Муаммоларга маҳалланинг ўзида ечим топилмоқда

    Президентимиз ташаббуси билан 22 март юртимизда маҳалла тизими ходимлари куни этиб белгиланган. Анъанавий тарзда нишонланаётган ушбу байрам яшариш ва янгиланиш, меҳр-оқибат айёми – Наврўз тантаналари давом этаётган шукуҳли кунларга тўғри келишида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор.

    Ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янги босқичга кўтариш орқали фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу тамойил асосида маҳалланинг ўрни ва нуфузини юксалтириш борасидаги ислоҳотлар бугун ўз самарасини бермоқда.

    Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимиз кенг кўламли ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, аҳолини ижтимоий қўллаб­қувватлаш борасидаги катта хизматлари, халқимиз орасида ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, кўп асрлик анъаналаримизни асраб­авайлаш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ҳамда оилаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, фарзандларимизни она Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун давлат мукофотлари билан тақдирланди.

    Менинг ҳам камтарона хизматларим юксак баҳоланиб, “Шуҳрат” медалига лойиқ кўрилдим. Бу мукофот зиммамизга катта масъулият юклади.

    Бугун Тошкент вилоятининг 1020 та маҳалла фуқаролар йиғинида шунча ҳоким ёрдамчиси фаолият юритмоқда. Улар уйма-уй юриб, ҳар бир хонадон ҳолатини ўз кўзи билан кўриб, иқтисодий аҳволни таҳлил қилмоқда. Бу эҳтиёжманд ва боқувчисини йўқотган оилалар, ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш, айниқса, ёшлар, хотин-қизларни ишга жойлаштириш ҳамда имтиёзларнинг тўғри ва шаффоф етказилишида муҳим аҳамият касб этаётир.

    Тараққиёт стратегиясида кўзланган мақсадлар самараси Тошкент вилояти Нурафшон шаҳридаги “Чиғириқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшаётган оддий одамлар ҳаётига ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Буни ижтимоий-иқтисодий муаммоларни жойида ҳал этиш, давлат органлари билан тўғридан-тўғри алоқани таъминлаш, маҳалладан давлат идораларига мурожаат қилиш тизимини яратиш, маҳаллаларнинг “ўсиш нуқталари”ни қўллаб-қувватлаш, ҳоким ёрдамчиси институтининг самарали фаолиятини йўлга қўйиш каби бир қатор муҳим жиҳатларда кўриш мумкин.

    Айни пайтда маҳалламизда 1600 га яқин киши истиқомат қилади. Улар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, “Онлайн маҳалла” электрон платформасига киритилди. Яқин-яқингача маҳаллада ишсизлик даражаси юқорилиги боис, ёшлар орасида жиноятчилик, оилавий ажралишлар сони нисбатан юқори эди.

    Одамларнинг иқтисодий фаровонлиги ошгани, меҳнат билан банд бўлгани ҳисобига маҳаллада бу йил жиноятчилик умуман юз бермади, ажрашиш ҳам бўлмади. Сабаби, ёшлар ҳам, ўрта ёшдагилар ҳам иш билан банд. Иш билан банд бўлмаганлари ҳунар ўрганяпти ёки бирор касбга йўналтириляпти.

    Мана, ҳозир айни экин-тикин пайти. Маҳаллада аҳолининг 18 гектардан ошиқроқ томорқа майдони бор. Улар авваллари бир марта ҳосил олган бўлса, тажрибали деҳқонлар тушунтириш ишлари олиб бориши натижасида энди уч-тўрт мартадан ҳосил олиб, даромад топяпти. Кимдир қалампир, кимдир бақлажон, яна кимдир ловия эккан. Бошқаларида эса иссиқхона бор. Қисқаси, бўш томорқанинг ўзи йўқ. Буларнинг таг замирида меҳнат ва унинг орқасидан келадиган иқтисодий даромад ётибди.

    Агар ўтган йиллар мисолида кўрадиган бўлсак, фуқаро мурожаат билан ҳокимликка борган, бугун эса маҳаллага келяпти. Ҳоким ёрдамчилари ташкилотларни бевосита маҳаллага чақириб, аҳоли муаммоларини биргаликда ечяпти. Натижада фуқаролар мурожаатлари ўтган йилдагига нисбатан 50 фоиз қисқарди.

    Ўзим тадбиркорман. Шу боис, аҳолини ҳам тадбиркорликка ундаб келаман. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида “Онлайн маҳалла” платформаси орқали жами 48 та лойиҳага ижобий тавсиянома олишга эришдик. Шунингдек, биргина ўтган йили 25 та янги субъект ташкил этилди, 4 оилага субсидия асосида иссиқхона қуриб берилди. Қизиқиши ва хоҳиши бор хотин-қизларга субсидия асосида тикув машиналари олиб берилди.

    Бир сўз билан айтганда, ҳали олдимизда бажарилиши муҳим бўлган қатор вазифалар бор. Бизга яратиб берилган имконият ва билдирилган юксак ишонч эса ана шу йўлда барчамизга куч-ғайрат бағишлайди.

    Одилжон ОТАУЛЛАЕВ,

    Нурафшон шаҳридаги

    “Чиғириқ” МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates