Қўшилган қиймат яратиш вақти келди

    Бугунги кунда хусусий сектор томонидан кимё тармоғида 2 миллиард долларлик 15 та лойиҳани амалга оширмоқда. Уларнинг 5 таси яқинда ишга тушди.

    Кейинги йилларда мамлакатимиз иқтисодиётининг деярли барча тармоқларида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва соҳаларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида ислоҳотлар фаол амалга оширилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан кимё саноатида ҳам ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, юқори қўшилган қийматли экспортбоп кимё маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қаратилган инвестиция лойиҳалар ижроси таъминлаб келинмоқда.

    Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 25 октябрдаги ”Ўзбекистон республикасида кимё саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тармоқ келажагига замин яратди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Унда, энг аввало, углеводород хомашёсини ва минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш асосида иқтисодиёт тармоқларида ва жаҳон бозорида талаб катта бўлган кимё маҳсулотлари турларини кенгайтириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва фаолият юритаётганларини модернизация қилиш вазифалари белгилаб берилди.

    Ўтган йил 13 февраль куни Президентимиз томонидан имзоланган “Кимё саноати корхоналарини янада ислоҳ қилиш ва молиявий соғломлаштириш, юқори қўшилган қийматли кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида эса, тармоқни трансформация қилишнинг узоқ муддатли асосий муҳим йўналишларига эътибор қаратилди. Унга мувофиқ, 2021 йилдан янги ишлаб чиқариш қувватларини яратишда асосан хусусий, шу жумладан, хорижий инвесторлар ва технологик шерикларни жалб қилишни назарда тутувчи “Кимё ва газ-кимё саноатида технологик кластерларни яратиш бўйича очиқ ҳамкорлик дастури” жорий этилди. Умумий қиймати 1 176 миллион АҚШ долларга тенг, шундан 700 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобидан молиялаштириладиган 2021–2025 йилларда кимё корхоналарида ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, мавжуд хомашё базасидан самарали фойдаланиш орқали юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотлар тайёрлашга қаратилган 16 та янги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган.

    Давлатимиз раҳбари ўтган йил баҳорида тармоқда амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти билан танишиш жараёнида олдинда турган вазифаларни таҳлил этар экан, ”Кимё саноатига жуда катта маблағ бердик. Энергия самарадорлиги жиҳатидан технологиялар янгиланди. Энди бу тармоқ қўшилган қиймат берадиган вақт келди. Жуда катта имкониятлар бор. Агар ҳар бир йўналиш бўйича миқдорини, сифатини, нархини жой-жойига қўйсак, экспорт 5-6 баробар ошади”, — деган эди.

    Ҳақиқатан, мазкур вазифаларнинг босқичма-босқич амалга оширилиши асосий мақсад-марраларга эришишни тобора яқинлаштириб келмоқда. Хусусан, охирги 3 йилда ишлаб чиқариш 1,5 баравар, экспорт эса 2 баравар ошди. Жумладан, 2021 йилда “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан умумий қиймати 58,6 миллион долларлик 8 та янги ишлаб чиқариш қуввати барпо этилиб, 11 та янги турдаги кимё маҳсулотиини ўзлаштириш эвазига йилига қўшимча 450 миллиард сўмлик товар маҳсулоти ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Асосийси, илгари сурункали зарар билан ишлаган бу тармоқ ўтган йилни 1,6 триллион сўм соф фойда билан якунлаган.

    Жорий йилнинг 8 ойида 1 миллион тоннадан зиёд минерал ўғит ишлаб чиқарилди. Экспорт қарийб 2 баравар кўпайиб, 330 миллион долларга етди. Яна бир муҳим жиҳати, соҳага инвесторларнинг ишончи ортиб, сармоя киритишни бошлади. Бугунги кунда хусусий сектор томонидан кимё тармоғида 2 миллиард долларлик 15 та лойиҳани амалга оширмоқда. Уларнинг 5 таси яқинда ишга тушди.

    Президентимиз шу йил 21 сентябрь куни кимё саноатида эришилган асосий кўрсаткичлар ва режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти билан танишар экан, соҳани юқори қийматли маҳсулот ишлаб чиқарадиган тармоққа айлантириш бўйича ҳали қилинадиган ишлар кўплигини, корхоналарни хомашё билан таъминлаш ва технологик янгилаш, кимё кластерлари ташкил этиш, ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

    Агар рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, Айни кунда умумий қиймати 2,1 миллиард доллор бўлган 17 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Жорий йил якунигача 403,2 миллион долларга тенг бўлган сармояларни, шундан 363,6 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, 9 та лойиҳани ишга туширишимиз лозим. Бу, ўз навбатида, экспортни 450 миллион долларга етказишни, 347 та янги иш ўрни яратилишини таъминлайди.

    Умуман олганда,“Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан ҳозирда элликка яқин янги лойиҳани амалга ошириш устида иш олиб бормоқда. Бу жараёнда уларни хусусий инвестициялар иштирокида амалга ошириш устуворлик касб этади.

    Маълумки, давлатимиз раҳбари ўтган йил 27 август куни “Навоиазот” АЖда поливинилхлорид корхонасининг иккинчи босқичи қурилишига таъмал тоши қўйган эди. 400 миллион доллар қийматга эга бўлган ушбу лойиҳа поливинилхлорид ишлаб чиқариш қувватини йилига 220 минг тоннага, каустик содани эса 165 минг тоннага етказиш имконини беради. Шу тариқа электротехника, мебелсозлик, қурилиш материаллари саноати, маиший кимё ва бошқа соҳаларда йилига талаб юқори бўлган 210 миллион долларлик маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Уни 2023 йилда ишга тушириш мўлжалланган.

    Келгусида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Навоий ва Фарғона вилоятларида юқори қийматли товарлар ишлаб чиқаришга қаратилган 4 та технологик кимё ва газ-кимё кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Улардан биринчиси “Навоийазот” АЖда умумий қиймати 5,3 миллиард доллар бўлган 31 та лойиҳа татбиқ этилади. Кластер доирасида 36 турдаги юқори қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Хусусан, кимё, чарм, мебелсозлик ва қурилиш материаллари саноати учун гидроксипропил-метил целлюлоза, полипропилен, винилацетат, акрилонитрил тола, метил хлорид, калий гидроксид, полиоксиметилен ва кальций нитрат каби маҳсулотларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.

    “Фарғонаазот” АЖ негизида ишга тушириладиган иккинчи кластерда лак-бўёқлар, мебель учун меламин, тўқимачилик саноати учун сунъий толалар ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

    Учинчи кластер Қорақалпоғистон Республикасида, Устюрт ҳудудида олтита лойиҳа жойлаштирилади. Умумий қиймати 1,5 миллиард доллордан ортиқ маблағ сарфланадиган бу қувватларда кальцийланган ва каустик сода, поливинилхлорид ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

    Тўртинчи кластер Тошкент вилоятида ташкил этилади. Унда моноаммоний фосфат, олтингугуртли карбамид, бошқа фосфорли ва азотли минерал ўғитлар, протеин ҳамда ювиш воситалари тайёрланади.

    Етакчи корхоналардан бири ҳисобланган “Қўнғирот сода заводи” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонада 2022-2025 йилларда кальцийланган сода ишлаб чиқаришни йилига 450 минг тоннага етказиш бўйича йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Ўтказилган тендер якунига кўра, Россиянинг “Салюс” компанияси ғолиб, деб топилган эди. Пудратчи айни кунда қурилиш майдонинг гидрогеология ишларини якунига етказди.

    Лойиҳанинг ишга туширилиши билан корхонада ишлаб чиқариш кўлами кенгайиши, соф фойданинг ошиши, 250 та янги иш ўрни яратилиши назарда тутилган. Корхонага туташ жойжа ишчилар учун янги турар жой бинолари, ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари, автомобиль йўллари қурилиб, ишчи-ходимлар уй-жой билан таъминланади.

    Қўнғирот туманида яна бир лойиҳа қиймати 3 миллион доллар бўлган кимё логистика марказини ташкил этиш ишлари ҳам олиб бориляпти. 7,1 гектарни эгаллайдиган марказда 9 та омбор қуриляпти. Уларда 60 тонна хлорли калий, 50 минг тонна карбамид, 25 минг тонна селитра сақлаш имконияти мавжуд бўлиб, Европа ва Яқин Шарқ мамлакатларига экспортни амалга ошириш учун платформа майдончаси вазифасини ўтайди.

    Яқинда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган ШҲТ саммити доирасида “Ўзкимёсаноат” АЖ ва Хитойнинг “China CAMC Engineering Co., LTD” компанияси билан мамлакатимиз ҳудудида кимё саноати соҳасида қатор истиқболли лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш тўғрисида битим имзолаш маросими бўлиб ўтди. Эришилган келишувларга кўра, томонлар сирка кислотаси ва унинг ҳосилалари, винил-ацетат, монохлоратсетик кислота ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш назарда тутилган 120 миллион долларлик лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилинади.

    Олдимизда турган вазифалар кўлами катта. Энг аввало, қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ва уларни экспорт қилишга катта эътибор қаратишимиз лозим. Шу боис Чирчиқдаги “Аммофос-Максам" АЖни қўшимча хомашё билан таъминлаш эвазига режадигидан кўра, соф ҳолда 5 минг тонна кўп фосфорли ўғитлар ишлаб чиқариш, "Indorama Fertilizer" корхонасида минерал ўғитлар тайёрлашни 190 минг тоннага, “NPK” заводида бу миқдорни 75 минг тоннага етказиш, "Дехқонобод калий заводи" АЖда мукаммал таъмир ишларини якунлаш ҳисобига кунлик ишлаб чиқаришни 350 тоннага ошириш чоралари кўриляпти.

    Айни пайтда юртимиз бозорида ҳамиша талаб юқори бўлган маиший кимё воситаларининг катта қисми импорт ҳисобидан қопланмоқда. Маҳаллий маҳсулотларнинг ўрнини ошириш учун хомашёни кўпайтиришимиз ва маҳсулотлар сифатини оширишимиз керак. Шу боис бу йўналишда хусусий секторга кенг ўрин берилиб, уларни хомашё билан таъминлаш, халқаро брендларни олиб келиш бўйича ҳам ишлар кўлами тобора кенгайиб боради.

    Табиийки, ҳар бир йўналишдаги лойиҳаларда маҳсулотлар сифати ва таннархи замонавий технологиялар орқали таъминланса, турган гапки, экспорт ҳажми ҳам 5−6 баробар ошади, унда асосий ўринни юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар эгаллайди.

    Жўрабек МИРЗАМАҲМУДОВ,

    "Ўзкимёсаноат" АЖ бошқаруви раиси

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates