Қўмита раиси Қ.Бурхоновнинг сўзларига кўра, ўтган давр мобайнида 15 та қўмита мажлиси ўтказилиб, уларда 63 та масала кўриб чиқилган. Жумладан, 10 та қонун, 5 та Сенат қарори, 4 та ахборот, 4 та ҳисобот ва Вазирлар Маҳкамасига 1 та парламент сўрови юбориш ҳамда 1 та парламент сўрови натижалари ҳақидаги масала муҳокама этилган.
Таъкидланганидек, Қўмита қонунчилик фаолияти доирасида Сенат ялпи мажлисларида 9 та қонунни маъқуллаш ва 1 та қонунни рад этиш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.
Назорат-таҳлил фаолияти доирасида Қўмита томонидан 14 та тадбир ўтказилди. Хусусан, ички ишлар, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирлари ҳамда Миллий гвардия қўмондонининг ахборотлари эшитилди. Шунингдек, Давлат дастурининг ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботлари, автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.
Бундан ташқари, ИИВ томонидан Сенатга киритилган ахборотда қайд этилган ҳолатлар, хусусан, ҳуқуқбузарликлар олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати юзасидан ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар, соҳада учраётган, шунингдек, фуқароларни ўйлантираётган муаммолар билан яқиндан танишиш мақсадида Қўмита аъзолари, вилоят ИИБ, Миллий гвардия, прокуратура ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари иштирокида Қашқадарё, Андижон ва Наманган вилоятларида ўрганишлар олиб борди.
Қўмита томонидан бир қатор қонунлар ижроси юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Навоий вилоятларида ўрганишлар олиб борилди.
Шу билан бирга, Қўмита томонидан бир қатор халқаро илмий конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари ўтказилди.
Шунингдек, Қўмита аъзолари халқаро ҳамкорлик доирасида ташкил этилган бир қатор тадбирларда иштирок этди.
Бундан ташқари, Қўмита аъзолари 2022 йил давомида Сенат ялпи мажлисларида муҳокама этилган қонунлар ва бошқа масалаларнинг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш мақсадида доимий равишда тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб борди.
2022 йилда Қўмита аъзолари томонидан жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 6 мингдан зиёд ёзма мурожаатлар кўриб чиқилди. Назоратга олинган ва юборилган 905 та мурожаатдан 165 таси ижобий ҳал этилди.
Сайловчиларни ташвишга солаётган муаммоларни чуқур ўрганиш ва улар ечими юзасидан зарур чораларни кўриш мақсадида 415 та учрашув ўтказилиб, кўтарилган муаммоларни жойида ҳал қилиш чоралари кўрилган. Қўмита аъзолари томонидан Сенат биносида ва ҳудудларда жами 4 309 нафар фуқаро қабул қилинди. Шунингдек, тегишли ҳудуд ва сайловчилар манфаатларига тааллуқли муаммоларни ҳал этиш борасида жами 11 та сенатор сўрови юборилган. Натижада ҳудудларда аҳолини қийнаб келаётган ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси, йўл қурилиши ва давлат эҳтиёжида бузилган уйлар учун ажратилган ер майдонларига коммуникация тармоқларини ўтказиб берилиши билан боғлиқ муаммолар ҳал этилди.
Бундан ташқари, Қўмита ташаббуси билан Тошкент вилояти Ўртачирчиқ тумани «Чангтепа», «Туркистон» ва «Бешбой» маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича тегишли ишлар олиб бориляпти. Жумладан, «Чангтепа» МФЙ да қурилиш-монтаж ишлари олиб бориляпти. Ушбу лойиҳа доирасида ҳудудда жами 4,7 миллиард сўм ҳисобидан 9,6 километр ичимлик суви тармоқлари ва 1 та иншоот қурилиши режалаштирилган бўлиб, объектда сув минорасини ўрнатиш ва хонадонларни тармоққа улаш ишлари якунига етказиляпти.
Мажлис якунида Қўмитанинг 2023 йил биринчи ярмига мўлжалланган иш режаси ҳам қизғин муҳокама этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.