“Мингдин бири қўюбдур оламға бир нишона”

    XIX аср охири — XX аср бошида Туркистонда вужудга келган ижтимоий-сиёсий, маърифий ҳаракат тарих саҳнасига маърифатпарвар шахслар — жадидларни олиб чиқди.

    Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат, Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев, Абдулла Авлоний каби қомусий билим эгалари ана шулар жумласидандир. Улар ўз билимларини миллат равнақи, жамият ривожи йўлида сарфлашга интилди, ўрни келганда маблағини ҳам аямади. Улар орасида Фарғона жадидчилик ҳаракати вакили Исҳоқхон Жунайдуллахон ўғли Ибратнинг алоҳида ўрни бор.

    Сўнгги йилларда қатағон қилинган жадидлар ҳаёти ва ижодини тарихшунослик нуқтаи назаридан таҳлил қилиш заруриятга айланди. Миллий тараққийпарварларимиз, жадидлар ҳақида кўплаб тадқиқотлар, монографиялар, рисолалар вужудга келди. Шу жумладан, жадид намояндаси Исҳоқхон Ибрат илмий ва маънавий мероси ҳам ўрганилди.

    Аллома қолдирган илмий мерос халқимизнинг маънавий хазинасига айланди. Жумладан, унинг 1901 йилда нашр қилинган “Луғати ситта ал-сина” асари эътиборга лойиқ. Рисола ўз даврида замондошлари эътирофига ҳам сазовор бўлган.

    Бир қатор хорижий тилларни яхши ўзлаштирган ва уларнинг билимдони бўлган Ибрат ёзувлар тарихи билан ҳам шуғулланган. Ибратнинг ёзувлар тарихига оид 1912 йилда ёзилган “Жоме ул хутут” асари ҳақида унинг “Тарихи маданият” рисоласида қуйидагича ёзилган: “Бу хил хатти қадимийларни тарихи эди. Икки минг дона босма бўлиб, босмахонада қолди. Ҳозир ўзимизда ҳам кам. Кўп ерлардан сўрайдурлар, йўқ деб жавоб берамиз”.

    У бу асарида Европа ёзувларини ўрганишга даъват қилиш билан бирга, пиктографик ёзувлардан кейин вужудга келган қадимий товуш-ҳарф ёзувлари — финикия, яҳудий, сурия, араб, юнон, форс, славян, санскрит, ҳинд, лотин, арман, грузин, уйғур ва бошқа қирқдан ортиқ ёзув, уларнинг келиб чиқиши ва тараққиёти ҳақида маълумот беради.

    Ибратнинг “Тарихи Фарғона”, “Тарихи маданият”, “Мезон уз-замон” асарлари ўз даври тарихий жараёнларининг долзарб муаммоларини қамраб олгани билан эътибор қозонди. Ушбу асарлар миллий давлат асосларини яратиш ва жорий этиш муаммоларига бағишланган дастлабки уриниш бўлгани учун миллийликка интилиш, миллатчилик сифатида қораланиб, 1920 йилларда совет тузуми назоратидан ўта олмай, бугунги кунга қадар қўлёзма ҳолида қолиб кетади. Ибрат каби миллатпарварларга халқ душмани тамғаси босилиб, советлар томонидан қатағон қилинди.

    Ўзбекистон Фанлар академияси Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида олим қаламига мансуб қимматли илмий мерос — “Тарихи Фарғона”, “Мезон уз-замон”, “Тарихи маданият”, тошбосма асарларидан “Муҳрадот”, “Манзумаи Ибрат”, арабчадан таржима қилинган мусулмон қонуншунослигига оид “Фиқҳи Кайдоний”, қўлёзма ҳолидаги “Мажмуаи ашъор” ҳамда “Луғати ситта ал-сина” асарлари сақланмоқда.

    Ибрат асарлари турли йўналишда ёзилганлигига қарамай, уларни янгиликни жорий қилиш орқали мустамлакачилик асоратидан қутулиш, миллатни мустақил давлатлар қаторига олиб чиқиш мақсади бирлаштиради.

    Исҳоқхон Ибрат 1886 йилда Тўрақўрғонда биринчи жадид мактабини очади. Бироқ унинг бу ҳаракати Туркистон генерал-губернаторлиги маъмурлари томонидан тазйиққа учрайди. Мустамлакачилар уни “мақсадга мувофиқ эмас” деб топиб, олти ой ўтмай ёпиб ташлайди. Бу мактаб ҳақидаги таассуротларини у “Қалам” шеърида баён қилиб ўтган. Ибрат кейинчалик “Тарихи Фарғона” асарида ўлкадаги мавжуд ўқув тизими, мактабларнинг аҳволи, аҳолининг илмга муносабати, илмсизликнинг тараққиётга салбий таъсирини кўрсатиб, жадид мактабларининг зарурияти ҳақида: “Аммоки, илмия тўғрисида бизни халқда чандон аҳамияти йўқ, таназзулда турур... Маданият учун ҳар қайси вақтдаги замона илмини, қайси бири ривожида бўлса, ани билмак зарурдир”, деб ёзади.

    Туркистон жадидлари Ибратни устоз муаллим мақомида эътироф этади. У. Долимов далилларига кўра, Ибрат Мунавварқори Абдурашидхонов таклиф хатига биноан 1907 йилда бир неча марта Тошкентда жадид мактаблари талабалари йиллик имтиҳонида иштирок этган. Жумладан, хатда: “Ҳурматлу Исҳоқхонхўжа жанобларина! 1907 йил май ойиндан эътиборан Тошкентда Тарновбоши маҳалласинда “Хония” мактабинда талабаларни йиллик имтиҳонлари бошланур. Сиз ҳурматлудан рижо қилурмизки, тавобингизда бўлғон усули жадидия мактаблари муридлари ила имтиҳон мажлисларина ташриф қилсангиз, муаллим ва шогирдлар мамнун бўлур эдилар.

    Муҳибингиз Мунавварқори, 1907 йил 15 март”, деб ёзилган.

    Ибрат замондошларидан бири И. Давроннинг 1907 йилда нашр этилган “Ҳақ сўз” номли мақоласида келтирилишича, у Ибратнинг “хаттоти азим” эканини, мусулмонча хат ёзишнинг 17 хилини билишини, унинг бу санъати 1907 йил Туркистон генерал губернатори томонидан иккинчи даражали ёрлиқ-халат билан мукофотланганини айтади.

    ХХ аср бошида Туркистонда жадидчилик ҳаракати янги поғонага кўтарилади. Жадидлар босмахоналар ташкил қила бошлайди. Ноширлик ишига катта эҳтиёж ва зарурат борлигини англаган Ибрат 1907 йилда Россиянинг Оренбург шаҳрига боради ва Кауфман исмли матбаачидан 10 йил мобайнида пулини тўлаш шарти билан 1901 йилда чиққан тошбосма машина сотиб олади. 1908 йилда Наманган уездига қарашли Тўрақўрғонда “Матбааи Исҳоқия” номи билан Фарғона водийсида биринчи нашриёт ташкил қилади. Ибрат бу ишдан мақсадини “Тарихи чопхона” шеърида қуйидагича ёзади:

    “Мақсад бу ишдан эрди оламга илм қасри

    Ҳам қуймоққа асарлар ёдвора жаҳона”.

    Ибратнинг “Санъати Ибрат қалами мирражаб Бандий” рисоласида нашриёт ҳақида сўз боради. Унда Абдурауф Шоҳидий: “Боқий дуо умид қилиб... биринчи ҳадямизни ожизона тақдим айладик”, деб ёзади ва бу билан мазкур рисола “Матбааи Исҳоқия”нинг дастлабки нашрий маҳсулоти эканини эътироф этади.

    Ибрат матбаада чоп этилган рисолалар учун махсус рамзий тасвир ишлаган. Унда илм қуёшга ўхшатилган ва нашр этилган ҳар бир китобнинг юқори қисмида акс эттирилган.

    1910 йилдан бошлаб Наманган шаҳрида 13 та, Чустда 2 та, Попда 2 та, Янгиқўрғонда битта китоб дўкони очилади. Уларда, асосан, “Матбааи Исҳоқия”да нашр қилинган китоблар арзон нархда сотилади. Ибрат 1913 йилда “Матбааи Исҳоқия” қошида “Алтижорал Наманган” номли газета чиқариш учун ҳукуматга ариза беради.

    Ибратнинг жадидчилик ҳаракати фақат мактаб очиш, нашриёт ва рўзнома ташкил этиш билан чекланиб қолмайди: у ўз уйида “Кутубхонаи Исҳоқия” номли кутубхона ҳам очади.

    Серқирра қобилият эгаси бўлган Ибрат шеърият билан ҳам шуғулланган. Унинг “Девони Ибрат” асарини замондоши қўқонлик шоир Муҳсиний юқори баҳолаган, афсуски, девон бизгача етиб келмаган.

    Октябрь тўнтаришидан кейин Исҳоқхон маориф ишлари билан шуғулланади. У янги мактаблар очиш, саводсизликни тугатиш жабҳасида фаол иштирок этади. 1918 йилда Ибрат очган мактаб заминида Тўрақўрғондаги 44-мактаб ташкил топиб, у 1960 йилларда Исҳоқхон Ибрат номидаги 3-мактабга айлантирилади. Дастлабки вақтларда бу мактабда Исҳоқхон Ибрат она тили, адабиёт, тарих фанларидан дарс бериб, кейинроқ мактаб дастурига мусиқа ашула предметини киритади. 1919 йилда унинг ташаббуси билан Наманганда ўзбек хотин-қизлари учун биринчи марта мактаб очилади ва унда Ҳусайн Макаевнинг рафиқаси Фотима Макаева дарс беради. Исҳоқхон Ибрат совет даврининг дастлабки йилларида маориф соҳасида сидқидилдан хизмат қилди, зеро, унинг асосий маслаги халқини илмли, авлодларини юксак маърифат ва маданият соҳиби сифатида кўриш эди. Совет ҳукуматининг қатағон сиёсати бутун ҳаёти ва фаолиятини маърифат, зиё йўлига бағиш лаган, миллат ифтихори бўлган олим ва фозил шахс Исҳоқхон Ибратни ҳам ўз домига тортди.

    Ибратни 1929 йилда қишлоқ фаоллари қулоқларга алоқадор деб айблашади ва мол-мулки мусодара қилинади. Худди шу вақтда Ибрат Ўзбекистон Халқ комиссарлари советига шикоят хати ёзади. У ердан “Ибратга тегилмасин, ипидан игнасигача қайтариб берилсин”, деган хат келади. Бу хат мазмунига кўра, Ўзбекистон Халқ комиссарлари совети раиси Ф.Хўжаев вилоят раҳбариятига Ибратнинг буюмларини қайтариб беришни буюради. Аммо сиёсий тазйиқдан қўрққан вилоят раҳбарияти Ибратнинг уйини қайтаради, гулбоғини эса давлат ихтиёрида қолдиради. Бу Ибрат тақдиридаги вақтинчалик осойишталик палласи эди, холос.

    Совет ҳукуматининг бешафқат қатағончилари миллатнинг фидойи фарзандини 1937 йил 7 январда қамоққа олади. Ибрат томонидан ёзилган ва тўпланган қўлёзма ва тошбосма китоблар 4 қанорга жойланиб, олиб кетилади. Унинг уйжойи, рўзғор буюмлари кимошди савдосига қўйиб сотиб юборилади, оиласи ва болалари уч сотихдан иборат қуруқ ерга чиқариб қўйилади.

    Ибрат Андижон турмасига олиб кетилгач, суди ҳам бўлмай, қамоқхонанинг жисмоний ва руҳий қийноқларига дош бера олмай, 2 ойдан сўнг 75 ёшида вафот этади.

    1963 йили Исҳоқхоннинг шогирди мулла Искандар домла Абдуваҳоб ўғли шоирнинг қамалиш олдидаги руҳияти ҳақида куюниб бундай дейди: “... Исҳоқхон Ибрат ҳам “тиқ” этса, эшикка қараб турган вақтлар. Улар бир куни мени уйларига чақириб қолдилар. Кўринишлари анча ташвишли. Салом- аликдан кейин мени машҳур кутубхоналарига олиб кирдилар.

    — Қаранг, шунча китоб. Буларнинг қанчаси 1919-1920 йилларда нес-нобуд бўлди. Мана, энди яна нотинчлик. Бу китоблардан қанчаси кеча кун қамалган, қанчаси “халқ душмани”, “аксилинқилобчи” деб бадном қилинаётган ёзувчиларнинг асарлари. Буларни қандай қилиб йўқ қилиш мумкин? Ахир булар халқнинг бебаҳо мулки-ку!

    Тўрамнинг овози анча синиққан эди.

    — Мана, мен ҳар эҳтимолга қарши юзга яқин нозикроқ китобни ажратиб қўйдим. Буларни сиз меҳмонхонанинг орқасига — қўшсинч орасига нобуд бўлмайдиган қилиб териб, деворни яна суваб қўясиз. Мен бу китобларни кўздан кечирдим:

    — Тўрам, мана бу китоблар Исмоилбек Ғаспиралининг “Хўжаи сибён”, Мунавварқорининг “Адиби аввал”, Беҳбудийнинг “Китобат ул-атфол” алифболари. Ахир, улар вафот этганларига бир қанча йиллар бўлди, қолаверса, бу китоблар ёш болалар учун ёзилган.

    — Азизим Мулла Искандар, большевикларнинг мақсади фақат уларни жисман йўқ қилиш эмас, балки уларни ҳатто фарзандларимиз хотирасидан ҳам сидириб ташлаш. Мабодо, Ғаспиралилар, Беҳбудийлар бу кунларга етиб келганларида эди, большевиклар биринчи навбатда уларни отар эдилар. Мен, тўрам айтганларидек, қўшсинчнинг гувалаларини тушириб, аввал 2-3 қатор қуруқ пишиқ ғишт тердим ва унинг устига китобларни тахладим. Бу воқеадан 1-2 ой ўтгач, тўрамни, кутубхонадаги бор-йўқ китобларини бир машинага босиб олиб кетишди. Ҳақиқатан ҳам тўрам авлиё одам эдилар”. Исҳоқхон Ибрат ўғли Ротифхон Исҳоқов с аъй-ҳаракатлари туфайли 1959 йил 2 октябрда Андижон вилояти прокуратурасининг 3336 рақамли ҳужжатига асосан тўла оқланади. Бу билан туҳмат гирдобига тортилган бир инсон тақдири мисолида адолат қарор топди. Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришгач, миллий қадриятларимизни тиклаш, маданий меросимизни ўрганиш ва асраб-авайлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Инчунун, маърифатпарвар инсон, юрт фидойиси Ибрат номини абадийлаштириш борасида ҳам бир қатор ишлар қилинди. У ташкил қилган “Ударник” номини олган босмахонага 1991 йилда Исҳоқхон Ибрат номи берилди. Сайрам қишлоғи ҳудудидаги Калинин жамоа хўжалиги 1991 йил 27 июнда Исҳоқхон Ибрат номи билан атала бошланди.

    1996 йилда Исҳоқхон Ибрат номли музей биноси қурилди ва фойдаланишга топширилди. Тошкент шаҳридаги кўчалардан бири Исҳоқхон Ибрат номи билан аталади.

    2017 йил 5 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Тўрақўрғон туманида Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Кўп ўтмай, қарорга мувофиқ, икки гектардан зиёд майдонда сўлим боғ, музей ва мактаб-интернатни ўз ичига олган мажмуа қад ростлади.

    Президентимиз 2018 йил 3 майда ушбу мажмуага ташрифи чоғида “Ибрат домланинг Ватан ва юрт тараққиёти йўлидаги фидокорона ҳаёти нафақат ўз даврида, балки бугунги кунда ҳам барчамиз учун ҳақиқий ибрат намунаси бўлиб қолмоқда”, дея унинг ватан олдидаги хизматларини яна бир бор юксак баҳолади. Маърифатпарвар номи билан аталувчи мактабнинг ҳар томонлама намунали бўлиши, бир неча тилларни биладиган кадрларни тарбиялаши зарурлиги, ёшларнинг юрт корига ярайдиган муносиб инсонлар бўлиб вояга етишига ҳисса қўшиши лозимлиги таъкидланди.

    Исҳоқхон Ибрат таъбири билан айтганда:

    “Оламдин ушбу она сонсиз кишилар ўтди,

    Мингдин бири қўюбдур оламға бир нишона.”

    Дарҳақиқат, Исҳоқхон Ибрат Ватан ва миллат равнақи учун ўз ҳаёти, ижоди ва фаолияти мисолида “мингдин бир” одамга насиб қиладиган “нишона” қолдирди, номига мос чинакам ибрат намунаси бўлди.

    Дилором АЛИМОВА,

    тарих фанлари доктори, профессор

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates