Малайзия компанияси Ўзбекистон билан бир қатор соҳаларида ҳамкорлик қилмоқчи

    Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг «Hextar Global» компанияси қароргоҳига ташриф буюрди ва компания раҳбари Эрван бин Тахир билан учрашув ўтказди.

    Мулоқот давомида «Hextar Group» компаниялар гуруҳи ва «Hextar Global» компанияси билан ўзаро ҳамкорликни ўрнатиш масалалари муҳокама этилди.

    Малайзия вакилига Ўзбекистонда инвесторлар учун қулай бизнес муҳити шаклланганлиги, жумладан республикада фаолият кўрсатаётган эркин иқтисодий зоналарда тадбиркорлар учун бир қатор солиқ ва божхона тўловлари ҳамда инфратузилмага уланиш бўйича қатор имтиёзлар берилаётгани, хорижий инвесторларга ўз бизнес лойиҳасини қисқа муддатларда рўйхатдан ўтказиш учун «ягона дарча» тизими яратилгани тўғрисида батафсил маълумот берилди.

    Шунингдек, Малайзия томонига Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида кимё саноати соҳасида истиқболли инвестиция лойиҳаларини ҳамкорликда амалга ошириш таклифлари ўрганиб чиқиш учун тақдим этилди.

    Эрван Тахир, ўз навбатида, дунёда глобаллашув шиддат билан кетаётган бир шароитда компаниянинг бошқа мамлакатларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали бизнес кўламини янада кенгайтириш режалари билан ўртоқлашди. Компания вакили Ўзбекистонда давлат хусусий шерикчилик асосида лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш, жумладан гидроэлектр ва шамол электр станциялари каби қайта тикланувчи энергия ҳамда телекоммуникация соҳаларидаги лойиҳаларга хусусий шерик сифатида сармоя киритиш таклифларини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.

    Учрашувда «Hextar Group» компаниялар гуруҳи томонидан «Ўзкимёсаноат» АЖ билан кимё саноати ҳамда Энергетика вазирлиги билан «яшил энергия» соҳаларида ҳамкорлик қилиш имкониятларини ўрганиб чиқиш ва компания вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишилди, деб хабар беради «Дунё» АА.

    Ўзбекистон элчиси, шунингдек, «Hextar Global» компаниясига қарашли «Chempro Technology» корхонаси фаолияти билан танишди.

    «Hextar Group» компаниялар гуруҳи 1985 йилда ташкил этилган. Гуруҳ халқаро миқёсдаги конгломерат бўлиб, таркибида кимё, энергетика, телекоммуникация соҳаларидаги 8 та йирик корхонани жамлаган. «Hextar Global» компанияси ҳам «Hextar Group» компаниялар гуруҳи таркибига киради. Мазкур компания кенг турдаги кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи 15 та корхонани ўз ичига олади.