Мислсиз захира, улкан салоҳият

    Бу икки муҳим омил бирлашган Олмалиқда саноатнинг янги ривожланиш даври бошланяпти.

    Олмалиқ сўзининг луғавий маъноси, келиб чиқиш тарихи борасида турли талқинлар мавжуд. Омма орасида ғанимнинг ушбу кўҳна кентни маҳв этолмагани учун “олмадик”, “ололмадик” деган иқроридан Олмалиқ келиб чиққани ёки шаҳар этагидаги катта олмазор бу номга асос экани ҳақидаги тахминлар машҳур. Назаримда, бу сўзнинг асоси “Ол болиғ”, яъни “ол — қизил, оловдек ёниб турувчи, болиғ — шаҳар”дан ташкил топган, деган тўхтам мантиқий жиҳатдан асослидек. Бинобарин, бу шаҳарнинг ҳар ҳовуч тупроғи олтину кумуш, мис каби қимматбаҳо металларга бой. Зеро, 70 йил мобайнида бу ердан 1,5 миллиард тонна руда қазиб олиниб, 6 миллион тоннадан ортиқ мис, 3,5 минг тонна кумуш ва 850 тонна олтин ишлаб чиқарилгани ҳам фикримизни тасдиқлайди.

    Гапимиз гарчи Олмалиқ сўзининг луғавий маъноси ҳақидаги мулоҳаза билан бошланган бўлса-да, мавзуимиз бошқа, аниқроқ айтганда, Қурама тоғлари бағридаги жавоҳир, ушбу шаҳарнинг ривожланиш драйвери — “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ фаолияти тўғрисида.

    Мазкур комбинат мис-молибден, полиметалл, олтин таркибли маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича нафақат Ўзбекистон, балки жаҳондаги етакчи корхоналардан бири. Юртимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотининг 7 фоизи, экспорт ҳажмининг 15 фоизи мазкур комбинат ҳиссасига тўғри келиши ҳам фикримиз далилидир. Айни пайтда корхона ва унинг Тошкент, Наманган, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларидаги таркибий бўлимларида 35 мингдан зиёд ишчи-хизматчи меҳнат қилаётир.

    Сўнгги йилларда комбинатни техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватлари барпо этиш, ишлаб чиқариш жараёнига илғор замонавий технологияларни жалб этиш, илм ва технологияга катта маблағ йўналтириш борасида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилмоқда. Гап комбинат ривожи ҳақида борар экан, Президентимиз ташаббуси билан Ёшлик-1 конини ўзлаштириш инвестиция лойиҳаси бошланганини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз. Чунки ушбу ташаббус комбинатнинг 70 йилдан ортиқ давр мобайнидаги фаолиятида туб бурилиш ясовчи, замонга мос янги тараққиёт даврини бошлашига замин яратувчи йирик лойиҳадир.

    Ёшлик кони янги имкониятлар эшигини очади

    Бугун аҳоли фаровонлиги, иқтисодиётимиз барқарорлигини таъминлашга қаратилган йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ёшлик-1 конини ўзлаштириш инвестиция лойиҳасини шундай мегалойиҳалар сирасига киритиш мумкин. Сабаби, лойиҳа комбинатнинг ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичларини ошириш, минглаб янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилиши билан бирга, қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш орқали қатор саноат йўналишлари ривожига кенг йўл очиши билан аҳамиятлидир. Зеро, ушбу конда олтин, мис, кумуш, молибден, селен каби 13 турдаги қимматли ва нодир металлар бор.

    Президентимизнинг 2017 йил 1 мартдаги “Ёшлик-1 кони негизида “Олмалиқ КМК” АЖнинг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилаётган мазкур мегалойиҳа қиймати 4,8 миллиард долларни, кон майдони 11 минг гектарни ташкил этишининг ўзиёқ лойиҳа кўлами қай даражада катта эканини кўрсатади. Захираси ҳам шунга яраша салмоқли — йилига 65 миллион тонна маъдан қазиб олиш қувватига эга.

    Конни ўзлаштириш ишлари давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 11 август куни Олмалиқ шаҳрига ташрифи доирасида бошланган. Ўша кезлар бу ерда йилига 3 миллион куб метр кон ишлари бажарилган бўлса, сўнгги йилларда 415 миллион долларлик 593 дона замонавий техника олиб келингач, самарадорлик ўн карра ошди. Айни пайтга қадар эса конда руда қатламига етиш ва уни қазиб олиш мақсадида қарийб 125,5 миллион метр куб тупроқ ишлари бажарилди.

    Австралиянинг JORC кодексига мувофиқ амалга оширилган ҳисоб-китоблар шуни кўрсатдики, комбинатнинг мис ресурслари 45 миллион тоннани, олтин захиралари эса 5 минг тоннани ташкил этади. Ушбу геология қидирув ишлари натижаларига таянган ҳолда комбинатни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди. Унга кўра, 2030 йилга бориб мис ишлаб чиқариш 515 минг тонна, олтин 52 тонна, кумуш 343 тоннага етказилиши кўзда тутилмоқда. Бу марраларга эришиш учун кўп минг кишилик жамоа томонидан улкан бунёдкорлик ишлари жадал давом этмоқда.

    Айни пайтда комбинатда Ёшлик-1 конини ўзлаштириш лойиҳаси доирасида кон фаолияти учун зарур янги инфратузилма объектлари, яъни темир йўллар ва станциялар, кон транспорти воситаларини таъмирлаш ва йиғиш цехлари қурилмоқда. Шунингдек, 650 мегаватт қувватга эга ташқи электр тармоғи барпо этиляпти. Ёшлик-1 конидан 3-мис бойитиш фабрикасига маъдан ташиш харажатини камайтириш мақсадида майдалаш комплекси ва узунлиги 4 километр бўлган айланма-оқим технологияси (ЦПТ) қурилиши учун майдон тайёрланмоқда. Бу ерда маъдан дастлабки тарзда майдаланади. Коннинг устки қатламини ташиш учун ҳам айнан шундай технология жорий этилмоқда.

    Шунингдек, соатига 23 минг куб метр қувватга тенг сув таъминоти объектлари ҳамда ишлаб чиқариш қуввати 360 минг тонна бўлган янги оҳак заводи барпо этиляпти. Конда қазиб олинган рудаларни қайта ишлаш учун эса 3-мис бойитиш фабрикаси қурилмоқда.

    Ишлаб чиқариш ҳажми 2,5 баробар ошади

    Юртимиз кончилиги ривожи учун муҳим воқеа — қиймати 2 миллиард доллар, рудани қайта ишлаш қуввати 60 миллион тонна бўлган 3-мис бойитиш фабрикасини лойиҳалаштириш ишларига Италиянинг “Wood” ҳамда лойиҳани техник жиҳатдан баҳолаш ва қабул қилишга Буюк Британиянинг “Technip Energies” компаниялари жалб этилган. Фабрика қурилиши учун 106 гектар ер ажратилган бўлиб, қурилиш майдони комбинат ишчи кучлари билан тайёрланди. 3-мис бойитиш фабрикаси комбинатнинг ишлаб чиқариш қувватини 2,5 баробар ошириши билангина эмас, балки мис саноати кластери, кимё, машинасозлик, электротехника ҳамда автомобилсозлик тармоқлари ривожига ҳам замин яратиши билан аҳамиятлидир.

    — Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси ва кўрсатмалари билан Олмалиқда кейинги босқичда 4- ва 5-мис бойитиш фабрикаларини қуриш мақсад қилинган, — дейди “Олмалиқ конметаллургия комбинати” АЖ бошқаруви раиси Абдулла Хурсанов. — Биргина 4-мис бойитиш фабрикасини қуриш натижасида рудани қайта ишлаш ҳажми 3 карра кўпайиб, 160 миллион тоннага етади. Ўз навбатида, 2028 йилга бориб комбинатимиз йилига 400 минг тонна мис, 50 тонна олтин ва 270 тонна кумуш ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Шу билан бирга, янги мис бойитиш фабрикаларидан олинадиган 2 миллион тонна мис концентратини қайта ишлаш учун умумий қуввати 400 минг тонна мис катоди чиқаришга мўлжалланган металлургия комплекси бунёд этилади. Комплекс таркибида янги металлургия цехи, 5-сульфат кислота цехи, мисни электролиз қилиш ва ҳаво тақсимлаш цехлари барпо этилади. Янги фабрика таркибида руда омборлари, ўрта ва кичик майдалаш корпуслари, янчиш бўлими билан бош корпус биноси, флотация ва сувсизлантириш бўлимлари, гидрометаллургия цехи, тайёр маҳсулотни сақлаш ва жўнатиш бўлими, таъмирлаш-механик устахоналари, чиқинди хўжалиги ва бошқа бўлинмалар бўлади. Ушбу фабрика МДҲда ягона бўлиши билан бирга, унинг барча технологик жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилади. Бу инсон омилининг технологик жараёнларга таъсирини камайтириб, маҳсулот сифатини яхшилаш, меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилади.

    Мис саноати кластери — миллий иқтисодиёт драйвери

    “International Copper Study Group” (ICSG) ҳисоб-китобларига кўра, 2021 йилда дунёда тозаланган мис ишлаб чиқариш ҳажми 24,50 миллион тоннани, унинг реал истеъмоли эса 25,33 миллион тоннани ташкил қилган. Яъни йиллик ишлаб чиқариш ҳажмига нисбатан бозор талаби ҳажми юқори бўлиб, ўз навбатида, бу мис танқислигини юзага келтирган.

    “Яшил иқтисодиёт” ва қайта тикланадиган энергия манбаларининг жадал ривожланиши, электромобиллар, маиший техника, электроника соҳаларида ишлаб чиқаришнинг кўпайиши туфайли жаҳонда мисга талаб 2030 йилга келиб 40 фоиз ортиши кутилмоқда. Бу, ўз навбатида, мамлакатимиздаги ягона мис ишлаб чиқарувчи — Олмалиқ кон-металлургия комбинати мис катодларини чуқур қайта ишлаш ва ишлаб чиқаришда кўп поғонали занжирларни яратган ҳолда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар тайёрлашга ўтишини тақозо этмоқда.

    Ҳозирги вақтда мис сотишдан олинадиган йиллик даромадлар тахминан 2,5 миллиард долларни ташкил қилади. Мис ишлаб чиқариш ҳажми йилига 500 минг тоннага кўпайтирилган тақдирда, 2030 йилга келиб ушбу кўрсаткич, ўзаро боғлиқ тармоқларни ҳисобга олган ҳолда, 8-9 миллиард долларга етиши мумкин. Ушбу марраларга эришишда эса Президентимизнинг 2021 йил 24 июндаги “Кон-металлургия саноати ва унга боғлиқ соҳаларни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтаяпти.

    Қарорда мис ва у билан боғлиқ соҳаларда юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича илмий-технологик кластерни, яъни мис саноати кластерини ташкил этиш кўзда тутилган. Мазкур кластер доирасида лойиҳа ва инжиниринг хизматлари, илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларининг ўзаро боғлиқ тизимини ривожлантириш, замонавий технологияларни трансфер қилиш, инновациялар ва рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда мавжудларини такомиллаштириш бўйича илғор хорижий тажрибалар асосида фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг янги тизими шакллантирилади.

    Кластерни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш учун етакчи хорижий консалтинг компаниялардан бири — Hatch (Канада) жалб қилиниб, у билан биргаликда тайёр мис маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистоннинг халқаро бозордаги мавқеини аниқлаш ишлари йўлга қўйилди. Юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш юзасидан таклифларни тайёрлашдан ташқари, хорижий компания томонидан мис кластери учун асосий хомашё ҳисобланган мисни максимал даражада ишлаб чиқариш имкониятлари ўрганилади, шунингдек, капитал ва технологияларни жалб қилиш учун зарур бўлган муайян чора-тадбирлар белгиланади. Бунда асосий эътибор Олмалиқ кон-металлургия комбинатида амалга оширилаётган мегалойиҳалар доирасида 3-мис бойитиш фабрикасини ишга тушириш, мис маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ҳисобига 2024 йилдан бошлаб ҳажми 187 минг тоннага етказиладиган мис хомашёсини чуқур қайта ишлашни таъминлашга қаратилади. Келажакда эса мис ишлаб чиқариш 400 минг тоннани ташкил этишини инобатга олиб, мис кластерида хусусий тадбиркорларнинг роли янада оширилади.

    Ушбу кенг кўламли вазифаларни сифатли ижро этиш мақсадида Чили ва Бразилиядаги мис кластери тажрибаси, энг илғор металлургия комбинатлари технологиялари ва ускуналари чуқур ўрганилди. Масалан, Чилининг “Codelco” компанияси фабрикалари ҳамда очиқ ва шахта усулида йилига 18 миллион тонна руда қазиб олинадиган Чукикамата конидаги тажрибани Ёшлик-2, Мискон ва бошқа конларни ўзлаштиришда қўллаш белгилаб олинди. “BHP” компаниясининг (Австралия) Спенса кони рудаси таркиби ва геологияси Ёшлик кони характеристикасига тўғри келиши сабабли 1 та линиядан иборат, йилига 25 миллион тонна рудани бойитиш технологияси ўрганилиб, Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг келажакда қуриладиган 4-мис бойитиш фабрикасини лойиҳалашда 4 та линияни ўрнатиш назарда тутилмоқда.

    Мамлакатимизда мис саноати кластерини ривожлантириш ҳолатини айрим рақамларда кўрсатиш мумкин. Мисол учун, 2018 йилда 22,4 минг тонна мис қайта ишланган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 71 минг тоннани ташкил этади.

    — Олмалиқ кон-металлургия комбинати юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида мис ва рухни чуқур қайта ишлашга мўлжалланган, умумий қиймати 27,4 миллион долларлик 11 та лойиҳани жадаллик билан амалга оширмоқда, — дейди “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ мис саноати кластерини ривожлантириш хизмати бошлиғи Жасур Тўхтаев. — Бунда йилига 11 минг тонна мис ва 4 минг тонна рухдан қўшимча 134 миллион долларлик мис листлари, тасмалари, фольгаси ва кукуни каби экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Электромобиллар сони ўсишини ҳисобга олган ҳолда, комбинатда электрмоторларда ишлатиладиган тўртбурчакли сим ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам бошланди. Лойиҳанинг биринчи босқичида ишлаб чиқариш қуввати 6 минг тоннани ташкил этади. Келгусида бу кўрсаткич 12 минг тоннага қадар оширилиб, тўлиқ экспорт қилинади.

    Ангрен қувур заводида 2022-2023 йилларда мавжуд қувватларни кенгайтиришга қаратилган 13,9 миллион долларлик 5 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. 4 та янги турдаги маҳсулот — капилляр қувурлар, мис учликлар, қотишмадан тайёрланадиган фитинглар ва диаметри 25 мм.дан 42 мм.гача бўлган тўғри қувурларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. Мис қувурлар ишлаб чиқариш қуввати ҳозирги 8 минг тоннадан 20 минг тоннагача етказилади. Натижада 2025 йилга келиб комбинатнинг биргина ушбу бўлинмасида 1,4 триллион сўмликдан ортиқ қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эришилади.

    Бойитиш фабрикалари қуввати ошиши ҳисобига маҳаллий технологик ускуналар, эҳтиёт ва бутловчи қисмлар билан тўлиқ таъминлаш учун комбинат таркибида янги тармоқ — машинасозлик заводини қуриш лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилди. Бу лойиҳа, аввало, комбинат машинасозлиги учун жуда муҳим. Машинасозлик заводи 4 та мис бойитиш фабрикаси учун йилига умумий қиймати 200 миллион доллар бўлган майдалагич, тегирмон каби ускуналар ҳамда бутловчи-эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш имконини беради. Лойиҳа қиймати 500 миллион доллар бўлган бу корхона 2024 йилда ишга туширилиши режалаштирилган. Кон-металлургия техникасининг 35 та янги турини ишлаб чиқариши мўлжалланаётган янги машинасозлик заводи 2 мингга яқин кишини иш билан таъминлаши кутилмоқда.

    Шу билан бирга, нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси негизида мис асосидаги 3 та янги турдаги 13 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқаришни ўзлаштириш лойиҳаларига киришилди. Бу ерда мисдан тасмалар ва тахталар, мис қотишмаларидан катанка (бронза ва жез), мис ва унинг қотишмаларидан сферик кукун ишлаб чиқарилади. Йилига 11 минг тонна мис ва 4 минг тонна рух қайта ишланиб, 134 миллион долларлик экспортбоп маҳсулот тайёрланади. Шунингдек, 1,4 триллион сўмлик мис қотишмалари маҳаллийлаштирилади. Буларнинг барчаси комбинатга нафақат мис, балки юқори қўшилган қийматли бошқа экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳисобига салмоқли фойда олиш, корхонанинг ташқи бозордаги рақобатбардошлиги ва рейтингини ошириш, миллий иқтисодиётимизни мустаҳкамлаш имконини беради.

    Юксак экспорт салоҳияти — барқарор ривожланиш кафолати

    Бугунги кунда Олмалиқ КМК томонидан юздан ортиқ номдаги маҳсулотларнинг 54 фоизи ташқи бозорга етказиб берилмоқда. Экспорт кўрсаткичлари корхона иқтисодий салоҳиятининг йилдан-йилга ўсиб бораётганидан далолат беради. Агар 2017 йилда корхона ташқи бозорга қарийб 643,1 миллион долларлик маҳсулот етказиб берган бўлса, 2020 йилда коронавирус пандемияси билан боғлиқ инқирозга қарамай, экспорт ҳажми 127,7 фоиз ўсиб, 821,5 миллион долларни ташкил қилди. 2021 йилда экспорт 1124,2 миллион долларгача кўтарилди ва ўсиш суръати 136,8 фоизни ташкил этди.

    Жорий йилда ҳам экспорт прогноз кўрсаткичларининг ошиғи билан бажарилиши кутилмоқда. Шуниси аёнки, комбинат эришилган ютуқлар билан тўхтаб қолмай, ишлаб чиқариш ва хорижга маҳсулот етказиб бериш ҳажмини ошириш, янги бозорларни ўзлаштиришда давом этмоқда.

    Комбинат салоҳияти кўламини баҳолаш учун қимматбаҳо металларнинг асосий турларини қазиб олиш ва ишлаб чиқаришнинг рақамли доминантига назар ташлаш кифоя: юртимизда кумуш ишлаб чиқаришнинг тахминан 90 фоизи ва олтин ишлаб чиқаришнинг 20 фоизи мазкур комбинат улушига тўғри келади. Шунингдек, у нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиё минтақасида энг йирик мис ишлаб чиқарувчи ва ўз навбатида, мис ҳамда ушбу металлдан тайёрланган маҳсулотларни ички-ташқи бозорларга етказиб берувчи ҳисобланади. Комбинат маҳсулотлари миллий ва халқаро бозорларда юқори баҳоланади.

    — Ҳозирги вақтда комбинат 18 турдаги экспортбоп, юқори ликвидли маҳсулотларни хорижга сотмоқда, — дейди Олмалиқ КМК металлургия хомашёсини сотиш ва таъминлаш бошқармаси бошлиғи Комил Бадалов. — Улар ичида мис асосийсидир. Бугунги кунда комбинатимиз мис ишлаб чиқариш ҳажми бўйича Россия ва Қозоғистондан кейинги учинчи ўринда туради. Корхона йилига 148 минг тоннага яқин мис ишлаб чиқаради, шундан 70 минг тоннаси экспортга жўнатилади. Шунингдек, хорижлик истеъмолчиларга молибден, рений, рух, кадмий, вольфрам, палладий ва бошқа нодир металлар етказиб берилади. Сурхондарё вилоятида жойлашган Шеробод цемент заводи маҳсулотларининг катта қисми ҳам экспорт қилинади. Комбинат жорий йил ва яқин истиқболда экспорт кўрсаткичларини бир неча баробар оширишни мақсад қилган. Бунга эришиш учун бозорнинг ҳозирги конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқариш ва сотувлар ҳажмини ошириш бўйича аниқ лойиҳалар ишлаб чиқилди. Бунда мис ва ундан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилади.

    Жорий йилнинг 7 ойи мобайнида Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан нафақат ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилди, балки маҳсулот экспорти борасида ҳам юқори натижалар қайд этилди. Комбинат маҳсулотлари экспорти географияси йилдан-йилга кенгайиб бораётгани ҳам эътирофга сазовор. Жумладан, маҳсулотлар Туркия, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Болгария, Озарбайжон, Қирғизистон, Украина, Польша, Тожикистон, Индонезия, Нидерландия, Хитой, Туркманистон, Афғонистон каби давлатларга экспорт қилинмоқда. Шунингдек, янги бозорлар — Суринам, Кения, Австралия, Литва, Грузия, Португалия, Канада, Австрия, Испания, Финляндия, Марокаш ва Сингапурга ҳам сотиляпти.

    2022 йил январь-июль ҳолатига комбинат 623 миллион 402 минг долларлик маҳсулот экспорт қилган. Бу борадаги режа 133,5 фоиз бажарилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

    Маҳаллийлаштириш дастури — иқтисодий самарадорлик омили

    Экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган, рақобатбардош, замонавий истеъмол бозори талабларига жавоб берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, шу орқали катта миқдордаги валютани тежаш, маҳаллий хомашё ва минерал ресурслардан фойдаланишда инновацион ёндашувларни кенг татбиқ этиш мамлакатимиз саноат корхоналари олдида турган устувор вазифалар сирасига киради.

    Бугунги кунда комбинатда бу борада ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, асосан, икки йўналиш — корхонада мавжуд ва янги қувватларда импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар ва тадбиркорлик субъектлари билан кооперация алоқаларини кенгайтириш ҳисобига олиб борилмоқда. Президентимизнинг 2022 йил 24 январдаги “Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 2022 йилда 97 лойиҳа доирасида импорт ўрнини босувчи маҳаллийлаштирилган 208,7 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича тармоқ жадвали тасдиқланган. Ушбу қарор ижроси бўйича май ойидан бошлаб яна 28,2 миллиард сўмлик 11 та янги лойиҳанинг тармоқ жадвали тасдиқланиб, маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши бошланди.

    Жорий йил январь-июль ойларида маҳаллийлаштириш дастури доирасида режалаштирилган лойиҳалар бўйича 129,2 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланиши белгиланган бўлса, амалда 162 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бу режага нисбатан 125,4 фоиз, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса 143,1 фоиз ортиқдир. Йил якунига қадар қарийб 270 миллиард сўмлик ёки режага нисбатан 113,9 фоиз маҳсулот ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Бунда импорт ўрнини босиш самарадорлиги 24,5 миллион долларни ташкил этади. Барча лойиҳалар бўйича режа кўрсаткичлари бажарилишига эришилди ва 516,3 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

    Ҳозир комбинат ёрдамида Олмалиқ шаҳрида лойиҳа қиймати 115 миллиард сўм бўлган Олмалиқ қуюв механика заводи учун ажратилган ерда зарур бинолар қурилмоқда. Октябрь ойида ишга туширилиши режалаштирилган корхонада кооперация асосида йилига импорт ўрнини босувчи 200 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш имкони яратилади, 200 дан зиёд янги иш ўрни очилади.

    Бир сўз билан айтганда, комбинатда бугун улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ёшлик кони нафақат мамлакат саноати, балки жаҳон рангли металлургиясининг локомотив лойиҳаларидан бирига айланади. Мегалойиҳа эвазига Олмалиқ кон-металлургия комбинати жаҳонда тоғ жинсларини қазиш бўйича 16-ўриндан, маъданни қайта ишлаш ҳажми бўйича 25-ўриндан 1-ўринга кўтарилади. Мис ишлаб чиқариш бўйича эса яқин йиллар ичида энг гигант ишлаб чиқарувчиларнинг кучли ўнлигига киради.

    Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates