Учрашув давомида корпорация раҳбарияти компаниянинг фаолияти, углеводород хомашёсини қайта ишлаш, полимер маҳсулотлари, кимёвий моддалар, ўғитлар ва турли конструкцияларни барпо этиш учун материаллар ишлаб чиқариш соҳасида эришган ютуқлари, шунингдек, турли йўналишларда ўзининг инновацион ишланмаларини жорий қилиш ҳамда компанияни ўрта ва узоқ муддатли истиқболда янада ривожлантириш режалари тўғрисида тақдимот ўтказди.
Маълумот учун: SABIC Industrial Corporation (Saudi Arabia Basic Industries Corporation) 1976 йилда Саудия Арабистонида ташкил топган. SABIC бу оралиқ маҳсулотлар ва полимерлар, ўғитлар, фаол кимёвий моддалар ва металларни ишлаб чиқарадиган кўп тармоқли концерндир. SABIC гуруҳи полиэтилен ишлаб чиқариш бўйича дунёда учинчи ўринда, полиолефинлар ишлаб чиқариш бўйича тўртинчи ўринда ва полипропилен бўйича эса тўртинчи ўринда. Корпорация, шунингдек, дунёдаги энг йирик метил-трет-бутил эфир, поликарбонат, полифенилен ва полиэфир имид ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади.
Мулоқот чоғида компания стратегияси юқори технологияли ва харидоргир маҳсулотлар яратиш мақсадида хом ашё ва табиий ресурсларни чуқур қайта ишлашга қаратилган Ўзбекистон давлат саноат сиёсатига мос келадиган юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга асослангани таъкидланди.
Томонлар Ўзбекистонда МТО (метанолдан олефинларга) ва МТР (метанолдан пропиленга) технологияларидан фойдаланган ҳолда инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек кимёвий ўғитлар ишлаб чиқарувчи янги саноат қувватларини яратиш лойиҳаларини назарда тутган ҳолда амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш борасида навбатдаги тадбирлар белгиланди.