва йўналишлар муштараклиги ва ғоявий уйғунлиги, шунингдек, кўп йиллик фаолият давомида тўпланган амалий тажриба асос бўлиб хизмат қилади.
Иккала партия дастурий қарашлар, мақсад ва вазифалар жиҳатидан ўзаро яқиндир. Сиёсий майдонда ҳар икки партия ғоявий жиҳатдан ўнг қанотда жойлашган бўлиб, ЎзЛиДеП ўнг-марказ, “Миллий тикланиш” демократик партияси эса ўнг партия ҳисобланади.
“Тараққиёт блоки” барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, миллий манфаатларни қатъий ҳимоя қилиш, кўп асрлик миллий-тарихий тажрибага таяниб фаолият юритишни муҳим деб ҳисоблайди. Ўзбекистон равнақини фракцияларни бирлаштирувчи асосий омил деб билади.
Партиялар ўртасидаги ҳамкорлик самаралари бугунги кунда яққол намоён бўлмоқда. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида мамлакатда муҳим ислоҳотлар амалга оширилди.
Партияларнинг жамият ва давлат учун долзарб масалаларни ҳал этишдаги ҳамкорлик тажрибаси ушбу амалиётни парламент фаолиятига татбиқ этиш имконини беради.
Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини жадаллаштириш, миллий манфаатларни рўёбга чиқариш ва юрт тараққиётини таъминлашга қаратилган муҳим қарорлар қабул қилиш жараёнларида иккала партия ягона куч сифатида фаол иштирок этиши учун зарур шароитлар яратилади.
“Тараққиёт блоки”нинг устувор фаолият йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланди:
- миллий иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва экспорт салоҳиятини ошириш, монопол соҳаларни бозор тамойилларига ўтказиш;
- ҳар бир фуқаронинг хусусий мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини рағбатлантириш орқали аҳоли турмуш даражасини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
- сўз эркинлигига қарши ҳар қандай уринишларга қарши туриш ва мустақил нодавлат матбуот тизимини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда эркинлик ва очиқлик сиёсатини изчил давом эттириш;
- таълим сифатини ошириш ва инсон салоҳиятини ривожлантириш, нодавлат таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш;
- соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, тиббий суғуртани жорий қилиш, нодавлат тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш;
- солиқ маъмурчилиги тизимини соддалаштириш, барча тадбиркорлар учун солиқни тўлаш борасида адолатли ва тенг шароитлар яратиш, солиқ ставкаларининг ўзгармаслигини таъминловчи сиёсат юритиш;
- давлат бюджети харажатларини қисқартириш, рақамлаштириш орқали бюрократияни бартараф этиш, давлат хизматларини кўрсатишда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш;
- фуқароларга шахсий танлов имконини берувчи хусусий жамғарма пенсия тизимини яратиш, рақобатбардош ва бозор механизмлари орқали бошқариладиган замонавий, шаффоф пенсия тизимига ўтиш;
- мамлакат суверенитети ва хавфсизлигини кафолатлаш.
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциялари ушбу блок орқали умумий манфаатларга эришиш йўлида ҳамкорликни янада самарали йўлга қўяди.
Мазкур ташаббус миллий манфаатларга хизмат қилиб, мамлакатни янада ривожланган, қудратли, адолатли ва замонавий давлатга айлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлади.
Партиялар электорат ишончи ва қўллаб-қувватлашини оқлаш учун ўз фаолиятини самарали давом эттиради.









