Минтақа давлатлари ўртасидаги муносабатлар туб бурилиш касб этмоқда

    Фикр 21 январ 2021 2832

    Халқаро тажриба ҳам, энг аввало, ўз минтақасидаги қўшнилари билан дўстона ва самимий муносабатлар ўрната олмаган мамлакат яккаланиб қолишини кўрсатди.

    Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2021 йилда мамлакатимиз ташқи сиёсатини амалга оширишда Марказий Осиё давлатлари билан устуворлик давом эттирилиши маълум қилинди. Бу давлатимиз олиб бораётган очиқ, прагматик ва амалий ташқи сиёсатни инобатга олиб ҳамда узоқ муддатли стратегик мақсадларимиздан келиб чиққан ҳолда, Ташқи сиёсий фаолият концепциямизнинг такомиллаштирилишини англатади. Халқаро тажриба ҳам, энг аввало, ўз минтақасидаги қўшнилари билан дўстона ва самимий муносабатлар ўрната олмаган мамлакат яккаланиб қолишини кўрсатди.

    Мураккаб пандемия шароити эса бир-биримизга қанчалик боғлиқ ва керак эканимизни яна бир бор намоён этди. Бу ижобий жараёнларни чуқур ўрганиш ва янада ривожлантириш мақсадида жорий йилда Тошкент шаҳрида Марказий Осиё халқаро институти ташкил этилди. Мақсад — Марказий Осиёни тинчлик ва барқарорлик, чинакам тараққиёт ва ривожланиш марказига айлантириш.

    Бунинг исботи ўлароқ, уч йил муқаддам Тошкент вилояти фаоллари олдида қилган чиқишида давлатимиз раҳбари шундай деган эди: “Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида сўнгги 25 йил ичида тўпланган улкан муз бор. Бу муз эриши учун қўшни давлатлар билан ҳамкорликда кўпгина ишларни амалга оширишимизга тўғри келади”.

    Очиғини айтиш керак, ўтган тўрт йил ичида Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан минтақанинг барча мамлакатларига юқори даражадаги ташрифлар амалга оширилди. Мазкур ташрифлар давомида Марказий Осиё мамлакатлари учун ўзаро манфаатли бўлган хавфсизлик, иқтисодиёт, инвестиция, маданият ва экология масалалари бўйича қарорлар қабул қилинди.

    Натижада тарихан қисқа вақт ичида Ўзбекистон ва минтақа мамлакатлари ўртасидаги муносабатларнинг яхши томонга бурилишига сабаб бўлган улкан ўзгаришлар рўй берди. Айтиш мумкинки, Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари билан яхши муносабатлар қарор топди. 2016 йилга қадар бўлган муаммолар бугун бутунлай бартараф қилинди. Минтақа давлатлари раҳбарлари ўртасида сиёсий мулоқот, президентлар ўртасидаги шахсий ишонч мустаҳкамланди.

    Ташаббусларнинг амалий натижалари

    Бугун айтиш мумкинки, минтақанинг барча мамлакатлари билан савдо айланмасида мисли кўрилмаган ўсиш кузатилмоқда. 2019 йил натижаларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айланмаси 5,2 миллиард долларга етди. Фақат коронавирус пандемияси 2020 йилнинг кўрсаткичларига бироз манфий таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.

    Агар 2016 йилгача Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан йиллик товар айланмаси ўртача 100-150 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2019 йил натижаларига кўра, барча мамлакатлар билан товар айланмаси ўртача 50 фоиздан кўпроққа ўсган. Товар айланмаси Қирғизистон билан 8 баравар, Тожикистон ва Туркманистон билан 5 баравар, Қозоғистон билан эса 1 миллиард долларга ўсди.

    Кўрсаткичлар бу билан чекланмайди. Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан очиқ, конструктив, пухта ўйланган ва прагматик сиёсати натижасида сувдан фойдаланиш, Ўзбекистон ва қўшни давлатлар ўртасидаги давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш, транспорт коммуникацияларидан фойдаланиш, давлат чегараларини кесиб ўтиш каби мураккаб ва чалкаш муаммоларга ечим топилди. 2017 йил 5 сентябрда Президентимизнинг Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида мазкур давлат билан, 2018 йилнинг 10 март куни Тожикистон билан чегара шартномаси имзоланди. Натижада чегара пунктларидаги барча чекловлар олиб ташланди. Aгар 4-5 йил илгари ўзбек-қирғиз давлат чегарасини кунига 200-300 киши кесиб ўтган бўлса, пандемиягача бу кўрсаткич кунига 30 мингдан ошди. Тожикистон билан шартнома имзолангандан кейин аввал “қулф урилган” барча 17 та чегара пункти тўлиқ ишлай бошлади. Мана, Ўзбекистон ва қўшни давлатлар ўртасидаги муносабатларда қандай ўзгаришлар юз берган.

    Эслатишнинг ҳожати бўлмаса керак. 2016 йилгача Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг интеграция жараёнларидаги “тўсқинлик яратувчи давлат” сифатида таърифлашган бўлса, бугун бу “ёрлиқ” Ўзбекистондан бутунлай олиб ташланди. Чунки бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан
    Ўзбекистон минтақадаги интеграция жараёнларини фаол илгари сурмоқда. Айтиш мумкинки, Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ривожланмоқда. Муносабатларимизнинг ушбу учта устуни барча муаммоларни ҳал қилишда муҳим роль ўйнайди.

    Президентимизнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббуси ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш ва минтақанинг барқарор ривожланиши учун янги имкониятларни излашда майдон бўлди. Мазкур маслаҳат учрашуви катта истиқболга эга, чунки ушбу учрашувда Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари иштирок этмоқда. Илгари бундай саммитларга минтақанинг у ёки бу давлати турли баҳоналар остида иштирок этмасди.

    2018 йил 15 мартда Остона шаҳрида бўлиб ўтган биринчи учрашувнинг асосий натижаси минтақанинг барқарор ривожланиши учун янги имкониятларни излаш ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни яхшилаш бўлди. Иккинчи Маслаҳат учрашуви Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2019 йилнинг 29 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтди. Тошкент учрашувидан сўнг Марказий Осиё мамлакатларининг яқинлашуви қайтариб бўлмас жараёнга айланди. 29 ноябрь куни бўлиб ўтган охирги учрашув натижаларига кўра, барча давлат раҳбари билан қўшма баёнот имзоланди. Ушбу ҳужжатда Марказий Осиёнинг беш давлати раҳбарлари ўртасида хавфсизлик, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, туризмни ривожлантириш, ёшлар сиёсати бўйича барча келишувлар мавжуд бўлиб, табиийки, Aфғонистон масаласи ҳам кўтарилган. Чунки Марказий Осиё мамлакатлари учун Aфғонистон муаммосини ҳал қилиш жуда муҳимдир. Бугунги кунда Марказий Осиёга асосий таҳдид Aфғонистондан келади.

    Афғонистон — минтақанинг ажралмас бўлаги

    Ўзбекистоннинг минтақавий ташқи сиёсати ҳақида гап кетар экан, яна бир муҳим йўналиш — бу, шубҳасиз, Афғонистондаги вазиятдир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Афғонистон Марказий Осиё минтақасининг бир қисми ҳисобланиб, икки мамлакат халқлари асрлар давомида ягона маданий-тамаддун маконда яшаб келган. Таъкидлаш керакки, ҳозирда дунё ҳамжамиятида Афғонистонда тинчликни ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг сезиларли фаоллашувига туртки берган ҳодиса, бу — 2018 йил март ойида Тошкентда Афғонистон бўйича ўтказилган халқаро конференция саналади. Анжуман якунида қабул қилинган Тошкент декларацияси Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати ўртасида тўғридан-тўғри тинчликпарвар музокараларни зудлик билан бошлаш зарурлиги бўйича минтақавий ва глобал даражадаги ягона позицияни намойиш этди. Бу қадар самарали ташаббусни қудратли давлатлар ҳам илгари сура олмаганди.

    Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги устувор мақсад бу, шубҳасиз, Марказий Осиё давлатлари билан ушбу йўналишда кенг қамровли ҳаракатларни амалга оширишдир. Ўз навбатида, сўнгги йилларда Марказий Осиёдаги янги минтақавий ҳамкорлик Афғонистон масаласида ҳам ягона позиция шаклланишига олиб келди. Хусусан, Марказий Осиё давлат раҳбарларининг 2019 йил Тошкент шаҳрида ўтказилган иккинчи Маслаҳат учрашуви доирасида қабул қилинган Қўшма баёнотда барча давлатларнинг Афғонистонда тинчлик ўрнатишдан манфаатдорлиги акс эттирилди. Бунда минтақа давлатлари Афғонистонни Марказий Осиё савдо-иқтисодий ва инфратузилмавий лойиҳаларга жалб этиш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳимлигини таъкидлаб ўтди. Энг асосийси, Тошкентнинг Афғонистон йўналишидаги янгиланган сиёсати ва ташаббуслари бутун Афғонистонда — мамлакат аҳолиси, расмий ҳукумат, турли сиёсий кучлар томонидан муносиб кутиб олинмоқда.

    Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатларнинг фаоллашуви натижасида икки томонлама савдо-иқтисодий алоқалар ҳам сезиларли даражада юксалди. Хусусан, икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 2019 йилга келиб, 617 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Бу 2015 йилга нисбатан 28 фоиз юқоридир. Савдо-иқтисодий алоқаларнинг фаоллашуви транспорт-логистика соҳасига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Мисол учун, 2019 йилга келиб, темир йўл орқали юк ташиш ҳажми 10 фоиз ошиб, 1,1 миллион тоннага етди. Икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик энергетика соҳасида ҳам жадаллашмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Афғонистонга электр энергиясини етказиб бериш ҳажмини 2002 йилга нисбатан 30 бараварга оширди. Икки томонлама муносабатларнинг муҳим йўналишларидан яна бири, бу — афғонистонлик малакали кадрларни тайёрлаш масаласидир. Ушбу мақсадда 2018 йил Термиз шаҳрида Афғонистон фуқароларини ўқитиш маркази очилиб, уни 136 нафар афғонистонлик талаба якунлади. Ушбу битирувчилар Афғонистон парламенти, вазирлик ва идораларда фаолият кўрсатяпти. Ҳозирги кунда Термиздаги ўқув марказида 172 нафар афғон талабаси таҳсил олмоқда. Эътиборга молик жиҳати шундаки, уларнинг 46 нафари афғонистонлик қизлар.

    Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши икки марта қуруқлик билан ўралган Ўзбекистоннинг транспорт-коммуникация имкониятларини оширади. Жанубий Осиё мамлакатлари билан савдо-сотиқ алоқаларимиз кенгаяди. Дунёнинг илиқ портларига чиқишнинг қисқа йўли пайдо бўлади. 2021 йили Тошкентда минтақамизнинг Жанубий Осиё билан муносабатларига доир юқори даражадаги халқаро конференция ўтказиш режалаштирилаётгани ҳам бежиз эмас. Ҳозирги кунда Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган Транс-афғон транспорт йўлагини барпо этиш борасида дастлабки амалий қадамлар ташланди. Бу лойиҳанинг рўёбга чиқарилиши бутун минтақамизда барқарорлик ва иқтисодий ўсишни таъминлашга беқиёс хизмат қилади.

    Бежиз халқаро экспертлар Ўзбекистоннинг минтақадаги, шу жумладан, Афғонистон йўналишидаги ташқи сиёсати мамлакатни инвесторлар учун жозибадор ва халқаро ҳамжамиятда ишончли ҳамкор сифатида гавдаланишига сабаб бўлаётганини ёзаётгани йўқ. Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатида олиб бораётган буткул янгича ислоҳотлар нафақат мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ижобий таъсир кўрсатяпти, шу билан бирга, унинг халқаро майдондаги муҳим давлатлардан бири сифатида тан олинишига олиб келмоқда.

    Сув масаласидаги муаммолар ечим топди

    Бир вақтлар Ўзбекистон сув масаласида уруш олиб боришга тайёрлиги борасида таҳдидли баёнотлар янграган эди. Аммо Президентимизнинг узоқни ўйлаб олиб бораётган ташқи сиёсати қўшнилар билан асрий дўстлигимизни тиклади ва мустаҳкамлади. Шавкат Мирзиёев ўз сиёсати билан дунё сиёсат майдонида урушларга барҳам берувчи глобал сиёсатчи сифатида тарихга кирди. Тўғри, Ўзбекистон Марказий Осиёда кўп сув истеъмол қилади, чунки бизнинг аҳолимиз ва иқтисодиётимиз жуда катта. Минтақада сувга талаб доимий равишда ўсиб бормоқда: аҳоли кўпаймоқда, иқтисодиёт кенгаймоқда, саноат ва қишлоқ хўжалиги ривожланмоқда. Бошқа томондан, сув манбалари камайиб бормоқда. Лекин шундай шароитда қўшнилар билан тил топиша олдик. Бугун ­Ўзбекистоннинг очиқ ва конструктив сиёсати туфайли муаммо барҳам топди. Ёдингизда бўлса, Амударё ва Сирдарёнинг юқори оқимида жойлашган Тожикистон ва Қирғизистонда баъзи объектларнинг қурилиши, масалан, Тожикистонда Роғун ГЭСи ёки Қирғизистонда Қамбарота-1, Қамбарота-2 ГЭСларининг қурилишига узоқ вақт давомида қаршилик кўрсатилди. Ўзбекистоннинг яхши қўшничилик сиёсати туфайли ушбу саволлар олиб ташланди.

    Марказий Осиёда барпо этиладиган барча объектлар қўшни давлатлар манфаатларини инобатга олган ҳолда қурилиши зарурлиги келишиб олинди.

    Пандемия ҳамкорликка тўсиқ бўлолмайди

    Коронавирус пандемияси хавфига қарамай, бугунги кунда минтақа мамлакатлари ўртасида фаол ҳамкорлик мавжуд. Давлат раҳбарлари доимий равишда телефон орқали мулоқот қилади. 2020 йилнинг ўзида Ўзбекистон Президенти минтақа давлат раҳбарлари билан 40 марта суҳбатлашгани фикримизни исботлайди. Халқимизда шундай мақол бор: “Дўст бошингга кулфат тушганда билинади”. Коронавирус инфекцияси тарқалишининг дастлабки кунлариданоқ мамлакатлар бир-бирига ижтимоий ёрдам кўрсатишни бошлади. Ўзбекистон Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон ва Тожикистонга ёрдам юборди. Бунга жавобан, Қирғизистон ва Тожикистон сингари қўшниларимиз Сардоба сув омборини тиклаш учун инсонпарварлик ёрдамини кўрсатди. Яратилган дўстлик, қардошлик ва яхши қўшничилик муҳити пандемия шароитида Марказий Осиё мамлакатлари ва, умуман, улар ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга ёрдам беради.

    Шубҳасиз, мамлакатларимиз ҳозирги кўрсаткичлар билан чекланиб қолмайди. Янги вазифалар ҳақида гапирар эканмиз, давлатимиз раҳбари 29 декабрь куни парламентга йўллаган Мурожаатномасида мамлакат ташқи сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаб берганини айтиш жоиз. Ўзбекистон ташқи сиёсатининг биринчи устувор йўналишларидан бири сифатида Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан конструктив сиёсатни ишлаб чиқиш ва давом эттириш белгиланди. Табиийки, биз бугунгача бўлган муносабатларни ривожлантиришни, минтақанинг барча мамлакатлари билан сиёсий мулоқотни кучайтиришни ва иқтисодий ҳамкорликка катта аҳамият беришни давом эттирамиз. Қозоғистон билан савдо ҳажмини 5 миллиард долларга, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан 1 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган.

    Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги ўзгаришлар тўпланиб қолган муаммоларни мамлакатимиз раҳбари томонидан ҳал қилишга комплекс ёндашилаётганини кўрсатади. Бу ўзгаришларни халқаро ҳамжамият ижобий кутиб олди ва эътироф этмоқда. Шубҳасиз, буларнинг барчаси 2021 йилда янада кўпроқ манфаатли ҳамкорлик учун асос бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги ислоҳотлар Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлигини кучайтиришнинг муҳим кўрсаткичига айланди. Минтақа тобора тарқоқликдан ҳамкорлик сари интилмоқда. Истиқболда биз янада туб бунёдкорлик жараёнларига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Бинобарин, минтақани умумий қадриятлар, маданият, дин ва тарих бирлаштириб туради. Шу маънода, минтақа халқаро майдонда ўзини янги бир шакл-шамойилда намойиш этиш, ўз имиджини яхшилаб олиш, чет эл инвестицияларини янада кўпроқ жалб қилиш имконига эга. Зеро, булар барча мамлакатлар манфаатларига хизмат қилади.

    Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ,

    тарих фанлари доктори, профессор