Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ҳимоя қилиш бўйича парламент сўрови юборилди

    Сенатнинг эллик биринчи ялпи мажлисида Вазирлар Маҳкамасига муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг сифат таркибини яхшилаш, улардаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш ҳамда кадастрини юритиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.

    Қайд этилганидек, юртимизда экологик ҳолатни яхшилаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга ошириляпти. Иқлим ўзгаришига қарши курашиш, унинг салбий оқибатларини юмшатиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни кенгайтириш устувор вазифага айланди.

    Таъкидланганидек, мамлакатимизда соҳани бошқарувчи ва тартибга солувчи мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилган.

    Амалга оширилган ишлар натижасида республикада муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар умумий майдони 6,321 миллион гектарга етказилиб, улар мамлакат ҳудудининг 14,08 фоизини ташкил этяпти.

    Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда эса Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ҳайвонлар (умуртқали) турларининг 83 фоизи ва ўсимлик турларининг 89 фоизи қамраб олинган.

    Муҳокама жараёнида сенаторлар томонидан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда биохилма-хилликни асраш, уларнинг сифат таркибини яхшилаш, ўсимлик ва ҳайвонот олами вакиллари кадастри юритилишида айрим масалалар мавжудлиги таъкидлаб ўтилди.

    Жумладан, аҳоли томонидан ноқонуний тарзда чорва моллари боқилиши ва бошқа салбий омиллар сабаб муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг умумий биомассаси сийраклашган.

    Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг биологик хилма-хиллиги, деградация жараёнлари, уларнинг хўжалик имкониятларини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари талаб даражасида эмас.

    Инқирозга учраган майдонларни қайта тиклаш ишлари амалга оширилмаганлиги туфайли шамол ва сув таъсирида тупроқ эрозияси кучайиб, чўлланиш, чанг-тўзонларнинг ҳосил бўлиши сурункали тус оляпти.

    Сўнгги йилларда турли табиий ва антропоген омиллар туфайли ҳайвонот ва наботот олами турлари сони камайиб, яшаш муҳитларидаги аҳвол янада кескинлашяпти.

    Айрим муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ўрнатилган тартиб-қоидалар (режим) бузилиши, жумладан, браконерлик, ноқонуний қурилишлар ҳамда чорва моллари боқилиши оқибатида ёввойи ҳайвон ва ўсимликларга зарар етказиляпти. Аксарият ҳолларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилинмаяпти.

    Соҳада мутахассислар тайёрлаш тизими етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги боис, малакали кадрлар етишмовчилиги юзага келган.

    Юқоридагилардан келиб чиқиб, сенаторлар муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда биологик хилма-хилликни сақлаш ҳамда улардан оқилона фойдаланишга йўналтирилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши, браконерлик, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси контрабандаси, ноқонуний қурилишларни олдини олиш, чорва молларини боқиш, кадастр маълумотларини шакллантириш ва таҳлил қилиш, соҳани рақамлаштириш лозимлигини таъкидладилар.

    Шунингдек, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонларини янада кенгайтириш, улардан самарали фойдаланиш, ижара муносабатларини такомиллаштириш, давлат-хусусий шериклик қоидаларини жорий этиш, ёнғин хавфсизлигини кучайтириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалий чоралар самарадорлигини ошириш зарурлигига эътибор қаратдилар.

    Муҳокама якунида Ҳукуматга муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг сифат таркибини яхшилаш, улардаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш ҳамда кадастрини юритиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан парламент сўровини юбориш тўғрисида Сенат қарори қабул қилинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates