Минтақавий хавфсизлик парадигмаси

    XX аср сўнггида Марказий Осиё давлатлари мустақилликка эришган бўлса- да, ўрталарида совуқ ва ишончсиз муносабатлар ҳукмрон эди. Халқларимиз орасидаги тарихий боғлиқлик ўрнини беқарорлик, тортишув ва шубҳа эгаллаганди.

    Тарихий, географик ва этник жиҳатдан бир-бирига чамбарчас боғланган мамла­катлар савдо, чегара, хавфсизлик ва сув ресурслари масалаларида тортишувлар гирдобига ботиб қолганди. Минтақадаги муаммолар Марказий Осиёнинг ривожланмаслигидан манфаатдор кучлар то­монидан сунъий равишда, қасддан пайдо этилганди. Чегаралардаги ўтказиш пункт­лари ёпилган, тоғлар миналаштирилган, ҳеч бир соҳада ҳамкорлик, борди-келди йўқ, барча алоқалар, қадрият, тил, тарих, дин бирлиги каби тушунчалар четга суриб қўйилган эди.

    Мана шундай мураккаб шароитда 2016 йилда Ўзбекистон бошқарувига Шавкат Мирзиёев келганидан сўнг Марказий Осиё давлатлари муносабатида мутлақо янги саҳифа очилди. Очиқлик, яхши қўшничи­ликка асосланган ташқи сиёсат нафақат мамлакат ичида, балки бутун ҳудудда мустаҳкам хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилди.

    Президентимиз ташқи сиёсатда “аввало, қўшнилар” тамойилини ил­гари сурди. Ёпиқлик, ишончсизлик ва зиддиятлар соясида уруш ёқасига келиб қолган қўшничилик муносабатлари изчил ислоҳотлар туфайли мутлақо янги мазмун касб этди.

    Бу йўл, шубҳасиз, осон кечмади — баҳсли вазиятларни бартараф этиш, йил­лар давомида йиғилиб қолган муаммо­ларни адолатли ва манфаатли ечимлар билан ҳал қилиш катта жасорат, юксак дипломатик маҳорат ва узлуксиз меҳнатни талаб этди. Давлатимиз раҳбари ташаббу­си ва қатъий сиёсий иродаси билан мин­тақа мамлакатлари ўртасидаги чегаралар очилди, савдо ва иқтисодий алоқалар кенг йўлга қўйилди, маданий ва инсонпарвар­лик ҳамкорлиги тикланди. Энг муҳими, тарихий яқинлик ва умумий келажак ғояси асосида ишонч муҳити шаклланди.

    Бу ўзгаришлар нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёнинг юзага чиқиши, глобал сиёсий майдонда ўз овози­га эга бўлиши, минтақада барқарорлик ва ҳамкорлик муҳити қарор топишига хизмат қилмоқда.

    Президентимиз фаолиятининг илк пал­лалариданоқ қўшни давлатларга ташриф буюриб, сиёсий мулоқот ва самимий муно­сабатлар йўлини очди. Бинобарин, давлати­миз раҳбари таъкидлаганидек, “Ўзбекистон ҳеч қачон қўшнилари билан муаммоли муносабатларда бўлмаслиги керак. Қўш­ничилик — тақдир масаласи”.

    Бу сўзлар расмий шиор эмас, балки сиёсий фалсафа эди. Янгиланган ташқи сиёсатимиз эса бу фалсафани ҳаётга татбиқ этди.

    Чегара ва хавфсизлик: таранг муносабатларнинг ҳал этилиши

    Ўзбекистон — Тожикистон муносабат­лари узоқ йиллар давомида музлаб қолган­ди. Чегаралар ёпиқ, миналар билан тўсиб қўйилган, транспорт қатнови тўхтаган эди. Икки мамлакатда яшайдиган қон-қарин­дошларнинг борди-келди муносабатлари узилган, бир-бирини кўра олмасди.

    2018 йил мартда 27 йил ичида Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга илк давлат ташрифи амалга оширил­ди. Ўша йили август ойида Тожикистон Президентининг мамлакатимизга олий даражадаги ташрифи уюштирилди. Душанбе ва Тошкентдаги музокараларда мамлакатларимиз раҳбарлари икки томон­лама муносабатларнинг кун тартибидаги барча муҳим қарорларини қабул қилди. Бу тарихий учрашувлар натижасида икки давлат ўртасидаги узоқ йиллик сукунатга чек қўйилди.

    Чегаралар очилиши минглаб оилалар учун нафақат логистика, балки “қалб кўприги”ни тиклади. Илгари қуда бўлиш ёки қиз узатиш масаласи кўтарилганда, “Че­гарадан ўта олмасак-чи?” деган хавотир барча ниятларга соя соларди. Бугун эса бу деворлар олиб ташланди, ўрнини сами­мийлик ва очиқлик эгаллади.

    Сариосиёлик Нодира она 20 йил аввал Тожикистонга қиз узатганди. Шундай вақт­лар бўлдики, фарзанди билан фақат телефон орқали суҳбатлашар, неваралари овозини эшитиб йиғларди. Энди эса ҳар ой зиёрат­га боради. Биргаликда тўйларда қатнашиш, болалар бахтини кўриш имкони пайдо бўл­ди. Қуда-андаликнинг ҳақиқий мазмуни тикланди. Олдин “келолмадик, кечира­сизлар” дейишарди, энди эса истаган вақтда кўриша олади.

    Қисқаси, чегаралар очилиши орқали нафақат йўллар, балки юраклар ҳам очилди.

    Чегара эмас, дўстлик чизиғи

    “Қўшнинг тинч — сен тинч”, дейди халқимиз. Бу маънавий ҳақиқат нафақат шахсий ҳаётда, балки давлатлараро му­носабатларда ҳам беқиёс аҳамиятга эга. Буни биз жуда яхши англаймиз.

    Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегаралари масаласи узоқ йиллар давомида энг мураккаб ва нозик муаммо­лардан бири бўлиб келди. Мустақиллик­нинг илк йилларида чегара аниқ белгилан­магани сабабли турли келишмовчиликлар, маҳаллий низолар ва ҳатто тўқнашувлар юзага келган.

    Айрим чегара ҳудудларида ер, сув ва мол-мулк устидан тортишувлар кузатил­ган, бу эса икки халқ ўртасида ишончсиз­ликни кучайтирган. Бир неча бор ҳарбий техника чегара ҳудудига тортилган, уруш ҳолатига яқин вазиятлар юзага келган. Ўн­лаб марта музокаралар ўтказилганига қа­рамай, амалда ижобий натижага эришиб бўлмаган.

    Президентимиз Қирғизистон билан том маънодаги яхши қўшничиликка асосланган янги сиёсатни бошлади. Музокара­лар натижасида давлат чегаралари тўлиқ делимитация ва демаркация қилинди. Бу тарихий келишув икки давлат ўртасидаги узоқ йиллик ишончсизликка барҳам берди ва чегара ҳудудларида тинчлик муҳитини тиклади. Чегаралар очилиши билан савдо-сотиқ, логистика, таълим ва маданий алоқалар фаоллашди, аҳолининг доимий борди-келдилари тикланди.

    Ишонч билан айтиш мумкинки, бугун­ги кунда Ўзбекистон ва Қирғизистон му­носабатлари ҳақиқий стратегик шериклик даражасига кўтарилиб, минтақавий барқарорликка хизмат қилмоқда.

    “Пойга” эмас, шериклик

    Яқин ўтмишга назар солсак, кўп ҳолларда қиёслаш мантиғи билан тилга олинган икки қўшни давлат — Ўзбекистон ва Қозоғистон минтақа етакчилиги учун гўёки “пойгачи”­дек тасвирланган. Айрим таҳлилчилар ҳар икки давлатнинг иқтисодий ўсиши, ташқи сиёсатдаги фаоллиги ва минтақадаги таъси­ри орқали уларни рақобатчи сифатида кўр­сатишга уринади. Аммо амалиётда бу “пой­га” ҳеч қачон бўлмаган.

    Чунки ҳақиқат шундаки, Қозоғистон иқтисодий ислоҳотлар, жаҳон бозорига интеграция ва инвестиция жалб этиш борасида жуда илгарилаб кетган эди. Уларнинг ташқи сиёсатдаги очиқлиги ва дипломатик позицияси ҳам халқаро майдонда муайян обрў эгаллашига олиб келди.

    Ўзбекистон эса узоқ йиллар ёпиқ сиё­сат, чекланган алоқалар ва ички изоляция шароитида ҳаракат қилган. Бундай вазият­да ҳатто қўшни Қозоғистон билан тўлиқ ишончга асосланган ҳамкорлик шакллан­маганди. Чегара муаммолари, бюрократик тўсиқлар, иқтисодий алоқалардаги мурак­каб механизмлар икки томонлама муноса­батларга соя солиб келди.

    2016 йилдан кейин вазият тубдан ўз­гарди. Мамлакатимизнинг янгиланган ташқи сиёсий тамойиллари Ўзбекистон — Қозоғистон муносабатларига янги на­фас бахш этди. Оқилона сиёсий ёндашув орқали кўп йиллар орқага сурилган стра­тегик масалалар кун тартибига чиқди.

    Ўзаро ишонч ва сиёсий мулоқотнинг фаоллашуви натижасида икки давлат ўр­тасида чегараларни эркин кесиб ўтиш им­конияти яратилди, савдо айланмаси бир неча баробар ошди. Қозоғистон ҳудудида ўзбек товарларини ишлаб чиқариш, икки давлат маҳсулотларини учинчи бозорлар­га экспорт қилиш имкониятлари кенгайди.

    Бугунги кунда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатларни рақобат эмас, балки ривожланиш йўлидаги шериклик белгилаб бормоқда.

    Хавфсизликни куч билан эмас, мулоқот билан таъминлаш

    Ўзбекистон ва Туркманистон нафақат географик, балки маданий ва тарихий жиҳатдан ҳам яқин қўшнилар. Аммо узоқ йиллар давомида икки давлат ўртасида­ги муносабатлар юзаки расмият дара­жасидан ўта олмаганди. Буни мин­тақадаги умумий тенденциялар, ҳар икки мамлакатнинг ўзига хос ташқи сиёсий позицияси ҳамда ички изоляцияга мойил сиёсий муҳит билан изоҳлаш мумкин.

    Аввалги йилларда икки давлат ўртасида чегаралар ёпиқ бўлмаган бўлса-да, иқтисодий, гуманитар ва маданий алоқалар чекланган эди. Энергетика, сув ресурслари, логистика масалалари­да ҳамкорлик ривожланмаган, муносабатлар кўпинча эҳтиёт­корлик билан қуриларди.

    Бугун эса бутунлай бошқа ман­зара кузатиляпти. Президентимиз та­шаббуси билан Ўзбекистон — Туркма­нистон муносабатларини мустаҳкамлаш муҳим устуворлик сифатида белгиланди.

    Олий даражадаги учрашувлар, турли соҳаларда имзоланган шартнома ва би­тимлар икки давлатни стратегик шериклик босқичига олиб чиқди.

    Энг муҳим ютуқлардан бири энерге­тика соҳасидаги ҳамкорлик бўлди. Ўзбе­кистон Туркманистондан табиий газ ва электр энергиясини импорт қилиш орқали энергетик хавфсизлигини диверсифика­ция қилди. Шу билан бирга, транспорт-ло­гистика соҳасида ҳам қўшма лойиҳалар муҳокама қилинмоқда.

    Сув ресурслари масаласида ўзаро ҳур­мат ва манфаатлар мувозанатига асосланган сиёсат юритиляпти. Шу орқали минтақадаги нозик экологик муаммолар­ни ҳамкорликда ҳал қилишга интилиш кучайди.

    Таълим, маданият ва туризм соҳала­ридаги алоқалар ҳам кенгаймоқда. Аш­хобод ва Тошкентда ўтказилган маданий ҳафталиклар, талабалар алмашинуви дастурлари, музей ва театрлар ўртасидаги лойиҳалар икки халқни яқинлаштиришда муҳим роль ўйнамоқда.

    Бугунги кунда Ўзбекистон ва Туркма­нистон муносабатлари — яхши қўшничи­ликнинг ижобий намунаси сифатида тилга олиниши мумкин. Бунда асосий омил ҳар икки томоннинг тинчлик, барқарорлик ва ўзаро манфаатлар асосида ҳаракат қилаёт­ганидир.

    Бу муносабатлар энди расмийликдан чин дўстона ҳамкорликка айланди. Дав­латимиз раҳбарининг узоқни кўзлаб юри­таётган сиёсати натижасида Ўзбекистон нафақат Туркманистон билан, балки бутун минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим етакчига айланди.

    Ўзбекистоннинг тинчликпарвар сиёсати — намуна

    Ўзбекистон ва Афғонистон 144 кило­метр чегарага эга, у асосан Сурхондарё ви­лояти ҳудудида жойлашган. Мазкур ҳудуд сўнгги ўн йилликларда махсус назоратда бўлиб келди.

    2016 йилгача Термиз — Ҳайратон те­мир йўли хавфсизлик нуқтаи назаридан қатор чекловлар билан ишлаган. Кейинги йилларга келибгина Афғонистон билан яқин, лекин эҳтиёткор ҳамкорлик сиёсати йўлга қўйилди.

    2018 йил март ойида Ўзбекистон та­шаббуси билан Афғонистон бўйича Тош­кент конференцияси ташкил этилди. Унда 20 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилот, жумладан АҚШ, Россия, ЕИ, Хитой ва Эрон вакиллари иштирок этди. Конферен­цияда асосий урғу Афғонистонда тинч­лик жараёнини қўллаб-қувватлаш, сиёсий музокаралар йўлини очиш ва минтақада хавфсизликни таъминлашга қаратилди.

    Ушбу конференция Ўзбекистоннинг дипломатик нуфузини ошириш билан бир­га, Марказий Осиёнинг тинчликпарвар платформа сифатида шаклланишига турт­ки бўлди.

    2021 йилда АҚШ қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетгач, “Толибон” ҳаракати мамлакатда ҳокимиятни қўлга олди. Бу ҳо­диса кўплаб давлатлар учун сиёсий муам­мо туғдирди. Бироқ Ўзбекистон ҳукумати Афғонистонда ҳокимият алмашинувини инкор қилмай, мулоқотни тўхтатмади. Тошкентда “Толибон” раҳбарияти билан бир неча бор музокаралар ўтказилди.

    Бу жараёнларда асосий мақсад чегара хавфсизлигини таъминлаш, шу билан бир­га, инсонпарварлик ва иқтисодий ҳамкор­ликни давом эттириш бўлди.

    Ўзбекистон Афғонистонни Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи кўприк си­фатида кўради. Шу мақсадда Термиз — Мозори-Шариф — Кобул — Пешовар те­мир йўлини қуриш бўйича уч томонлама лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу йўна­лиш Жанубий Осиё товарларининг Мар­казий Осиё орқали Европага чиқишини тезлаштиришга хизмат қилади.

    Бундан ташқари, Ўзбекистондан электр энергияси ва озиқ-овқат маҳсулотлари­ни Афғонистонга етказиб бериш давом этмоқда. Термизда Афғонистон юклари учун махсус логистика маркази ҳам фао­лият кўрсатмоқда.

    Сурхондарё вилоятининг Термиз тума­нида Ўзбекистон — Афғонистон чегарасида фаолият юритаётган “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасининг Марказий Осиёда ҳозирча муқобили йўқ. ЭИЗ 36 гек­тар майдонда жойлашган ва Афғонистон, Покистон ҳамда бошқа мамлакатлар тад­биркорларига саноат, истеъмол товарлари савдосини ўстиришда ёрдамчи бўлмоқда. Унинг йиллик савдо ҳажми 1 миллиард АҚШ долларини ташкил этмоқда.

    Ўзбекистон Афғонистонга фақат иқти­содий эмас, балки инсонпарварлик ёрда­ми кўрсатишда ҳам фаол. Қўшни ҳудуд­да кейинги йилларда бошланган инқироз пайтида Ўзбекистон юк автомобиль кар­вонлари орқали озиқ-овқат, дори-дармон, кийим-кечак каби ёрдам юборди.

    Шу билан бирга, Термиз шаҳрида Афғо­нистон ёшлари учун махсус таълим маркази ташкил қилинган. У ерда афғон талабалари касб-ҳунар ва тил ўрганиш имкониятига эга. Бу келажакда афғон жамиятини модерниза­ция қилишга қўшиладиган билимли кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.

    Давлатимиз раҳбарининг Афғонистон­га нисбатан юритаётган сиёсати геосиёсий мувозанат, прагматизм ва тинчликпар­варлик асосига қурилган. Терроризм ва хавфсизлик таҳдидларига қарши курашда Ўзбекистон куч ишлатиш эмас, мулоқот ва ҳамкорликни устувор деб билади.

    Сиёсий ирода ва минтақавий барқарорлик

    Ўзбекистоннинг хавфсизликни таъмин­лашдаги асосий ютуғи геосиёсий ўйинлар эмас, балки дипломатия, ишонч ва шерикликка асосланган ёндашувидир. У ташқи сиёсатда ҳарбийлаштириш, зиддиятни ку­чайтириш эмас, балки барқарор ривожла­нишга асосланади.

    Бугун Марказий Осиёда яшаётган мил­лионлаб одамлар тинчлик ва барқарорлик мевасини татимоқда. Бу натижанинг зами­рида эса кучли сиёсий ирода ва ҳақиқий яхши қўшничилик фалсафаси ётади.

    Марказий Осиёдаги зиддиятли вазият­лар, узоқ йиллик низолар, миналар ва ёпиқ чегаралар ўрнига ҳозир ўзаро ишонч, дипломатик мулоқот ҳамда барқарор ҳамкор­лик ривожланмоқда. Ушбу сиёсий ирода, халқпарвар сиёсат, тинчликка интилиш натижасидир. Бугунги кунда Ўзбекистон нафақат ички, балки минтақавий хавфсиз­ликда ҳам етакчи, ишончли ҳамкор сифа­тида намоён бўлмоқда.

    Янги Ўзбекистоннинг хавфсизлик сиё­сати самарадорлигини баҳолашда қуйида­ги мезонларни айтиш мумкин:

    Биринчи мезон — можароларнинг олдини олиш самарадорлиги. Сўнгги йил­ларда минтақамизда йирик ҳарбий можа­ролар юз бермагани, мавжуд зиддиятлар дипломатик йўл билан ҳал этилаётгани стратегиямиз тўғрилигини тасдиқлайди.

    Иккинчи мезон — иқтисодий интеграция даражаси. Минтақа давлатлари ўртасидаги савдо алоқалари кенгайиши, биргаликдаги лойиҳалар сони ўсиши ва инвестицион ҳамкорлик суръати ортиши стратегиянинг иқтисодий самарадорлиги­ни кўрсатмоқда.

    Учинчи мезон — халқаро жамият то­монидан эътироф этилиш. Ўзбекистоннинг минтақавий лидерлик мақоми халқаро да­ражада тан олиниши, мамлакат нуфузи ортиши ва халқаро ташкилотлардаги фаол иштироки Президент сиёсатининг глобал самарадорлигини исботламоқда.

    Агар Марказий Осиёни бир организм деб тасаввур қилсак, у ҳолда бу орга­низмдаги “тромблар”, яъни йиллар даво­мида йиғилиб қолган муаммолар, сунъий тўсиқ ва ишончсизликлар бутун танада қон айланишини издан чиқарган эди. Ана шу тўсиқлар моҳирлик билан очилди. Минтақада мулоқот, ҳамкорлик ва ривожланиш эркин оқим режимига тушди.

    Бу жараёнда давлатимиз раҳбари фақат дипломат эмас, балки бир вақтнинг ўзида сиёсий архитектор вазифасини бажарди. Термиздан то Бишкеккача, Ашхободдан то Остонагача бўлган минтақавий дўстлик тикланди. Иқтисодий ҳамкорлик, маданий алмашинувлар, ёшлар ва илмий доиралар ўртасидаги алоқалар кенгайди.

    Ўзбекистоннинг хавфсизлик сиёсати келажакда ҳам минтақа тараққиёти учун ўз аҳамиятини йўқотмайди. Бу сиёсат на­фақат бугунги кун, балки келгуси авлод­лар учун ҳам барқарор тараққиётга замин яратиши шубҳасиз.

    Жалолиддин УСМОНОВ,

    Халқаро пресс клуб раиси

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates