Қуйидагилар, 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган болаларни пуллик хизмат кўрсатиш шаклида мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилишда амал қилади:
Ушбу тартиб 3-7 ёшли болалар навбатда турган давлат мактабгача таълим ташкилотларига қўлланилмайди.
Мактабгача таълим ташкилотларида ташкил этилган Илк ривожланиш гуруҳлардаги болалар учун тўлов тегишли мактабгача таълим туман (шаҳар) бўлинмаси билан ташкилот директори томонидан келишилган ҳолда тасдиқланган прейскурант нархлар асосида амалга оширилади.
Илк ривожланиш гуруҳлари тарбияланувчилари ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи қонуний вакили билан тузиладиган шартнома бола қабул қилинган куни ўрнатилган тартибда ташкилот директори томонидан тузилади.
Илк ривожланиш гуруҳларда тарбияланаётган бола 3 ёшга тўлган кундан бошлаб ота-она билан тузилган шартнома бекор қилинади ва ўрнатилган тартибда ташкилот директори томонидан расмийлаштирилади.
Мактабгача таълим ташкилотида 3-7 ёшли болаларга мўлжалланган гуруҳ ташкил қилиш учун «Болалар боғчаси» ахборот тизимида гуруҳни тўлдиришнинг энг кам миқдоридаги болалар сонига тенг навбат шаклланган ойнинг якунида Илк ривожланиш гуруҳлар фаолияти тўхтатилади ва бу ҳақда боланинг ота-онаси ёки унинг ўрнини босувчи қонуний вакили хабардор қилинади.
Бундан ташқари, мактабгача таълим ташкилотлари томонидан дам олиш кунларида ва иш куни тугагандан кейин қуйидагиларни назарда тутувчи Илк ривожланиш гуруҳлари ташкил қилиш мумкин:
- дам олиш кунлари ва мактабгача таълим ташкилотида иш куни якунлангандан кейин болани парваришлаш, унга қараб туриш;
- мактабгача таълим ташкилотининг ўқув дастуридан ташқари спорт-соғломлаштириш ва бошқалар.
Шу билан биргаликда, илк ривожланиш гуруҳлари мактабгача таълим ташкилотларидаги фойдаланилмаётган ва жиҳозланган хоналарида ташкил этилади.
Мактабгача таълим ташкилотларидаги Илк ривожланиш гуруҳларга болалар уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг ва бола соғлиғи ҳолати тўғрисидаги тиббий хулоса асосида қабул қилинади.
Илк ривожланиш гуруҳларида болаларнинг сони 20 нафардан ортиқ бўлишига йўл қўйилмайди.
Болаларни бола қонуний вакилининг аризаси ва тиббий кўрсатмалар асосида Илк ривожланиш гуруҳлардан чиқариб юбориш мактабгача таълим ташкилоти директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
Илк ривожланиш гуруҳлардаги таълим-тарбия жараёнининг мазмуни Ўзбекистон Республикасида Илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талаблари ҳамда мактабгача таълим ташкилотининг «Илк қадам» давлат ўқув дастурига ҳамда мувофиқ ишлаб чиқилган мактабгача таълим ташкилоти дастурида белгилаб берилади.
Илк ривожланиш гуруҳларда болалар билан машғулотларни ташкил этишда ўқув юкламаси бир ҳафталик таълим юкламасининг энг кўп рухсат этилган ҳажмидан ва машғулотларнинг энг кўп рухсат этилган сонидан ошмаслиги керак.
Илк ёшли гуруҳга тарбияланувчилари учун тўловлар тижорат банклари орқали нақд пулда, пластик карточкада, электрон тўлов шаклда ёки пул ўтказиш йўли билан нақд пульсиз шаклда тўланади. Бунда, тўловнинг амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси мактабгача таълим ташкилотига тақдим этилади (электрон тўлов бундан мустасно).
Илк ривожланиш гуруҳларда кўрсатиладиган хизматлар учун тарбияланувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан 100 фоиз миқдорда олдиндан тўлов амалга оширилади.
Илк ривожланиш гуруҳларда кўрсатиладиган хизматлар учун ҳисоб-китоблар тарбияланувчиларнинг давомат табели асосида ҳақиқий қатнаган кунларига мувофиқ амалга оширилади.
Илк ривожланиш гуруҳларнинг тарбиячи, педагог ва ходимлари меҳнатига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳақ тўланади.
Давлат мактабгача таълим ташкилотлари Илк ривожланиш гуруҳларни ташкил этиш пайтида ўзига бириктирилган ҳамда бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига харид қилинган асосий воситалардан фойдаланишлари мумкин.
Алоҳида қайд этиш жоизки, давлат мактабгача таълим ташкилотига бюджетдан ташқари қўшимча маблағларнинг жалб этилиши бюджетдан молиялаштиришнинг камайишига сабаб бўлмайди.
Мазкур йўриқнома талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади, деб хабар беради Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати.